«Ювентус» клубининг асосий ҳужумчиси Душан Влахович DAZN платформаси «My Skills» видео кўрсатуви янги мавсумининг бош қаҳрамони бўлди...
Тьяго Мотта ва янги «Юве» ҳақида:
- Унинг келиши билан жамоа анча яхшиланди, мен эса майдонда ўз маҳоратимни яхшироқ намойиш этиш имкониятига эга бўлдим, чунки жамоанинг янги ўйин услуби менга кўпроқ мос келади. Лекин, Аллегри айтган ҳамма нарсани ҳам ҳар доим қилишга тайёр эдим, бизда ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Тьяго бошиданоқ интизомга урғу берди: «Сен оддий кўринадиган, аммо аслида кўринмайдиган қарорларни қабул қилишинг керак. Шунингдек, ҳар доим бир вақтнинг ўзида ётишинг, яхши дам олишинг, етарлича ухлашинг ва парҳезга риоя қилишинг керак», дейди.
Клуб ҳақида:
- «Ювентус» мен учун жуда кўп нарсани англатади: у менинг ғурурим, ғолиблик менталитетим, оиламдир. Бу ерда ҳамма нарса бошқача, масъулият жуда катта.
Голлари ҳақида:
- Ўзимга ҳеч қандай чекловлар қўймайман, шунчаки ҳар доим планкани кўтараман. Ҳеч қачон ўз натижаларимдан қониқмайман, ҳатто «Фиорентина»дан «Ювентус»га ўтиб, 24та гол урган мавсумимда ҳам шундай бўлган. Ҳар доим кўпроқ нарсага эришиш мумкин.
«Интер» билан рақобат ҳақида:
- Бу ўзларига қарши дуэл бўлади. Скудетто учун курашадиган кўплаб жамоалар бор, бундай амбициялар ҳақида гапиришга ҳали эрта. «Интер»га келсак, бу жамоа ўтган мавсумда идеал эди, бунга шубҳа йўқ: биз жуда кучли жамоа ҳақида гапиряпмиз. Бироқ, бу йил ҳаммасини кичик деталлар ҳал қилади.
Бошқа ҳужумчилар ҳақида:
- Холанднинг жарима майдончасига ҳужум қилиш қобилиятини олган бўлардим. Агар тезликни оширса, уни тўхтатиш жуда қийин, ўзининг жисмоний имкониятлари туфайли у ҳар доим ортдан ҳужум қилади. Лаутародан танани бошқариш қобилиятига ҳавас қиламан, у бу борада жуда хавфли. Ўтган йили у ҳақли равишда энг зўри бўлди ва мен уни жуда ҳурмат қиламан. Кейн ва Левандовскиларнинг вазиятни якунлаш қобилиятларига беш кетаман, Осимхенда эса тезлик бор.
Ақлий жиҳат ҳақида:
- Баъзан майдонда, агар бирор нарса биз хоҳлаган тарзда содир бўлмаса, мен асабийлаша бошлайман. Лекин бунинг устида ишлаяпман, чунки бундан маъно йўқлигини яхши тушунаман. Жокович айтганидек: «Менинг энг катта қобилиятим хатоларни йўқ қилиш қобилиятидир» ва Криштиану ҳам шундай дейди. Бу борада мен яхшиланишни давом эттиришим керак. Умуман олганда, ички мувозанатни сақлаш жуда муҳимдир. Яъни ҳаммаси зўр кетаётганда ҳаддан ортиқ хурсанд бўлмаслик ва аксинча, муаммо пайдо бўлганда тушкунликка тушмаслик лозим. Мен «Ювентус»да шунга интиламан, чунки ҳар уч кунда майдонга тушарканмиз, хатоларни тузатиш учун ҳар доим янги имконият бўлади. «Ювентус»да ғалаба одатий ҳолдир: агар сиз энг яхши бўлишни истасангиз, унда айнан шундай менталитетга риоя қилишингиз керак.
МУҲАММАДХОН тайёрлади