Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон терма жамоаси сентябрь ойида II Жаҳон гуруҳи доирасида Эстонияни қабул қилиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Мазкур ғалаба орқали I Жаҳон гуруҳи учун плей офф босқичига йўл олган терма жамоамизнинг кейинги рақиби номи маълум бўлди. Унга кўра, Сергей Лебедь шогирдлари плей офф босқичида Босния ва Герцеговина терма жамоасига қарши баҳс олиб боради.
Ўйинлар 2025 йилнинг февраль ойида Тошкентда ўтказилади. Ҳозирча турнирга қайси мажмуа ва қандай турдаги кортлар мезбонлик қилиши номаълум.
Жамоалар шу кунгача ўзаро ўйин ўтказмаган. Босния ва Герцеговина терма жамоаси сўнгги ўйинини I Жаҳон гуруҳи доирасида сентябрь ойида Хитой Тайпейига қарши ўтказиб, 3:2 ҳисобида имкониятни бой берган эди.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси "Дэвис кубоги" рейтингида айни дамда 287,5 очкога эга бўлган ҳолда 42-ўринни эгаллаб турибди. Босния ва Герцеговина эса рейтингда 30-ўринга жойлашган.