Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Эрон йиғини давомидаги ўзининг дастлабки ўртоқлик учрашувини ўтказди. Эрон миллий терма жамоасига қарши ўйинда терма жамоамиз 1:6 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ўйиннинг 8-дақиқасида Шуҳрат Тожибоевнинг голи эвзига терма жамоамиз ҳисобни очган бўлса, 14-дақиқада форслар битта жавоб тўпи киритишди. Иккинчи бўлимда эса эронликлар Рустам Умаров дарвозасига яна 5та тўп йўллашга муваффақ бўлишди.
Ушбу ўйин терма жамоамиз учун таътилдан кейинги биринчи ўйини бўлди. Хосе Мария Мендез шогирдлари бугун Эронга қарши ўзларининг иккинчи учрашувларини ўтказишади.
Эслатиб ўтамиз, Эрон мамлакатида бўлиб ўтаётган ушбу йиғин, ўзбекистонлик футзалчилар учун шу йилнинг июнь ойида Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида старт оладиган ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари олдидан якуний тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Ўзбекистон футзал терма жамоаси қуръага кўра Осиё ўйинлари гуруҳ босқичида Қатар ҳамда Афғонистон терма жамоалари билан бир гуруҳда тўп суради.
Ўзбекистон футзал терма жамоаси Эрондаги йиғинга қуйидаги таркибда йўл олди:
Дарвозабонлар: Николай Кравченко («Ардус»), Клим Тюгаев («Максам-Чирчиқ»), Рустам Умаров («Локомотив»).
Майдондаги ўйинчилар: Нодир Элибоев («Локомотив»), Константин Свиридов («Локомотив»), Жавлон Аноров («Локомотив»), Шухрат Тожибоев («Ардус»), Дилшод Ирсалиев («Ардус»), Дилшод Рахматов («Ардус»), Олег Холмуҳамедов («БТА-Футзал, Қозоғистон), Даврон Чориев («Локомотив»), Жамолиддин Шарипов («Ардус»), Фарход Абдумавлонов («Ардус»), Артур Юнусов («Ардус»), Ғулом Мамажонов («Локомотив»).