Ўзбекистонлик футзалчилар илк марта Қозоғистон чемпионатида легионер сифатида фаолият олиб боришди. Дилшод Ирсалиев, Фарҳод Абдумавлонов, Шуҳрат Тожибоев ва Олег Холмуҳаммедов "БТА Футзал" сафида бронза медалини қўлга киритишди. Дилшод Ирсалиев эса олма-оталиклар сафида 36та гол уриб, жамоанинг энг яхши тўпурари бўлган бўлса, чемпионат тўпурарлари орасида 5-ўринни эгаллади.
Дилшод юртимизга қайтиб, "Ардус" сафида Ўзбекистон чемпионатининг сўнгги ҳал қилувчи баҳсларида иштирок этди. Финал баҳслари бошланиши олдидан эса у билан суҳбатлашдик.
— Дилшод, Қозоғистон чемпионатида қўлга киритилган бронза медаль билан табриклайман. Одатда, сиз Ўзбекистонда фақат олтин медалларни қўлга киритиб ўрганиб қолгансиз, бу сафарги совринни қандай қабул қилдингиз?
— Хурсандчилик билан қабул қилдим. Боиси, медаллар учун давогар бўлган 3та жамоада бразилиялик футзалчилар ҳаракат қилишади. Чемпионат анча қизиқ кечди ва биз ҳақли равишда 3-ўринни эгалладик деб ўйлайман. "БТА Футзал" ўтган мавсумда омад туфайли бронза медалларини қўлга киритган бўлса, ушбу мавсумда кескин курашларда совринли ўринларга кира олди. Клуб раҳбарияти, жамоа аъзолари ҳам бу йилга натижамиздан, кўрсатган ўйинларимиздан қониқиш ҳосил қилишди.
— Жамоа яна озгина яхшироқ ҳаракат қилганида кумуш медалга ҳам эга бўлиши мумкин эди...
— Чемпионатнинг иккинчи ярмидан рақибларимиз таркибни кучайтиришди. Масалан, "Тулпар" 4 нафар бразилиялик футболчини ўз сафига қўшиб олди. Бизнинг жамоадаги маҳаллий футболчиларнинг айримлари бўшашишди. Улар ўзларига бўлган талабни пасайтириб юборишди. Аслида 3-ўринни қўлга киритишимиз ҳам осон бўлмади. Жамоа олдига кучли учликка кириш вазифаси қўйилганди. Шукрки, буни уддаладик.
— Мавсумда рақиблар дарвозасини 36 марта ишғол қилдингиз? Бу кўпми ёки кам?
— Менимча, чемпионат савиясидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ёмон натижа эмас. Балки бундан ҳам кўпроқ гол уришим мумкин эди. Энг асосийси жамоа ғалаба қозонса бўлгани. Кўпроқ жамоа учун ўйнашга ҳаракат қилдим.
— Умуман, қозоғистонликлар "БТА Футзал" сафидаги ўзбекистонлик ўйинчиларнинг ҳаракатларига қандай баҳо беришди?
— Жамоани кучайтирганимизни айтиб ўтишди. Кўп ўйинларда жамоанинг ғалабаларига ҳисса қўшдик. Жамоада Александр Петров ишлагани ҳам бизга ва жамоага ёрдам берди. Унинг маслаҳатлари билан ўйин услуби, стандарт вазиятлар борасида жамоага янгилик олиб кирилди. Ўзбекистонлик футболчилар жамоада ягона тўртлик бўлиб ўйнадик. Фақат Жавлон Аноров жароҳат олиб қолгани боис, жамоани эрта тарк этди. Чемпионат якунига келиб Олег Холмуҳаммедовнинг оёғи синиб қолди. Сўнгги 7-8та ўйинда у бизга ёрдам бера олмади. Ўйинимиз яхшиланганидан кейин "БТА Футзал"ни қўллаб-қувватлаш учун келган мухлисларнинг сони ошиб борди. "Қайрат" бош мураббийи эса чемпионатда 3-ўринни таркибида бразилияликлар бўлган "СКА-Юг" жамоаси қўлга киритишини кутганини айтди. Бизга бошқа жамоалардан таклифлар бўлди. Ўйинимиз кўп мураббийларга ёққан бўлса керак. Қайси жамоада ўйнашимизни эса кейинроқ ҳал қиламиз.
— Қозоғистон ва Ўзбекистон чемпионатларининг ўткзилиши тизимини таққослаганда, сизга қайси бири кўпроқ ёқди.
— Қозоғистон чемпионати формати ёқди. Ҳар бир жамоа ўз уйида рақиб билан 2 марта ўйнайди. Бир ҳафтада 2та ўйин — бу жуда яхши. Ўйинлар кўп ва ўйинчиларнинг маҳорати ошиб боради. Фақат чемпионатнинг ягона ва энг асосий камчилиги — ҳар бир жамоанинг уй ўйинини ўтказадиган спорт заллари кўп ҳам талабларга жавоб беравермайди. Улар соф футзалча зал эмас. Ҳаттоки, Рудней шаҳрининг “Аят” жамоаси зали эса ўлчамлар бўйича стандартга тўғри келмайди, зал торроқ. Очиғини айтиш керак, Қозоғистонда ўзимизнинг “Ўзбекистон” спорт комплексидек чиройли ва қулай мажмуани кўрмадим.
— Ўзбекистон терма жамоаси март ойининг бошларида Қозоғистон терма жамоаси билан 2та ўртоқлик ўйинини ўтказди ва ҳар иккаласида ютқазди. Ҳақиқатан бу жамоадан кучсизмизми?
— Йўқ, асло кучсиз эмасмиз. Ёдингизда бўлса, Қозоғистонга қарши ўйиндан аввал мамлакатнинг кучли жамоаси — “Қайрат” билан ўйнаб, 6:7 ҳисобида ютқаздик. Ўйин яхши бўлди. Биз ҳаттоки бу ўйинда ютишимиз ҳам мумкин эдик. Кучли рақиб билан тенгма-тенг ўйнаганимиз, “Қайрат”га нисбатан кучсизроқ бўлган Қозоғистон терма жамоасига қарши ўйинда бизни бўшаштирди. Руҳий жиҳатдан хотиржамликка берилдик. Натижада биринчи ўйинда йирик ҳисобда ютқазиб қўйдик. Иккинчи ўйинда тенгма-тенг ўйнадигу, аммо ўйин сўнгида гол ўтказиб юбордик. Ушбу ўйинларда ғалаба қозона олмаганимизга, Рустам Умаровнинг Қозоғистонга бормаганини ҳам сабаб сифатида айтишим мумкин. Асосий дарвозабонимиз бўлганида бизни кўп вазиятларда голдан қутқарган бўларди.
— Кутилмаганда, Қозоғистон чемпионати якунланганидан кейин яна “Ардус”га қайтдингиз...
— Ушбу йилнинг август ойида “Ардус” билан клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида иштирок этамиз. Шунинг учун ҳам “БТА Футзал” билан 1 йиллик шартнома имзолагандик.
Олимхўжа Бўронов суҳбатлашди.