Жамоамиз ҳимоячиси Боян Миладинович "Футбол Экспресс" нашрига интервью берди. Уни сайтимиз ўқувчиларига тақдим этамиз.
ЖАРОҲАТИ
— Салом, Боян. Мана, 2 йиллик жароҳатдан сўнг сафга қайтдинг. Қайтишинг қандай бўлди?
— Ростдан ҳам деярли 2 йил мобайнида расмий ўйинлардан четда қолиб кетдим. “Насаф” билан учрашувга тушиб келаётганимда барчаси ортда қолганидан қувониб, жуда ҳаяжонландим. Яна қадрдон стадионда мухлислар олқишлари остида ҳаракат қилиш ўзгача завқ беради. Ўша куни дастлабки 20 дақиқа ичида қийналдим. Бу ҳаракатларимда ҳам кўринган бўлса керак. Югуришни истаяпман, бироқ нимагадир ўзим хоҳлагандек ҳаракат қилолмадим. Лекин вақт ўтгач, ҳаммаси ўрнига тушди. Рақиб кучли бўлгани боис баҳс давомида тин олишга фурсат бўлмади. Ўша беллашувда ғалаба қозонганимиз жуда яхши бўлди.
— Жамоадошларинг билан ўзаро тушунишда муаммолар учрамадими?
— Йўқ, чунки машғулотларда барибир улар билан бирга тўп тепганман. Мерзляков қишки йиғин чоғида бирга эди. Исматуллаев билан аввал ҳам кўп бор ҳаракат қилганмиз. Шу сабабли шерикларимни тушунишда муаммога дуч келмадим. Албатта, уларнинг ёрдамини ҳам инкор қилмайман.
— Фаолиятингда олдин бундай узоқ жароҳатлар бўлганми?
— Умуман бўлмаган. Авваллари нари борса бир учрашувни ўтказиб юборишга мажбур бўлардим. 2010 йилги мавсумгача жароҳатлар мендан йироқ эди.
— Қайси бири қийинроқ кечди: фаолиятингдаги илк беллашувми ёки 2 йиллик жароҳатдан қайтганингдан кейингисими?
— Фаолиятимдаги илк баҳс қийинроқ кечган. Фарқи шундаки, ҳозир катта тажрибага эгаман. Илк расмий учрашувда эса нималар рўй беришини мумкинлигини тасаввур қилиб бўлмайди.
— Жароҳатлар қандай содир бўлгани ёдингдами? “Бухоро”, “Андижон” ва БАТЭга қарши беллашувлардаги вазиятни назарда тутяпман.
— Ҳа, уларни яхши эслайман. 2010 йил Тошкентда “Бухоро”га қарши кечган учрашувда оёғимдан жароҳат олгандим. Ўшанда тўқималаримга зарар етганди. Жароҳатдан тикланиб, Андижонда мезбонлар билан икки баҳсда майдонга тушганмиз. Дастлаб Ўзбекистон Кубоги ўйинида уларни 4:1 ҳисобида енгганмиз. Орадан бир неча кун ўтиб, энди чемпионат баҳсида куч синашганмиз. Ўша учрашувда тўп учун ҳавога сакраганман. Майдонга тушганимдан сўнг белимда оғриқ сезганман. Кейинчалик бу жиддий бўлиб чиқди. Шифокорлар кўригидан ўтдим. Даволаниш учун Германияга бордим. У ерда менга дастлаб секинлик билан даволаниш курсини бажаришимни айтишди. Бироқ бу бир йил вақт йўқотишимга сабаб бўлди. Ўша заҳоти операция қилинганда 1 йил аввалроқ сафга қайтардим. Бироқ шифокорлар жароҳатни операциясиз ҳам даволаш мумкинлигини таъкидлашгани учун уларнинг маслаҳатига амал қилгандим. Операциядан кейин эса тикланиш машғулотларига киришдим. Бу орада сербиялик машҳур табиб Марьяна Ковачевич хизматидан фойдаландим. У жароҳатларни жуда тез ва самарали даволашда машҳур. Унинг хизматидан Лэмпард, Ван Перси ва кўплаб гранд клублар футболчилари фойдаланишади. Белимдаги жароҳатдан қутулиб, машғулотларга киришганимда эса йиғинда оёғим синди. БАТЭга қарши Туркиядаги беллашувда тўп учун курашда Темур Жўраев билан тўқнашиб кетдим. Ўша ҳолатда тўп рақиб ҳужумчиси бошига тегмаганда жароҳат олмаслигим ҳам мумкин эди. Оёғим синганини ўша пайтдаёқ ҳис қилдим. Май ойигача тикланиб, сафга қайтишга улгурдим.
— Тўлиқ аввалги ҳолатга қайтишга қанча вақт кетади?
— “Шўртан”, “Қизилқум” ва “Гулистон” билан ўйинларда янада яхшироқ ҳолатга чиқиб олишга умид қиляпман. Кейин эса олий лигада бир неча ҳафта танаффус бўлади. Ўша муддатда олдинги ҳолатимга қайтишга муваффақ бўламан деб ўйлайман. Жисмоний юкламаларни кўтариш мақсадида машғулотларда ҳам, ўзим ҳам алоҳида меҳнат қиляпман.
ОЛИЙ ЛИГА
— “Пахтакор” мавсумни 4 ғалаба билан бошлади, бироқ кейин муваффақиятсизликларга юз тутди. Бунинг сабаби нимада бўлди?
— Ҳа, дастлабки 4 баҳсда гол қўйиб юбормасдан зафар қучилди. Бироқ кейин ёш футболчилар руҳий жиҳатдан баъзи муаммоларга дуч келишди. Шунингдек, муҳим лаҳзаларда эътибор, диққатни жамлаш етишмади. ОЧЛда Тошкентдаги 2 баҳсда дарвозамиздан биринчи дақиқада гол ўтказиб юбордик. Ўша беллашувларда тахминан 10 дақиқа майдондаги ҳолатни ўзгартиришга қодир бўлмадик. Бунинг сабаби эса эътиборнинг етарли жамлай олинмаганида деб ўйлайман. Таркибда ёш ўйинчилар кўп. Бу ёшда 3 ғалабадан кейин рақибга бошқача назар билан қараш мумкин. Лекин чемпионат ва кубокда курашни охиригача давом эттиришимизга ишонаман. Ўтган йили ҳам биринчи даврадан сўнг “Бунёдкор”дан 8 очкога ортда бораётгандик. Ҳали “Локомотив” ҳам, бошқа рақибларимиз ҳам очко йўқотишади. Ишқибозларни бирор соврин билан хурсанд қиламиз деган умиддаман. Чемпионлар лигасида биринчи 4 ўйинда яхши ҳаракат қилдик. Охирги 2 баҳсда эса пасайиш кузатилди.
— Чемпионат савиясига қандай баҳо берасан? Фақат холисона жавоб берсанг.
— Тўғриси, олий лига савияси тушгандек туюлмоқда. Гап совринли ўринлар учун курашаётган жамоалар сонида эмас, уларнинг ўйин сифати ҳақида бормоқда. “Бунёдкор” юқори савияда ўйнаган, кейин эса “Насаф” кучайишга эришганда ўйинлар ўта муросасиз кечганди. Ҳозир эса жамоалар ўсишдан тўхтаб қолгандек. Футболчилар бир жойда тургандек ҳаракат қилишяпти. Масалан, пас бергандан кейин ўйинчи бўш ҳудудга чиқиб, ўзига тўп қайтарилишига тайёр бўлиши лозим. Ҳозир футболчилар тўпни шеригига оширгач, жойида туриш билан кифояланишмоқда. Натижада мухлисларни унчалик қизиқтирмайдиган футбол намойиш этиляпти. Стадионга келаётган ишқибозлар сони ҳам унчалик кўп эмас.
— Лигада ўйнаётган легионерлар савияси қандай? Уларга қўйилган лимитни кўпайтириш керакми?
— Легионерлар савияси клублар раҳбарияти олиб бораётган фаолиятдан келиб чиқади. Агар улар профессионал бўлсалар, яхши савиядаги ўйинчиларни таклиф этишади. Акс ҳолда, легионерлар билан ҳам қуйи ўринларда юраверишади. Лимитни эса рўйхатдан ўтказиш учун биттага кўпайтириш мумкин. Айтайлик, бирор жамоада легионер жароҳат олган пайтда унинг ўрнини тўлдириш учун. Майдонда эса ҳозиргидек лимитни сақлаб қолиш мумкин. Яъни, фақат рўйхатдан ўтказишни биттага кўпайтиришни айтяпман.
СЕРБИЯ ФУТБОЛИ
— Сербияда футболчиларни тайёрлаш тизими ҳақида сўрамоқчиман. Қай тариқа шунчалик кўп футболчилар етишиб чиқади?
— Бунга жавобни билмайман. Мамлакатимни спортчилар давлати деб аташ ҳам мумкин. Футболчилардан ташқари теннисчи, гандболчи, волейболчи ва бошқа спорт тури билан профессионал шуғулланадиган инсонлар етарлича топилади. Туркиядаги йиғинлар чоғида у ерда юрган сербиялик футболчиларни кўриб, жамоадошларим бутун Сербиядаги ўйинчилар келганини айтиб, ҳазиллашишади. Болаларни ёшликдан турли спорт тўгаракларига беришади. Биринчи лига клублари ҳам ўз академияларига эга бўлишлари шарт этиб қўйилган. Ҳар бир ёш тоифасида мамлакат чемпионати баҳслари ташкил этилади. Собиқ Югославия давлатларининг барчасида шундай вазиятни кузатиш мумкин. Черногорияда атиги 700 минг аҳоли истиқомат қилади ва уларнинг юлдуз футболчилари рўйхатига назар ташлаган киши бунга ишонмайди.
— Сербия чемпионати савияси қандай?
— Унчалик эмас. Уни Европанинг ўртамиёна даражадаги чемпионатлари билан ҳам солиштириб бўлмайди. Чунки 16 ёшданоқ футболчилар хорижга кетишни бошлашади. 22 ёшга етганда эса фақат омади чопмаганлар миллий чемпионатда қолишади. Иш ҳақи юқори эмаслиги боис барча бошқа мамлакат клубларига ўтишга уринади. Ўтган ҳафта “Партизан” ва “Црвена Звезда” ўзаро ўйнади. Унда “Партизан” 1:0 ҳисобида зафар қучиб, финишга 2 тур қолганда “Црвена”дан 5 очкога ўзиб кетди. Футболчиларнинг хориж жамоаларига интилиши Болқон давлатларига хос ҳолатдир.
— Сербия терма жамоасининг жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги иштироки қандай таассурот қолдирди?
— Жамоа жуда ёмон натижа кўрсатди. Таркибда эса маҳоратли футболчилар етарли эди. Синиша Михайлович таркибга Адам Льяич ва Неманья Матични жалб қилмади. Улар эса ҳозир етакчи футболчилар. Льяич мадҳияни айтишни истамагани сабабли чақирилмаяпти. Матични эса захира ўриндиғида ўтиравериб, охири бундай ҳолатда терма жамоага келишдан наф йўқлигини таъкидлади. Таркиб анча ёшарган. Балки, кейинги саралаш баҳсларида жамоа чиройли футбол ва ижобий натижаларни кўрсатар.
— Агар собиқ Югославия жамоаларини бирлаштирсак, у қандай натижага эришарди деб ўйлайсан?
— Унда жуда кучли жамоа тузилган бўларди. Натижа ҳам шунга яраша кўриниш оларди. Черногорияда Йоветич, Вучинич, Савич, Словенияда Ханданович, Бркич сингари маҳоратли футболчилар бор. Бунга Хорватия, Сербия ва Босния термасидаги юлдузларни қўшинг. Македонияда ҳам юқори савияли ўйинчилар бор. Хорватия ва Черногория ҳозирги ҳолатда ҳам жуда яхши ўйин намойиш этмоқда. Черногория жаҳон чемпионатига йўлланма олса, бундан ажабланмайман.
— Хабаринг бўлса, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Туркиядаги жаҳон чемпионатида Хорватия билан ўйнайди. Бу жамоа ҳақида қандайдир маълумот биласанми?
— Йўқ, Хорватия ёшлари тўғрисида ҳеч нарса билмайман. Лекин уларнинг менталитети биз билан бир хил эканлигини инобатга олсак, хорватлар Ўзбекистон ҳақида бошқача хаёлларга берилиши мумкин. Осиё вакилини осонликча енгамиз деб ўйлашса, унда Ўзбекистон термасида яхши имконият пайдо бўлади. Хорватия термасида иқтидорли футболчилар талайгина.
ТУРЛИ МАВЗУЛАР
— Охирги йилларда сенга бошқа клублардан таклифлар бўлдими?
— Йўқ. Чунки жароҳат олган футболчига ҳеч ким қизиқиш билдирмайди. Эҳтимол, жароҳат олмаганимда шундай ҳолат кузатилган бўлармиди, яна билмадим. Лекин фаолиятимдан барибир афсусланмайман.
— Ўзбекистонда бешинчи йил ўйнаяпсан. Бу ерга келишдан аввал шундай бўлади деб ўйлаганмидинг?
— Йўқ. Икки ёки уч мавсум ўйнаб, бошқа чемпионатга кетишни мўлжал қилгандим. Бошқа томондан бу ерда кўплаб дўстлар орттирдим, бу ерда яшаш оиламга ёқиб қолди.
— Тахминан 5 йилдан сўнг ўзингни қаерда тасаввур қиласан?
— Фаолиятимни тугатганимдан кейин нима иш қилишим, шекилли? Ўзимни футболдан ташқарида тасаввур этмайман. Мураббий бўлиб ишлашни хоҳлайман. Ҳар куни жамоа билан боғлиқ бўлган ишда ўзимни яхши ҳис қилсам керак.
— Катта ўғлинг Лазер ҳам футболга қизиқадими?
— Ҳа, у 5 ёшга тўлиб улгурган. Ҳозир Сербияда футбол мактабида шуғулланишни бошлаган. Июнь ойининг бошида оилам ҳам Тошкентга келади.
— Фаолиятингда рўй берган бирорта қизиқроқ воқеани сўзлаб берсанг.
— Ҳамиша пенальтилар сериясида охирги зарбани ижро этишни ва жамоамга ғалаба келтиришни хаёл қилардим. 2004 йил Германияд 21 ёшгача бўлган футболчиларнинг Европа чемпионати ярим финалида Швеция билан тўқнаш келгандик. Ўйин 1:1 ҳисобида якунланган. Ғолиб эса Олимпиада ва чемпионат финали йўлланмасини қўлга киритарди. Ўшанда мураббийга серияда тўп тепишим ҳақида биринчи бўлиб айтгандим. Менга охирги зарбани ишониб топширишган ва унда гол урганман. Лекин ғалабани кейинги зарбада нишонлаганмиз, чунки рақиблар ҳам дастлабки 5 зарбани бехато тепишганди. Финалда эса Италиядан енгилганмиз. Рақиб таркибида Де Росси, Жилардино, Амелия, Скулли ўйнаганди.
— Май ойида футболда катта ўзгаришлар юзага келди. Буларни кузатиб бордингми?
— Албатта. Европа Чемпионлар лигаси финалига “Бавария” ва “Боруссия” йўл олди. “Бавария”нинг “Барселона”ни ҳар томонлама доғда қолдирганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шунингдек, “МЮ”ни узоқ йиллар мобайнида бошқарган Алекс Фергюсон мураббийликдан кетди. Бир қанча футболчилар фаолиятини тугатди, мураббийлар истеъфога чиқишди. Ўзбекистондаги ўзгариш ҳам эътиборимдан четда қолмади. “Нефтчи”ни 26 йил бошқарган Юрий Саркисян истеъфога чиқарилди. Унинг мухлислар, футболчилар ва ҳакамлар орасида обрўси кучли эканига кўп марта гувоҳ бўлганман. Рақиб жамоа ўйинчилари уни ҳурмат қилишлари кўп нарсани айтиб турибди.
— Боян, интервью учун миннатдорчилик билдираман. Кейинги ўйинларда сенга ва жамоага омад тилайман.
— Ўз навбатида бизнинг учрашувларни ёритиб бораётган барча журналистларга ҳам раҳмат. Мухлисларга эса ҳамиша омад ёр бўлишини тилаб қоламан.