Бугун барчанинг диққат эътибори Каталониядаги «Комп Ноу» стадионига қаратилиши шубҳасиз. Сабаби Европа чемпионлар лигаси ярим финалининг жавоб учрашувида «Барселона» ўз майдонида Мюнхеннинг «Бавария» жамоасини қабул қилади.
Кеча биринчи драматик тўқнашувига якун ясалди. Унинг натижасидан барчангизнинг хабарингиз бўлса керак, албатта. Биттагина гол мадридликларни финалга олиб чиқиши мумкин эди...
Бугун эса иккинчи драматик тўқнашувига гувоҳ бўламиз. Бу иккала жавоб ўйинларини драматик деб аташимнинг боиси, истаймизми-йўқми дастлабки ўйиннинг натижасидан қатъи назар, ЕЧЛ финали масаласи барибир жавоб ўйинига боғлиқ бўладида.
Қуръа ташлангандан сўнг «Бавария» бош мураббийи Юпп Хайнкес ўз фикрларининг бирида ўз жамоасининг «Барселона» билан ярим финалда ўйнашга тайёр эканлигини айтиб ўтган эди. «Барселона» намойиш этадиган футболга бефарқ эмаслигини ва уларнинг ўйинларини доимо кузатиб боришини ҳам айтганди.
Юпп Хайнкес жуда кучли мураббий, унинг қўл остидаги ҳозирги «Бавария» жамоаси ҳар қандай жамоани мағлуб этишга қодир. Футболчилар ҳам яхши формада, ҳар бир чизиқдаги ўйинчилар ўзларига юклатилган вазифаларини аъло даражада бажармоқда. Дастлабки ярим финалда кўрдикки, «Бавария» ўйинчилари ҳар томонлама ўша куни «Барселона» жамоаси ўйинчиларидан устун эди ва йирик 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. У ва унинг жамоаси дастлабки ярим финал учрашувида яққол устунликка эришди.
Жисмоний тайёргарлик ва тактик ҳамда функционал тайёргарлик борасида мукаммал даражага етган «Бавария» жамоаси «Барселона» жамоасининг ҳимоядаги камчиликларини умуман кечирмади. Бунга ўзингиз ҳам тўлиқ гувоҳи бўлдингиз, албатта. Энди жавоб ўйини бундан хам қизиқ бўлиши аниқ..
«Барселона» жамоасини Гвардиола тарк этганидан сўнг жамоада қандайдир пасайиш кўзга ташлана бошланганга ўхшайди, менимча. Клуб раҳбарлари жамоанинг аҳволига унчалик ҳам кўп эътибор бермасада, барибир қачонлардир бир кун келиб «Барселона» жамоаси шундай аҳволга тушишини биларди.
Балким, Тито Виланова «Барселона» жамоаси академиясининг ёш ўйинчиларини ўз вақтида ЕЧЛ гуруҳ баҳсларида секин-аста жамоага мослаштириб синаб кўрмагани, бугунги кунда жамоага ўз таъсирини ўтказаётгандир. Буёғи энди «Барселона» жамоасининг мураббийлар штабига боғлиқ.
Ўтган мавсумдаёқ бошланган айрим камчиликлар ўз вақтида ҳал этилмагани ва унинг устига ҳимоя қўрғонидаги ўйинчиларнинг бирин-кетин жароҳат олишлари жамоага ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Шундай бўлса-да бир амаллаб ЕЧЛ ярим финалигача етиб келишди. Биринчи ярим финал ўйинида ҳам кўрдикки ҳимоя чизиғи умуман талабга жавоб бермай қолди.
Энди эса кеч. Сабаби қишқи трансфер чоғида жамоа ўйинига мос тушадиган ҳимоячилар жамоага жалб этилмади. Ёзда ўйинчиларнинг трансфери борасида «Барселона» олдинги қаторга чиқса ҳам ажабланмаймиз.
Қайси бахтли иккинчи жамоа «Уэмбли» сари йўл олишини бугун кўрамиз. Ҳар иккала жамоанинг финалга чиқиш имкониятларини тенг деб баҳолайман.
«Барселона» ҳамда «Бавария» клублари ўртасидаги ЕЧЛ ярим финал жавоб учрашувини словениялик Дамир Скомина бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқарадиган бўлди. Бу ҳақида УЕФА ташкилоти маълум қилган.
Абдумажид Қодиров