Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Атлетико»: Барқарорлик бор, энди навбат чемпионликками?

Баҳо:
+ | -

Диего Симеоне қўл остида «Атлетико» ажиб барқарорликни намойиш этмоқда.

«Матрасчилар» қаторасига 11 мавсумда маррага совриндор учликда етиб келишди. Тўғри, сўнгги мавсумда жамоа 4-поғонани банд этди. Бироқ муҳими, яна ЕЧЛ йўлланмасини нақд қилди.

Аргентиналик мутахассис даврида «Атлетико» икки марта Ла Лигада зафар қучди ва ҳар гал маррани ҳеч ким кутмаган паллада биринчи бўлиб кесиб ўтди. Энди мухлислар «матрасчилар»дан навбатдаги чемпионликни талаб қилиш учун етарли асосларга эга бўлишди.

Ҳозирда «Атлетико» ёзги дарчада энг қудратли трансфер харидларини амалга оширган жамоа бўлиб турибди. Яъни, номлар бўйича энг қудратли трансфер. Агарда фақат маблағни ҳисобга оладиган бўлсак, «Челси» кўпроқ маблағ сарфлаган. Лекин футболчиларнинг савияси бўйича мадридликлар «кўклар»дан олдиндалар. Айниқса, 2024|25 йиллар мавсуми старт олганини инобатга олганда, албатта. Яқин келажакдаги 4-5 йил ичида «Челси» ўсмирлари ҳам улғайиб, савия бобида ўзиб кетишлари ҳеч гапмас.

«Атлетико»нинг сўнгги трансфер дарчасидаги харидлари қуйидагича:

  •  Конор Галлахер, «Челси»дан 42 млн. еврога. (ҳали эълон қилинмади);
  •  Хулиан Альварес, «Манчестер Сити»дан 75 млн. еврога (20 млн. бонус қўшилиши мумкин);
  •  Робен Ле Норман, «Реал Сосьедад»дан 34,5 млн. еврога;
  •  Александр Сёрлот, «Вильярреал»дан 32 млн. еврога.

Охирги 3та трансферни «Атлетико» расман эълон қилди, Галлахер эса ҳозир Мадридда ва яқин кунлар ичида эълон қилинади. Жамоага, айниқса, кексайиб бораётган ҳимоя марказига таркибни кучайтириш зарур. Бироқ энди мураббий футболчиларни қайси услубда майдонга тушириши тушунарли эмас. Ўзгаришсиз қолиши лозим бўлган ягона жиҳат - 3 нафар марказий ҳимоячи билан ўйнаш. Чемпионат стартидан бир ҳафта аввал жамоа «Ювентус»га қарши ўртоқлик учрашувида шу усулни қўллаганди.

Марказий ҳужумчи ролида Сёрлот майдонга тушди, ҳимояланиш пайтида Антуан Гризманн ярим ҳимоя чизиғининг ўнг қанотида, Самуэл Лино эса чап қанотда тўп суришди. Ваҳоланки, ўтган мавсумда жамоа кўпроқ 5-3-2 тактик схемасида майдонга тушганди. Ажабланарли жиҳати шундаки, ҳатто 2 нафар ҳужумчи билан бўлган ўйинда ҳам Сёрлотнинг асосий таркибдаги ўрни нотабиийдек туюларди. Ваҳоланки, ўтган мавсумда фақат Ла Лига доирасида 23та гол урганди (ҳаммасини ўйиндан урган). Альвареснинг қимматбаҳо трансфери айнан у асосий таркибда тўп суришидан далолат беради. Гризманн билан жуфтликда ўйнаши ҳам мумкин.

Хулиан олдинги чизиқнинг исталган позициясида тўп сура олишига «Сити»даги ўйинлари орқали гувоҳ бўлганмиз. Жумладан, қанотларда ҳам. Боз устига, ўтган мавсумни у кўпроқ қанотларда ўтказди. Демак, ҳужумчи янги мавсумда ҳам марказдан воз кечиши мумкин. Ҳимоя чоғидаги 5-4-1 схемасида Гризманнга ҳам, янги келган Сёрлот ва Альваресга ҳам жой топилади. Ҳужум чоғида схема 3-4-3 кўринишини олади. Тўғри, қайсидир марказий ярим ҳимоячи ортиқча бўлиб қолиши ҳам мумкин. Афтидан, ҳаракатчан Галлахер Кокенинг ўриндоши бўладигандек.

Эътиборли жиҳати шундаки, старт арафасидаги бош репетиция бўлган «Ювентус»га қарши баҳсда (2:0) фақат захирадан майдонга тушган Жоау Фелиш ўйиндан гол уришга муваффақ бўлди. Португалиялик иқтидор билан мураббий ўртасидаги муносабат самимий эмас, Мадридни тарк этса керак. «Атлетико» унинг 50 млн. евролик трансфери хусусида «Челси» билан музокара олиб бормоқда. Аввалроқ клуб Альваро Мората (13 млн.) ва Чағлар Сеюнжудан (8,5 млн.) воз кечганди. Шунингдек, Сауль Ньигесни ижарага бериб, Мемфис Депай, Марио Эрмосо, Стефан Савич ва Габриэль Паулиста билан шартнома муддатини узайтиришни истамаганди. Шу тариқа иш ҳақи баённомаси анча енгиллашиб қолганди.

Маълумотларга кўра, янги стадион эвазига «матрасчилар» сезиларли даражада кўпроқ даромад олишмоқда. Келаси йил ёзида клублар ўртасидаги ЖЧ 50 млн.дан кўпроқ фойда келтиради. Шу сабабли кўп сонли харидлар Ла Лига ва УЕФАнинг молиявий регламентига зид бўлмаса керак. Қолаверса, клуб яна бир нафар марказий ҳимоячини таркиб жалб этиш ниятида - янгиликларда «Ал-Наср»лик Эмерик Лапорта ва «Фейеноорд» вакили Давид Ганцко номлари зикр этилмоқда.

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 22:30, 07.09.2024.
Ўқилди: 833 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.