Америкалик афсонавий боксчи, супероғир вазнда собиқ мутлақ жаҳон чемпиони Майк Тайсон ҳамда блогер-боксчи Жейк Пол ўртасидаги жанг ноябрь ойида бўлиб ўтади.
Тайсон ва Пол жанг олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди. Бокс афсонаси Майк Тайсон Жейк Полни нокаутга учратишни режалаштираётганини айтиб ўтди.
“Жанг бўладими? Ҳа, албатта, ахир биз шу ердамиз-ку. Полни нокаутга учратишга тайёрланяпман.
Ютубер тарихдаги энг буюк боксчи билан жанг қилмоқчи (кулади)”, — дейди Майк.
Жейк Пол эса Тайсоннинг боксчилик фаолиятига нуқта қўймоқчилигини маълум қилди.
“Бу Тайсон учун оғриқли сабоқ бўлади. У менинг бокс билан шуғулланишимга сабабчи бўлганини доим таъкидлайди. Хўш... Мен эса унга кўрсатиб қўяман” — деб ёзади блогер Жейк Пол.
Тайсон—Пол жанги 15 ноябрь куни АҚШнинг Арлингтон шаҳридаги А&Т аренасида бўлиб ўтади.
Дастлаб, жанг 20 июлда бўлиб ўтиши айтилганди. Майк Майамидан Лос-Анжелесга учаётган вақтида тиббий хизмат ходимларига мурожаат қилган. Қўнишга 30 дақиқа қолганда спортчи ошқозон ярасининг очилиб кетиши оқибатида боши айланган ва ўзини жуда нохуш ҳис қилган.
Дастлаб жанг қолдирилгани айтилганди. Бироқ ташкилотчилар уни бошқа санага кўчиришни маъқул топди.
Тайсон ўз фаолиятини 2005 йилда якунлаган. 1987 йилдан 1990 йилгача у оғир вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони бўлган. Тайсон 58 та жанг ўтказиб, 50 тасида ғалаба қозонган (44 таси нокаут билан) ва 6 тасида мағлубият аламини тотиб кўрган. Унинг иштирокидаги яна иккита жанг ўтказилмаган деб топилган.