Хориж чемпионатларида тўп сураётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бир нечта аъзолари ўтаётган ҳафтанинг дам олиш кунлари ўз клублари сафида расмий ўйинларда майдонга тушишди.
РОССИЯ
Маҳачқалъанинг «Анжи» клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов Россия премьер-лигасининг якуний турида сафарда «Кубань» клубига қарши учрашувда ўз жамоасининг асосий таркибида майдонга тушди. Эътиборлиси, Аҳмедов мазкур учрашувда «Анжи»ни сардор сифатида майдонга бошлаб тушди ва 90 дақиқа тўлиқ майдонда ҳаракат қилди. Ўйинда «Кубань» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
«Локомотив» сафида тўп сураётган ўзбекистонлик ҳимоячи Виталий Денисов ҳам премьер лиганинг сўнгги турида асосий таркибда майдонга тушди ва тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. «Локомотив» ушбу турда ўз майдонида «Мордовияни» ни қабул қилиб 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
ҚОЗОҒИСТОН
19 май куни Қозоғистон премьер-лигасида 13-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчииси Улуғбек Бақоев тўп сураётган Павлодарнинг «Иртиш» клуби 26 май ўз майдонида «Шахтер»ни қабул қилди ва 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Бақоев ушбу учрашувда асосий таркибда майдонга тушди ва 66-дақиқада алмаштирди.
Уч нафар ўзбекистонлик футболчилар - Марат Бикмаев, Александр Гейнрих ҳамда Темур Кападзелар тўп сурадиган «Актобе» клуби 19 май куни ўз майдонида «Акжайик» жамоасига қарши тўп сурди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Темур Кападзе ушбу учрашувда 90 дақиқа ҳаракат қилган бўлса, Александр Гейнрих 86-дақиқада алмаштирилди.
ХИТОЙ
25-26 май кунлари Хитой суперлигасида 11-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчилардан бири - Анзур Исмоилов тўп сурадиган «Чангчун Ятай» ўз майдонида «Шанхай Шенхин» клубига қарши тўп сурди ва 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Исмоилов учрашувда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. Миллий терма жамоага номзод бўлган яни бир ҳимоячи Камолиддин Тожиев ҳам якунига етган турда ўз жамоаси «Жиангсу»нинг асосий таркибда сафарда «Лиаонинг» клубига қарши майдонга тушди ва 90 дақиқа ўйнади. Бу ўйинда ҳам 1:1 ҳисоби қайд этилган. Эътиборлиси, «Лиаонинг» таркибида Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод ҳимоячилардан бири Шавкат Муллажонов ҳам тўп суради. Муллажонов «Жиангсу»га қарши учрашувниинг 57-дақиқасида заҳирадан майдонга туширилган.
Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчилардан яна бири - Егор Кримец ҳам, 11-турда «Бейжинг» жамоаси заҳира футболчилари қаторидан жой олган бўлса-да майдонга туширилмади.
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ
16 май куни Жанубий Корея «К»-Лигасида ҳам навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтди. «К»-Лига иштирокчиси «Сеонгнам Ильва Чунма» клуби сафида тўп сураётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров 26 май куни ўз жамоаси билан ўз сафарда «Даежон Ситизен» клубига қарши тўп сурди ва «Сеонгнам»нинг ғалабасига ўз голи билан ҳисса қўшди. Жепаров учрашувда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди ва 55-дақиқада рақиб дарвозасига гол киритган. Ўйинда Сеонгнаи 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
БАА
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Азиз Ҳайдаров тўп сураётган Дубайнинг «Аш-Шабоб» клуби 26 май куни мамлакат чемпионати 26-турида ўз майдонида «Ал Шааб» клуби билан ўйнади ва 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Ҳайдаров ушбу учрашувда майдонга туширилмади.