Франция чемпионатининг 2012/2013 йиллар мавсуми якуни бўйича энг яхши футболчи, энг яхши мураббий, энг яхши дарвозабон ҳамда энг яхши ёш ўйинчи, шунингдек мавсумнинг энг чиройли голи каби номинацияларда “Энг яхши” деб топилганлар рўйҳати эълон қилинди.
Унга кўра, мавсумнинг энг яхши футболчиси дея ПСЖ клуби хужумчиси Златан Иброҳимович топилди. Унга бу йўналишда “Сент Этьен”нинг габонлик хужумчичи Пьер-Эмерик Обамейянг ҳамда ўз жамоадошлари – бразилиялик ҳимоячи Тьяго Силва ва франциялик Блез Матюйди рақобатчилик қилишди. Швед футболчисининг Франция чемпионатидаги ушбу мавсум статистикаси қуйидагича бўлди: 33 ўйин (шуларнинг 32тасида бошланғич таркибда), 29 гол (шундан 4таси пенальтидан), 6та голли узатма, 9та сариқ ва битта қизил карточка.
“Мавсумнинг энг яхши мураббийи” унвони икки мутахассисга – чемпион жамоа “Парис Сен-Жермен” бош мураббийи Карло Анчелотти ва “Сент Этьен” мураббийи Кристоф Галтьега топшириладиган бўлди.
Парижликлар дарвозабони Сальваторе Сиригу “Энг яхши дарвозабон” деб топилган бўлса, “Бастия” клуби ёш хавбеки Флориан Товин “мавсумнинг энг яхши ёш футболчиси” дея эътироф этилди.
Якунланган чемпионатнинг энг чиройли голи муаллифи “Эвиан” хужумчиси Сабер Халиф бўлиб, унинг “Ница” дарвозасига урган голи “мавсумнинг энг чиройли голи” сифатида қайд этиладиган бўлди.
Шунингдек, Франция биринчи дивизионининг 2012/2013 йиллар мавсуми рамзий терма жамоаси ҳам эълон қилинган: Сиригу – Жайе, Тиаго Сильва, Максвелл (барчаси – ПСЖ), Нкулу (“Марсель”) – Вальбуэна (“Марсель”), Пайе (“Лилль”), Верратти, Матюиди (иккаласи – ПСЖ), - Обамеянг (“Сент-Этьен”), Иброҳимович (ПСЖ).