Профессионал бокснинг биринчи ярим енгил вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев япониялик боксчи Наоя Иноуэ ҳақида гапириб ўтди.
“У — чемпион. P4P етакчиларидан. Наояни ҳурмат қиламан. Бироқ у мен билан жанг қилиши керак. Мен ҳам ушбу вазнда энг кучлиларидан бириман, жаҳон чемпиони бўлганман. Балки Иноуэ мендан қўрқаётгандир. Боксда эришиш мумкин бўлган барча имкониятлар менда бор. Рингда кўп нарсани уддалай оламан.
Иноуэ билан жанг бўлса, мен шундай жанг кўрсатардимки, улар ўзлари ҳайратда қолишар эди. Нима учун у мен билан жанг қилишни истамаяпти? Чунки бу жанг у учун хавфли. У ўзини энг кучлиман деб ҳисоблайди, лекин мен билан жанг қилишга ботинолмайди. Буни қандай тушунтиришни билмайман. Агар у мен билан жанг қилишни хоҳламаса, демак, у энг кучли боксчи эмас!
Мен тайёрман. Аллақачон унга чақирув ташлаганман. Исталган жойда — Япония ёки Америка, менга бунинг фарқи йўқ. Исталган жойда жанг қилишга тайёрман”, — дейди Аҳмадалиев.