Жорий йилнинг 25-26 май кунлари Россиянинг Тюмень шаҳрида дзюдо бўйича “Мастерс” туркумига кирувчи халқаро турнир ўтказилди. Мукофот жамғармаси 200.000 АҚШ доллари бўлган мазкур мусобақада дунёнинг 41 давлатидан келган полвонлар ғолиблик учун татамига чиқдилар. Халқаро турнирда ҳар бир вазн тоифаси бўйича 16 нафардан дунёнинг энг кучли дзюдо усталарини кураш олиб боргани, ҳар бир вазнда кураш нечоғлик муросасиз кечганидан далолат беради.
Мазкур халқаро турнирда Ватанимиз шарафини Мирзоҳид Фармонов (-66 кг), Мирали Шарипов (-73 кг), Наврўз Жўрақобилов (-73 кг), Яҳё Имомов (-81 кг), Дилшод Чориев (-81 кг) ҳамда Рамзиддин Саидов (-100 кг) ҳимоя қилишди.
Мусобақанинг биринчи куни эркаклар ўртасида уч вазн тоифасида беллашувлар ўтказилди. Оғирлик вазни 66 кг.гача бўлган спортчилар баҳсида татамига чиққан Мирзоҳид Фармонов биринчи босқичдаёқ мўғилистонлик спортчига имкониятни бой берди. Вазни 73 кг.гача бўлган полвонлар беллашувида Мирали Шарипов биринчи босқичда грузиялик полвонни мағлуб этиб, иккинчи босқичда Мўғилистон вакилининг қаршилигини енга олмади ва натижада ўтиш босқичида беллашувларни давом эттирадиган бўлди. Ушбу босқичнинг дастлабки беллашувида бельгиялик спортчини, 3-ўрин учун кечган баҳсда эса жамоадоши Наврўз Жўрақобиловни енган Мирали Шарипов, якунда халқаро турнирнинг бронза медали билан тақдирланди. Наврўз Жўрақобилов саралаш босқичида АҚШ ҳамда Мўғилистонлик дзюдо усталарини мағлуб этиб, ярим финалда голландиялик спортчига имкониятни бой берди ва у ҳам ўтиш босқичида бронза медали учун курашни давом эттирадиган бўлди. Юқорида таъкидланганидек, 3-ўрин учун кечган беллашувда Наврўз Жўрақобилов жамоадоши Мирали Шарипов қаршилигини енга олмади.
Халқаро турнирнинг иккинчи куни уч нафар юртдошларимиз татамига чиқдилар. Вазни 100 кг.гача бўлган полвонлар мусобақасида иштирок этган Рамзиддин Саидов, биринчи беллашувда Қозоғистон вакилини мағлуб этиб, иккинчи босқичда озарбойжонлик спортчига имкониятни бой берди. Ўтиш босқичининг дастлабки баҳсида мўғулистонлик полвонни енган Рамзиддин, учинчи ўрин учун кечган беллашувда Франция терма жамоаси аъзосини мағлуб эта олмади. Саралаш босқичида Хорватия ва канадалик спортчилардан устун келган Яҳё Имомов (-81 кг), ҳал қилувчи босқичда зафарли одимини давом эттира олмади ва якунда 7-ўрин билан кифояланди.
Шу тариқа Тюмень шаҳрида бўлиб ўтган “Мастерс” туркумига кирувчи халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари битта учинчи, иккита бешинчи ва битта еттинчи ўринни эгалладилар.