Кириш Регистрация
06/07 00:00 Португалия 0-0 Франция
06/07 06:00 Венесуэла 1-1 Канада
06/07 21:00 Англия 1-1 Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия 2-1 Туркия
07/07 03:00 Колумбия - Панама
07/07 06:00 Уругвай - Бразилия

«Сўғдиёна» 70 дақиқа, Тожиев 20 дақиқа қаҳрамонлик кўрсатди

Баҳо:
+-1 | -

Жиззахнинг "Сўғдиёна" клуби аввалги турда ўз майдонида "Пахтакор"дан бежизга очко тортиб олмаганини пойтахтнинг яна бир вакилига қарши ўйинда исботлади. Бутун ўйин давомида юқори концентрация билан ўйнаган Даврон Файзиев шогирдлари қандайдир бир дақиқада эътиборни йўқотиб қўйишди, натижада очко(лар)дан маҳрум бўлишди.

Ўйиннинг 7-дақиқасида, кутилмаганда, "Сўғдиёна" ҳисобни очди. Суҳроб Бердиевнинг 25 метрлардан йўллаган зарбаси Бугало учун ноқулай бўлиб чиқди: тўпга ерга тегиб сакраганча, дарвозанинг бурчагига бориб тушди - 0:1.

Ҳаким Фузайлов шогирдлари ҳисобни тенглаштириш мақсадида тўпни назорат қилишган ва ҳужумлар уюштиришган бўлса-да, жиззахликлар яна битта гол уриш имкониятига эга бўлишди. 12-дақиқада Элёр Орипов 25 метрлардан белгиланган жарима тўпини жуда кучли тарзда дарвоза томон йўллади. Павел Бугало қўлининг учи билан тўпни майдон ташқарисига буриб юбора олди.

Икки вазиятдан бири гол билан якунланган меҳмонларнинг ҳужумчилари ўйин давомида бошқа кўзга ташланмади. Улар фақат ва фақат ҳимояланишди. Боз устига, ўйиннинг 38-дақиқасида учрашув бош ҳаками Ильгиз Танташев гол муаллифига айланган Суҳроб Бердиевни майдондан четлатди. У Бобур Йўлдошевнинг орқасидан оёғига тепганди. Ҳакам қоида бўйича тўғри қарор чиқарган бўлиши мумкин, аммо бу қарори билан "Сўғдиёна"ни жуда қийин аҳволга тушириб қўйди.

"Локомотив" жуда кўп ҳужумлар ташкил қилди ва хавфли вазиятлар яратди. Улар томонидан ўйин давомида урилган 2та гол офсайд туфайли инобатга олинмади.

Учрашувнинг 22-дақиқада юзага келган пала-партишликдан майдон эгалари фойдалана олишмади. Дарвозабон яқин масофадан берилган зарбани бартараф эта олди. 29-дақиқада Фарҳод Тожиевнинг бош билан берган зарбасини яна ўша легионер дарвозабон қайтарди. 

Иккинчи бўлимга келиб, "темирйўлчилар"нинг босими янада ошди. 56 ва 58-дақиқаларда мезбонлар ўта қулай 2та имкониятдан фойдалана олишмади, аниқроғи, ҳар сафар Александр Меленчук тўпнинг дарвозага киришига йўл қўймади. Аввалига Фарҳод Тожиев жарима майдончаси ичида тўпни Турсуновга тўхтатиб берди ва Санжар 7-8 метр масофадан зарба берди. Кейинги вазиятда эса Фарҳоднинг ўзи тахминан ўша нуқталарда тўпни дарвоза томон йўналтирди. Этиборлиси, ҳар сафар дарвозабон тўпни оёқлари билан қайтариб қолаверди.

"Темирйўлчилар" иккинчи бўлимда шу қадар кўп имкониятларга эга бўлдики, уларнинг учдан биридан фойдаланганида ҳам, улар ўйиннинг 65-дақиқаларига келиб, йирик ҳисобда олдинга ўтиб олган бўлардилар. Майдонга ЎзПФЛнинг апрель ойидаги Акмал Холматов ва тажрибали Виктор Карпенко туширилганидан кейин ҳужумкорлик янада ортди.

Ўйин қаҳрамони бўлиши кутилаётган дарвозабон Меленчук 70-дақиқада "қовун" туширди. Меҳмонлар ўз жарима майдончалари атрофида жарима тўпи тепиш ҳуқуқини қўлга киритганидан фойдаланишга қарор қилган посбон дарвоза ортида идишдаги сув билан томоғини ҳўллади. Жиззахликлар эса, тўпни назорат қилиш мақсадида бўлса керак, тўпни жаримадан тўғри дарвозабонга етказиб беришди. Меленчук эса аввалига тўпни оёғи билан тўхтатиб, кейин уни қўлига олди. У сув ичаётганида тўпнинг ким томонидан узатилганини кўрмай қолганди. Натижада бош ҳакам дарҳол эркин зарба белгилади. Дарвозабон майдончаси чизиғи устидан (дарвозагача 5 метр масофа) эса шериги юмалатиб берган тўпни Тожиев дарвозага кучли зарб билан йўллаб, ҳисобни тенглаштирди. Майдон эгалари кейинги ҳужумдаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Ўнг қанотдан етказилган тўпни яна ўша Фарҳод бош билан дарвозага тўғрилаб қўйди.

Дарвоқе, иккита гол киритилган вазиятда Даврон Файзиев шогирдлари майдонда 9 киши бўлиб ҳаракат қилишаётган эди. Ҳимоячи Жалил Кимсанов жароҳат олиб майдонни тарк этганди ва унинг ўрнига бошқа ҳимоячи туширилмаганди. Бу ўйинда "Сўғдиёна" бош мураббийи барча ўзгаришларни мажбурий тарзда амалга оширганини таъкидлаш лозим.

Ўйиннинг 75-дақиқасида Фарҳод ўйиндаги хет-тригини хурсандчилик билан нишонлади, аммо у бироз шошиб қолди. Гол чиройли тарзда киритилган бўлса-да ("қайчи" услубига ўхшаш), чемпионатимиз тўпурари ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетганди. Аммо кўп ўтмай, Фарҳод барибир ўз мақсадига эришди. Ўйиннинг асосий вақти тугашига 6 дақиқа қолганида у тўпни дарвозабон устидан ошириб, дарвоза тўрига йўллади. Якуний ҳисоб — 3:1

ОЛИЙ ЛИГА-2013. 8-ТУР
"ЛОКОМОТИВ" - "СЎҒДИЁНА" - 3:1 (0:1)
Голлар: Фарҳод Тожиев (70, 71, 84) — Суҳроб Бердиев (7)
Огоҳлантиришлар: Илҳом Комилов (20) — Виктор Карпенко (68)
Четлатиш: Суҳроб Бердиев (38)
"Локомотив": 1. Павел Бугало, 4. Бобурбек Йўлдошев, 7. Садриддин Абдуллаев, 10. Фарҳод Тожиев, 16. Жасур Ҳасанов (8. Акмал Холматов 61),  17. Салим Мустафоев (Виктор Карпенко 64), 19. Ислом Иномов, 20. Ислом тўхтахўжаев, 23. Иван Нагаев (9. Зайниддин Тожиев 74), 30. Дилшод Жабборов, 77. Санжар Турсунов
"Сўғдиёна": 1. Александр Меленчук, 2. Жаводулла Иброҳимов (Ботиржон Каримжонов 64), 3. Илҳом Комилов, 6. Муроджон Тошматов, 7. Расул Ҳайитов, 13. Жалил Кимсанов (Дурбек Умаралиев 71), 18. Суҳроб Бердиев, 19. Сирож Ҳамроев (Асил Бегимқулов 58), 22. Ориф Мамажонов, 24. Элёр Орипов, 41. Аюбхон Номанов
Ҳакамлар: И.Танташев, Б.Қодиров, А.Қўлдошев, Р.Копадзе
Назоратчи: Д.Роман

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 18:54, 13.05.2013.
Ўқилди: 6228 марта.
Фикрлар: 62 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.