23-26 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида аёллар футболи бўйича Ўзбекистон чемпионатининг биринчи босқич учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада иштирок этган “Шўртан-Леди” қизлар жамоаси биринчи давра якунлари кўра учинчи ўринни эгаллади. Самарқанддаги ўйинлар тугаганидан сўнг фурсатдан фойдаланиб “Шўртан-Леди” бош мураббийи Гўзал Муҳиддиновадан интервью олдик.
— Биринчи давра ўйинларидан олган таассуротларингиз қандай?
— Самарқандда тўртта ўйин ўтказган бўлсак, шундан учтасида ғалаба қозондик ва бир марта мағлубиятга учрадик. Хоразмнинг “Тўмарис” ҳамда Зарафшоннинг “Кизилкумочка” жамоалари билан кечган ўйинлар кўп ҳам қийин бўлмади, чунки бу жамоалар биринчи лигадан келишгани боис ҳали у қадар кучли эмаслар. Аммо кейинги иккита беллашув биз учун анча оғир кечди. Айниқса “Севинч” билан кечган баҳсда 0:8 ҳисобида мағлубиятга учраганимиз жуда аламли бўлди. Самарқанднинг “Динамо” аёллар жамоасига қарши ўтган ўйин ҳам ўзига яраша қийин бўлди. Чунки “Динамо” кучли жамоалар сирасига киради.
— Чемпионатдаги энг кучли иштирокчи “Севинч” билан ўйинда “Шўртан-Леди”ни умуман таниб бўлмай қолди.
— Энди буни тўғри тушуниш керак. Футболда ёш барибир муҳим роль ўйнашини жуда яхши биласиз. Ҳозир қизларимизнинг ўртача ёши 19-20ни ташкил этяпти. “Севинч” жамоасининг асосий таркибида тўп сураётган футболчиларнинг ўртача ёши эса 25 атрофида. Бундан ташқари, уларнинг аксарияти миллий терма жамоада тўп суришади ва етарлича тажрибага эга. Бизнинг футболчилар эса энди-энди тажриба орттириб келишмоқда. Ўйиндан олдин “Севинч” билан жуда қийин бўлишини сезгандик, бироқ 0:8 ҳисобида енгиламиз деб асло ўйламагандим. Агар шу учрашувда 19-рақамдаги футболчимиз Гулсара Ҳақбердиевани марказий ҳимоячи сифатида қўйганимда эҳтимол якуний ҳисоб бунчалик йирик кўриниш олмасди.
— Биринчи давранинг охирги ўйинида шогирдларингиз “Динамо-W”ни мағлубиятга учратишди.
— Олдимизга қўйилган асосий мақсад “Динамо-W”дан устун келиш эди. Биринчи таймда бир нечта вазиятларга эга бўлишимизга қарамай, тўп кирита олмадик. Лекин танаффусдан кейин тез орада ҳисобни очишга муваффақ бўлдик. Кейин эса ўйиндаги иккинчи-учинчи тўпларни ҳам рақиб дарвозасига киритдик.
— Биринчи давра якунларига кўра учинчи ўринда туриш “Шўртан-Леди” учун ижобий натижа тўғрими?
— Албатта. Чунки жамоамиз тузилганига ҳали кўп бўлгани йўқ, шу боис қизлар энди ўйиндан ўйинга бир-бирларини тушуниб боришмоқда. “Севинч”нинг биринчи ўринда бораётганини тўғри қабул қилиш керак. Иккинчи ўринни эгаллаб турган “Бухоро” билан эса ҳали ўйнаб кўрганимиз йўқ ва Урганчдаги мусобақада бу жамоани ҳам ютишга ҳаракат қиламиз.
— Шогирдларингиздан кимларни алоҳида ажратиб кўрсата оласиз?
— Майдон марказида ҳаракат қилган Баҳромова Фазилат аслида кучли футболчи, лекин негадир ўз имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмади. Мардонова Дилафрўз билан Ҳақбердиева Гулсара эса кўп ўйинларда бизга ёрдам беришди. Уларнинг ўйинидан бош мураббий сифатида қониқдим. Шунингдек, Тўхтаева Улдонадан ҳам кўп нарса кутгандим, лекин у ҳам ҳозирча жамоага киришиб кета олгани йўқ.
— 11-15 май кунлари Урганч шаҳрида ўтказиладаиган иккинчи давра ўйинларидан нима кутяпсиз?
— У ерда бизнинг асосий рақибларимиз “Бухоро-W” билан “Машъал-W” бўлади. “Бухоро-W” биз учун ноқулай рақиб ҳисобланса, “Машъал-W” сафида асосан ўсмирлар терма жамоамизнинг вакиллари ҳаракат қилмоқда ва уларнинг ҳам ўйини кучли. “Қирқ қиз” ҳамда “Сурхон”га қарши беллашувларда эса унчалик қийналмаймиз деб ўйлайман.
Хайрулла ХОЛИҚОВ суҳбатлашди.