Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Динамо» клуби раддия эълон қилди

Баҳо:
+ | -

Бугунги тезкор ахборот замонида интернет нашрларининг хабар ва маълумотларни ўз ўқувчиларига тезкорлик билан етказиб беришда ўрни салмоқли. Айниқса, футболга оид электрон нашрлар – сайтларнинг бугунги кунда жадаллик билан ривожланиши ва ўз ўқувчиларга эга эканлигига айнан тезкорлик муҳим ўрин эгаллайди. Бу ҳолатда ҳам маълумотнинг асосларга эга эканлиги ва шаффофлиги муҳим аҳамият касб этади. Бироқ, афсуски, айрим сайтларда эълон қилинаётган мақолалалар муаллифлари мухлисларга ахборот етказишда, ҳеч қандай асосга эга бўлмаган, нотўғри хабарларни етказиб бераётганликлари учраб турибди.

Хусусан, 5 май куни www.stadion.uz сайтида муаллиф Фарҳод Норбўтаев томонидан "Самарқанд «Динамо» футболчилари автобусда тонг оттиришди” – номли сарлавҳа остида эълон қилинган мақолада «Динамо» футбол клуби ҳақида бир қатор нотўғри маълумотлар билан бирга, ҳеч қандай асосга эга бўлмаган фикрлар билдирилган. Натижада ўқувчилар наздида клуб ҳақида нотўғри қарашлар юзага келган. Бу борада клуб мақолада келтирилган хабарларни асоссиз ва ёлғон маълумотлар сифатида қабул қилишини маълум қилади.

“Олий лига 7-тур доирасида Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси билан бўлган учрашувдан сўнг ўз уйига қайтган Самарқанднинг «Динамо» жамоаси Жиззах вилоятининг МАНАС постида автобусларнинг кечки вақтда юриши тақиқлангани боис йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган. Натижада клуб футболчилари автобусда тонг отишини кутишга мажбур бўлишган”, дея ёзилади мақоланинг сўз бошида.

Аслида эса, «Локомотив»га қарши ўтган учрашувдан кейин Тошкентдан Самарқандга қайтаётган клуб автобуси “Манас” постида, муаллиф келтирганидек саҳаргача кутмаган ва футболчилар тонгни автобусда оттирмаган. Йўловчиларнинг хавфсизлиги мақсадида ИИВ томонидан чиқарилган қарорга мувофиқ, жамоа автобуси юқорида келтирилган постда бир соат тўхтатилган, ЙПХнинг автобусларга ҳамроҳлик қиладиган машиналари етиб келгач, клуб автобуси тунда Самарқандга етиб борган.

“Клуб футболчилари билан бирга бўлган жамоа бош мураббийи юзага келган ноқулай вазиятдан чиқиш мақсадида клуб вице-президенти Фирдавс Каримовга қўнғироқ қилиб жамоанинг автобусини МАНАС постидан ўтказмаётганлигнини таъкидлашган. Бироқ футболчи ва мураббийларга юзага келган вазиятда ёрдам беришга ваъда берган жамоа вице-президенти қўл телефонини ўчириб қўйиб тинчгина муаммодан холис бўлган”, дейилади мақоланинг давомида.

Аслида эса, ўшанда жамоа автобусининг постда тўхтатилганлиги ҳақида хабар клубнинг хавфсизлик масалалари бўйича назоратчисига етказилган. Ўз ўрнида клуб вакили бир соатда ҳамроҳ бўладиган тегишли машиналар етиб боришини маълум қилган ва шу билан муаммо бартараф этилган. Клуб вице-президенти билан боғлиқ гаплар эса, муаллифнинг «тўқима»сидан бошқа нарса эмас.

“Яна бир қизиқ ҳолат. Мавсум бошидан буён “Динамо” футбол клуби раҳбарияти ҳатто Ўзбекистон Биринчилигида иштирок этаётган жамоалар қилмайдиган антиқа қарорлари билан ҳам футболчиларни хуноб қилиб келмоқда. Сафар ўйинларига борган футболчиларни овқатлантириш учун жамоавий дастурхон тузиши эмас, балки ҳар бир футболчининг қўлига 10 минг сўмдан пул берилиб келинмоқда”, деб келтирилади ушбу мақолада.

Бундай нотўғри маълумотнинг кўпчиликни ажаблантириши табиий. Клубнинг йиллик смета харажатларига кўра, футболчи жамоа ихтиёрида бўлган вақтда унинг бир кунлик овқатланиш харажати юқоридаги суммадан бир неча баробар кўп саналади. Жамоавий дастурхон тузилмаслиги ҳақидаги уйдирма гаплар эса, шунчаки кулгули гапдан бошқа нарса эмас.

Муаллиф фикрларини давом эттирар экан, ҳеч кимга номаълум бўлган, «Аноним» футболчи билан суҳбат матнини келтирган.

“Сафарларда тушлик ёки кечки овқатни қилиб олиш учун қўлимизга 10 минг сўм пул беради. Афсуски, бу пулни ҳар ким ҳам тўғри ишлатавермайди. Жамоамизнинг аксарият футболчилари ёш, баъзан улар берилган пулни қўл телефонининг ҳисоб рақамини тўлдиришга ишлатиб қўяди. Натижада баъзилар овқат емасдан уйга боришади”, дея келтирилади мақоладаги суҳбатда.

Аслида эса, ўша куни ҳам жамоа кечки овқатдан сўнг Тошкентдан йўлга отланган. «10 минг сўм, телефон... » каби майда фикрлар эса шунчаки асосиз. Бу борада клуб, мақола муаллифидан суҳбатнинг овоз ёзилган аудио форматини сўраганида, муаллиф айрим сабабларни рўкач қилиб, ёзувни бера олмаслигини (агар у бўлса) билдирди.

“Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, “Локомотив” билан ўйиндан сўнг автобусда тонг оттиришга мажбур бўлган самарқандлик футболчилар бир неча ойдан бери ойлик маошларини олишгани йўқ”, дея мақоласини якунлайди Фарҳод Норбўтаев.

Аслида эса, «Динамо» ПФКнинг чемпионатимиздаги аксарият клубларидан фарқли ўлароқ, жамоа футболчилари ва маъмурияти олдида ҳеч қандай қарздорлик ҳолати йўқ. Дастлабки турлардаги қониқарсиз натижаларга қарамай, ойлик маошлари ўз вақтида бериб борилган ва борилмоқда.

Умуман олганда, мақола муаллифининг бундай асоссиз маълумотларни қаердан олганлиги ва бундай нотўғри қарашлардан ким манфаатдор эканлиги бизга қоронғу.

Шунчаки истардикки, танқид асосга эга бўлмоғи, келажакда ўз мевасини бермоғи лозим. Ёлғон, асоссиз, журналистик этикасига тўғри келмайдиган ёки қандайдир манфаатлар учун қилинган танқидлар оқни қора дейишдан ва уни қоралашдан бошқа нарса эмас.

Усмон Ибодов
«Динамо» клуби матбуот котиби

Манба: www.fcdinamo.uz
Киритилди: 12:09, 16.05.2013.
Ўқилди: 5564 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.