Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Ола товуқ сомон сочар, ўзининг сирини ўзи очар («Динамо» футбол клубининг раддиясига жавоб)

Баҳо:
+5 | -

Муайян жиноят тўғрисида матбуот, радио ва телевидение, ҳужжатли кинофильмлардаги, шунингдек оммавий ахборот воситаларига йўлланган, лекин эълон қилинмаган хатлардаги хабарлар жиноят ишини қўзғатишга сабаб бўлади.

Жиноят процессуал Кодекси 327-модда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал Кодексининг 327-моддасида келтирилган бу жумлаларни бекорга келтирмадим. Боиси, stadion.uz сайтида эълон қилинган «Самарқанд «Динамо» футболчилари автобусда тонг оттиришди» номли хабарига «Динамо» профессионал футбол клубининг раддияси эълон қилгандан сўнг яна бир бор қонунчилигимизни кўздан кечиришга тўғри келди. Бу борада эса қуйироқда алоҳида тўхталамиз. Ҳозир эса даставвал «Динамо» клуби матбуот хизмати эълон қилган раддияга тўхталиб ўтсак.

«Оммавий ахборот воситалари» тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунинг 34-моддасида раддия бериш ва жавоб қайтариш борасида алоҳида тўхталиб ўтилган. Мазкур моддада «юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар учун раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақлидир» деб ёзиб қўйилган.

«Динамо» футбол клуби қонунчилигимизда кўрсатилган имкониятидан фойдаланиб, эълон қилган раддиясини тўғри тушунаман ва ўз ҳуқуқидан фойдалангани ҳам яхши. Аммо раддия ёзишда раддия талабларини бузган ҳолда журналистни ҳақоратлаб ёзишини қандай тушуниш мумкин. Сўзим аввалида шуни алоҳида айтиб ўтаманки, мен «Динамо» футбол клуби ҳақида ҳеч қандай ёлғон ахборот берганим йўқ ва берган хабарим тўлақонли асосларга эга. Шу сабабли ҳам қонунчилигимиз асосида ҳеч бир жиноятчини жиноят қилгани исботланмагунча уни жиноятчи деб аташ мумкин бўлмаганидек, журналистни ёлғон ахборот бергани исботланмагунча уни ёлғон ахборот берувчига чиқаришга ҳеч бир клубнинг ҳаққи йўқ. Шунинг учун ҳам «Динамо» клубининг раддиясини журналистнинг шаъни ва обрўси, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини туширган ҳолда ёзилган деб биламан.

Раддияни ўқиб шундай хулосага келдимки, назаримда «Динамо» клуби раддияси клуб матбуот котибининг саъй-ҳаракати билан эмас, балки жамоа раҳбари ва ҳуқуқшуносининг мажбурлаши асосида ёзилгандек. Акс ҳолда раддия эълон қилиш орқали шахсга нисбатан ҳурматсизлик ва камситилиш бўлмаган бўларди.

Клуб расмий сайтида журналист тўплаган хабарни асосиз эканлигини рад этиб, унга қуйидагича изоҳ берган:
... Аслида эса, ўша куни ҳам жамоа кечки овқатдан сўнг Тошкентдан йўлга отланган. «10 минг сўм, телефон...» каби майда фикрлар эса шунчаки асосиз. Бу борада клуб, мақола муаллифидан суҳбатнинг овоз ёзилган аудио форматини сўраганида, муаллиф айрим сабабларни рўкач қилиб, ёзувни бера олмаслигини (агар у бўлса) билдирди.

Клуб матбуот хизмати ҳақиқатдан ҳам менга қўнғироқ қилган. Аммо мен уларга айрим сабабларни рўкач қилиб эмас, балки аниқ ва тиниқ қилиб қачонки клуб судга мурожаат қилса ўшанда тарқатилган хабар учун етарлича асосларимни кўрсатишимни айтганман. Негадир раддияда муаллифнинг айтилган ушбу гаплари келтирилмагани етмагандек, агар у бўлса деган шубҳани қўшиб қўйганини тушуниш қийин. Хўш, айтингчи, энди ҳақиқатдан ҳам бўлиб ўтган жараённи ёзган журналист «тўқимачи»ми ёки ўзини оқлаш учун журналистнинг гапларини элакдан ўтказиб, ўз манфаатини кўзлаб раддия ёзган «Динамо» матбуот хизматими?

Раддия ёзишни қойилмақом амалга оширган клуб «Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида фуқаролар ёки бошқа ахборот манбалари томонидан ихтиёрий равишда маълум қилинган махфий хабар, шунингдек факт ёки воқеалар журналистика соҳасининг сири эканлиги наҳотки билишмаса?

Клуб томонидан ёзилган раддиядаги яна бир ҳолатга эътибор қаратиб ўтишни лозим деб топди.
...Муаллиф фикрларини давом эттирар экан, ҳеч кимга номаълум бўлган, «Аноним» футболчи билан суҳбат матнини келтирган...
«Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги» Ўзбекистон Республикаси қонунининг 33-моддасида «Ахборот манбаини ошкор этмаслик» алоҳида кўрсатиб ўтилган бўлиб, унда «таҳририят ўз номини ошкор этмаслик шарти билан берилган ахборот, маълумотлар, фактлар ёки далиллар манбаининг номини, шунингдек тахаллусини қўйган муаллифнинг номини уларнинг ёзма розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмас», деб ёзиб қўйилган. Шундай экан, клуб томонидан «Аноним» дея қайд этилган шахс аслида бор. Фақат унинг қонун асосида ўз номини сир сақлашни сўрагани учун ҳам ахборот берувчи шахснинг номини келтириб ўтмадик. Хўш, энди қонунда белгилаб қўйилган ҳуқуқдан фойдаланганимиз учун ҳам журналист «тўқимачи»га чиқиб қолиш керакми?

Раддияда клуб хабарда келтирилган барча сўзларга алоҳида эътибор қаратган ва жамоани тўлақонли оқлашга ҳаракат қилган. Майли қайсидир жиҳатдан улар ўзларини айбдор эмаслигини кўрсатишга урингандир. Аммо нега жамоа ҳуқуқшуноси адашмасам исми Шуҳрат (фамилиясини билмайман) журналистга қўнғироқ қилиб, турли хил гаплар билан, ҳурматсизлик оҳангида гапиргани ва журналистга тазйиқ ўтказганини нега раддияда кўрсатиб ўтилмаган?

Ахир «Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғриcида»ги қонуннинг 8-моддасида «Журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади. Танқидий материаллар эълон қилганлиги учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди» деб белгилаб қўйилганини наҳотки катта бир ташкилотнинг ҳуқуқшуноси билмаса?! Ёки ҳақиқат талаб қилиб журналистга тазйиқ ўтказган клуб ҳуқуқшуноси ҳукуматимиз томомонидан чиқарилган мазкур қонунларни билмайдими? Агар катта бир жамоанинг ҳуқуқшуноси бу қонунни билмаса, унда нега бутун бир клубнинг ҳуқуқини унга бериб қўйганига ҳайронсан, киши.

Энди ўзингиз ўйлайверинг, аслида ким ҳақу ким ноҳақ? Мен қонунларда кўрсатилган журналистик ҳуқуқлардан фойдаландим холос. Stadion.uz сайтида қўйилган «Самарқанд «Динамо» футболчилари автобусда тонг оттиришди» номли хабар ёлғон эканлиги тўғрисида клуб журналистни судга берганида етарлича асосларимни кўрсата оламан. Аммо шундай бўлсада «Динамо» раҳбарияти журналистни ҳақорат қилувчи раддия орқали асл бўлган воқеани ёпишга уринганини ҳамон тушунолмай ҳалакман.

Шу ўринда футболчиларга ҳам эътирозим бор. Неча минг бир машаққат билан пешона терисини тўкиб, топган ойлигини ололмай юрган вақтда, нега бўлаётган жараённи очиқ айтишни истамаётганига ҳайронман. Ё бўлмаса, жамоада яхши таниш бўлган футболчининг ойлиги бериладию, сал бундайроқ футболчи бирор кун оларманда деб юравериш керакми? Оддийгина, «Пахтакор» жамоасидан клубга келиб қўшилган Темур Шариповнинг 50 миллион сўмлик «подъёмний»си ўз вақтида берилиб, жамоа учун узоқ йиллардан бери меҳнат қилаётган Акмал Бозоровнинг нега маоши тўланмаяпти? Айнан маош муаммоси сабаб ҳатто «Бухоро» билан бўлган ўйинда майдонга тушмаслигини айтганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Бу билан менга барча маълумотларни Акмал Бозоров берди деганим йўқ. Аммо футболчида айнан мана шундай муаммолар борлиги аниқ. Хўш, айтингчи мана шундай ишлар орқали йил бошида вилоят ҳокимига жамоани маҳаллий футболчилар билан бойитиб, асосий таркиб ўйинчиларини самарқандлик футболчилар қилиш режаси қандай қилиб амалга ошаркан. Клубнинг бу ҳаракатлари мавсум бошида қоп-қоп ваъдаларни бериб, ҳокимиятдан пулни олгандан сўнг истаган куйини чалиб, клуб маблағини айлантираётганини билишмайди деб ўйлармикан? Халқимизда бир мақол бор. Кўза кунда эмас кунида синади.

Шу ўринда раддияда эътироф этилган яна бир ҳолатга эътибор қаратишингизни сўрамоқчиман.
Бундай нотўғри маълумотнинг кўпчиликни ажаблантириши табиий. Клубнинг йиллик смета харажатларига кўра, футболчи жамоа ихтиёрида бўлган вақтда унинг бир кунлик овқатланиш харажати юқоридаги суммадан бир неча баробар кўп саналади. Жамоавий дастурхон тузилмаслиги ҳақидаги уйдирма гаплар эса, шунчаки кулгули гапдан бошқа нарса эмас.
Мен келтирилган хабарда футболчиларга аниқ бир сумма, яъни ўн минг сўм берилганини таъкидлаганман. Аммо клуб раддиясида аниқликдан мавҳумликка ўтиб, клубнинг яширин сметаси асосида футболчиларнинг овқатланиш харажати бир неча баробар кўп эканлигини ёзган. Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлса, нега очиқ ва ошкора тарзида аниқ суммани ёзишни ўзига эп билмаган. Қолаверса, юртимизнинг қайси ошхонасига борманг, тўланилган сумма учун чек уриб беришини, пул кўчириш йўли билан амалга оширилса, унинг фактураси берилишини оддий инсон ҳам билади. Наҳотки, ўзларини айбсиз эканлигини исботлаш учун ушбу оддий асосларни келтириш қийин бўлса. Раддиянинг моҳияти ҳам айнан мана шундай факт билан рад этиш эмасми?

Тушунаман, улар ҳам оми эмас. Агар аниқ рақамларни келтирса, ўзининг кўплаб кирдикорлари «очил дастурхон» бўлиб очилиб кетишини била туриб ана шундай мавҳумлик асосида раддиясини эълон қилган. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, аслида ким ҳақу, ким ноҳақ. Шундай экан, яна бир бор сўрамоқчиман. Клуб нега мавҳум гаплар билан ўзини оқлашга уринган. Мана энди ўзингиз ажратиб олаверинг, қайси хабар тўғрию, қайсиси нотўғри эканлигига.

«Самарқанд «Динамо» футболчилари автобусда тонг оттиришди» хабаридан қолдирилган изоҳларнинг (комментлар) бири мени ажаблантирди. Айнан ўша мақола тагида #48 тартиб рақами остида DINAMACHI никли фойдаланувчи «Бу ҳақида хабар берилишидан қўрққандим, афсус. Элни оғзига элак тутиб бўлармиди» (#48. DINAMACHI Bu haqida habar berilishidan qörqqandim,afsus. Elni og'ziga elak tutib böladimi) деган изоҳнинг ўзи ҳам кўп нарсани англатиб турибди-ку? Буни изоҳни аниқ шу жараён иштирокчиси бўлган футболчи, ё бўлмасам биринчи бўлиб шу хабарни эшитган унинг танишлари ёзганлиги аниқ. Балки энди ўша изоҳга ҳам клуб томонидан раддия ёзилиши керакдир.

Хуллас, мақоладан сўнг «Динамо» жамоаси яна раддия эълон қилиши табиий ҳол. Шу сабабли ҳам навбатдаги раддия қуруқ бўлиб қолмаслиги учун клуб раҳбариятига бир нечта савол орқали мурожаат қилмоқчиман. Зора ўша орқали тўпланиб қолган саволларга ҳам жавоб топилиб қолса.

1. Мавсум бошида украиналик Руслан Бедменко, Андрей Ерохин, белоруссиялик Юрий Мерхел ва «Динамо» собиқ ўйинчиси Девид Ониянинг ёрдами билан келган негериялик Майкл жамоа кўригига чақирилиб, сўнг нега кўрикдан ўтолмаган легионерларга клуб томонидан қайтиш чиптаси қилиб берилмади? Ахир легионер футболчини синаб кўриш учун чақирган жамоа унинг келиб-кетиш харажатини кўтаришини ҳаммамиз яхши биламизку? Яхшиямки, легионер футболчиларни кўрикка чақирган мураббийлар фақат бугун эмас, балки эртага ҳам футбол орқали ўз ризқини топишини ўйлаб, қолаверса бутун жамоат олдида уялиб қолишдан қўрқиб ўша футболчиларнинг келиб-кетиш чиптасини ўз чўнтагидан тўлашибди. Акс ҳолда довруғи дунёга кетган Самарқандга келадиган легионернинг онгида вилоят футболи ҳақида ёмон таассурот қолиб кетиши мумкин эди.

2. Нега «Динамо» футболчилари, айниқса жамоа ўринбосарлари клуб либосини кийиш орзусида юрсаю, жамоа мутасаддиларининг ўғлию қариндошининг эгнида клуб либоси товланиб туради? Жамоа футболчиларига форма олиб бериш учун клуб ҳисобидан бир неча миллион сўм кўчирилиб нега ўша пулнинг ярмига форма олинган холос. Айнигчи, қолган пул қаерга «қочиб» кетди?

Ўйлашимча, жамоага ҳозирча манашу иккита саволнинг ўзи етарли. Қолган саволлар клуб раҳбарияти учун оғирлик қилиши мумкин. Бордию, бу саволлар вилоят футбол мутассаддиларнинг қулоғига етиб борса, унинг жавоби янада мураккаблашиши ҳам бор гап. Ахир айтишадику, ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир деб.

Фарҳод НОРБЎТАЕВ
"Futbol Mundial" газетаси, 2013 йил 21 май, 20-сон

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 09:52, 22.05.2013.
Ўқилди: 6713 марта.
Фикрлар: 39 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.