Будапештдаги шахмат олимпиадасида 8-тур ўйинлари ўтказилди. Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Сербияга қарши ўйинда, кутилмаганда, жуда ва жуда қийин ўйинларни ўтказди.
Серблар барча тахталарда очиқчасига дуранг учун ўйнашди. Улар Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдаров ва Шамсиддин Воҳидовга қарши баҳсларда дурангга эришишди.
Нодирбек Абдусатторов эса қораларда ўйнаганига қарамай, рақиб учун кутилмаган дебют йўналишини танлади. Бунинг оқибатида Александр Предке юришлар учун кўп вақт сарфлай бошлади. 15-юришга келиб рақиб ҳисобида бор-йўғи 14 дақиқа вақт қолганди. Шунинг оқибатида бўлса керак, у айнан 15-юришда хатога йўл қўйди. Натижада устунлик ўзбек шахматчиси томонига ўтди. Предке 35-юришда яна бир хатога йўл қўйгач, Абдусатторовнинг устунлиги яна ошди. Бу устунлик 43-юришгача ошиб борди ва ғалаба яқин эди. Аммо ҳамюртимиз 44, 45 ва 46-юришларда ноаниқликка йўл қўйиши оқибатида вазият тенглашиб қолди.
Шундан сўнг ўзбекистонлик гроссмейстер барчасини бошқатдан бошлашига тўғри келди. Бу пайтда шахмат доскасида фигуралар кам қолганди. Томонлар руҳли эндшпилга ўтишди ва Абдусатторов битта пиёда устунлигига эга эди. Аммо буни ғалабага айлантириш осон эмасди. Бунинг учун Предкедан қўпол хато талаб этиларди. Александр кучли цейтнотга кириб қолиши ортидан 65-юришда ўша хатони қилди. Нодирбек эса ўша заҳоти бу хатодан унумли фойдаланди. 70-юришда сербиялик шахматчи таслим бўлди.
Якуний ҳисоб — 2,5 - 1,5. Ўзбекистон фойдасига.
Ушбу ғалаба туфайли эркаклар терма жамоамизнинг очколари 14 тага етди ва жамоамиз жадвалда 2-ўринга кўтарилиб олди. Эртага кўп эҳтимол билан Ҳиндистонга қарши дона сурамиз.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса бугун кучли рақиб — АҚШга 0,5 - 3,5 ҳисобида имкониятни бой берди.