Охирги кунларда “Нефтчи” жамоаси хусусида ҳар хил миш-мишлар тарқалди. Турли сайтларда “Нефтчи” клубидаги ўзгаришлар, жамоани бошқариши мумкин бўлган мураббийлар, четлатилган футболчилар ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Нефтчи” ПФК клуб раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Комилжон Мирзабоев билан қисқача суҳбатда бўлдик.
— Комилжон ака, жамоадаги ўзгаришлар хусусида айтиб ўтсангиз?
— Жамоа кейинги учрашувга тайёргарликни бошлаб юборди. Бизни сафарда “Олмалиқ”қа қарши жиддий ўйин кутиб турибди. Ҳозирда “Нефтчи”ни Евгений Шохин вақтинчалик бошқариб туради. Унга Шамил Исеев (катта мураббий) ва Сергей Ковшовлар ёрдам беришади.
— Бош мураббий масаласи қачон ҳал этилади?
— Шуни айтишим жоизки, Шохинга ҳозир имконият беряпмиз. Чунки у кўп йиллардан бери жамоада ишлаб келмоқда. Бу ердаги муҳитни яхши тушунади. Агар кейинчалик натижалар ижобий бўлса, у бош мураббий лавозимида қолиши ҳам мумкин.
— Анвар Бердиевнинг кетгани ростми?
— Анвар ҳозир жамоада эмас. Унинг шартномаси клуб томонидан бекор қилинди.
— Нега, “Истиқлол”га қарши кечган ўйинда жамоа ўринбосарлари иштирок этишди?
— Юқорида айтганимдек, олдинда бизни жиддий ўйин кутиб турибди. Шунинг учун асосий таркиб ўйинчиларига бироз дам беришга қарор қилдик. Умуман олганда, ўринбосарлар бу жамоанинг эртаси. Уларни мана шундай ўйинлар орқали тоблаб бориш лозим. Менимча, мураббийлар штабининг қарори ўзини оқлади. Ёш футболчиларимиз сафарда керакли натижани қайд этишди. Кези келганда, клубда мендан олдин ишлаган кишиларга ўз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман. “Нефтчи”нинг бугунги даражасига етишида уларнинг ҳиссаси катта.
— Жамоа олдига қандай мақсад қўйилган?
— Шуни унутмаслик лозим, ҳозир жамоада катта ўзгаришлар содир бўлмоқда. Биласиз, ишнинг бошланиши қийин кечади. Мухлисларимиз мана шундай паллада бизга далда бўлишларини истардим. Келажакдаги мақсадлар – улкан. “Нефтчи”ни Европа клублари даражасига чиқариш. Аммо бунинг учун бизга бироз вақт керак. Бу борада бизга Фарғона вилояти ҳокимлиги, ЎФФ раҳбарияти ва клуб бош хомийси Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ўзларининг ёрдамларини аямаяпти. Фурсатдан фойдаланиб, уларга ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман. Ўйламанки, бизга билдирилган ишончларини оқлаймиз.
— "Истиқлол”га қарши кечган ўйин ҳақида қандай фикр билдира оласиз?
— Ёш футболчилар яхши ўйин намойиш этишди. Жамоа ўйинда менда ишонч уйғотди.
“Нефтчи” ПФК матбуот хизмати.