Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 6-турида Жанубий Кореянинг «Поханг Стилерз» жамоаси билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. «G» гуруҳи доирасидаги ўйин 30 апрель, сешанба куни Похангда ўтказилди.
Учрашувда ҳисоб 80-дақиқада «Бунёдкор»нинг украиналик ҳужумчиси Александр Пишчур томонидан очилди. Ўйин асосий вақтига қўшиб берилган 2-дақиқада эса «Поханг» ҳужумчиси Парк Сунг Хо ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.
Гуруҳнинг иккинчи – Япониянинг «Санфречче» ва Хитойнинг «Бейжинг Гуоан» жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳисоб очилмади. Шундай қилиб, «G» гуруҳидан «Бунёдкор» (1-ўринда) ва «Бейжинг Гуоан» жамоалари нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритишди.
Нимчорак финалда «Бунёдкор» мусобақанинг «Е» гуруҳида 2-ўринни эгаллаган жамоага қарши тўп суради, бу – «Вегалта Сендай» (Япония), «Бурирам Юнайтед» (Таиланд) ва «Жиангсу Сейнти»дан бири бўлиши мумкин. Айнан қайси жамоа тошкентликларга рақиб бўлиши 1 май куни ўтказиладиган ўйинлардан сўнг маълум бўлади.
Қайд этиш жоиз, Осиё Чемпионлар лигаси баҳсларида олтинчи бор иштирок этаётган «Бунёдкор» кетма-кет олти марта гуруҳ босқичи баҳсларини муваффақиятли якунлашга муваффақ бўлди. Жамоанинг мусобақадаги энг яхши кўрсаткич – ярим финал босқичи ҳисобланади. «Бунёдкор» 2008 ва 2012 йилги мавсумларда мусобақа ярим финалига қадар етиб борган.
Қўшимча сифатида, «Бунёдкор» 2013 йилги ОЧЛ гуруҳ босқичида бирорта ўйинда мағлубиятга учрамади – Миржалол Қосимов шогирдлари сафардаги икки ўйинда ғалаба қозонишган бўлса, Тошкентдаги учта ўйин ва Жанубий Кореядаги сўнгги баҳсда дуранг ўйнашди. Ушбу натижалар, «Бунёдкор» ФК матбуот хизмати берган маълумотлар, клубга ОФК томонидан 250 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули келтирган.