Меҳмонлар мўжиза кўрсатмади. Кўрсатолмади, таслим бўлди. Ливан етиб келди...
Кутилганидек, ўйин мезбонларнинг кетма-кет ҳужумлари билан бошланди. Ўтган учрашувда Доҳада Қатарни мағлуб этишга ўз голи билан ҳисса қўшган Гучаннажот ушбу учрашувда ҳам кўплаб имкониятларга эга бўлди. Дастлабки вазиятда дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борганида ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилган бўлса, кейингисида унга узатилган тўп бироз баландлаб кетди. Орадан бироз вақт ўтиб энди ўнг қанотдан узатилган тўпни боши билан дарвоза йўллади - ноаниқ. Кейинги ҳужумда чап қанотдан Ҳошим Бекзода узатган тўпни жарима майдони ичида Можтаба Жабборий дарвозага йўллади. Ерлатиб берилган зарба ноаниқ чиқди. 12-дақиқада яна ўша Гучаннажот жарима майдонига кирар-кирмас йўллаган кучли зарбаси самарасиз бўлди.
Умуман олганда, дастлабки 15 дақиқадан сўнг Эрон терма жамоаси барибир гол уриши ойдинлашиб қолди. 25-дақиқада Ҳалатборий ўнг қанотдан тўпни Гучаннажотга узатди, ҳужумчининг зарбасига аниқлик етишмади. Ваҳоланки, унга ҳеч ким қаршилик қилмаган ва бу гол уриш учун ҳақиқий имконият эди. Кейинги ҳужумда жамоавий бўлиб олдинга ташланган Эроннинг ҳужуми Шожаийнинг зарбаси билан якунига етди. Бу сафар тўп йўлига ҳимоячилар ғов бўлишди. 32-дақиқа. Ҳимоячиларни алдаб ўтиб жарима майдонига кириб борган Жавад Некунам тўпни шеригига узатганида дарвозабон эгаллаб олди.
Кейинги ҳужумлар Корея билан ўйинда ҳам ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатган Аббос Ҳассаннинг сейфлари билан ёдда қолди. 32-дақиқада Жавад Некунам жарима майдонига ёриб кериб, шерикларига оширган тўпини эгаллаб олган Ҳассан 2 дақиқа ўтиб Муҳаммад Халатборийнинг яқин масофадан кучли ва аниқ зарбасини бартараф этди. Шундан сўнг қарши ҳужум уюштирган меҳмонлар вакили Ҳасан Маатуқ дарвоза томон зарба берди. Бу зарба бизга мезбонлар дарвозабони ҳам ўйинда эканлигини эслатди, холос. 35-дақиқа. Мезбонларнинг ўта хавфли ҳужумини Ҳасан Доҳир қайтариб юборди.
39-дақиқага келиб Ливан ҳимояси кўпга чидай олмаслиги маълум бўлди. Аввалги дақиқаларда ҳеч бир қийинчиликсиз меҳмонлар жарима майдонига кириб келаётган Эрон охир-оқибат ҳисобни очди. Бошқаларидан ҳеч ҳам фарқ қилмаган навбатдаги ҳужумларнинг бирида Халатборий Аббос Ҳассан дарвозасини ишғол қилди - 1:0.
Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди. Биринчи тайм мобайнида мутлақо хавфли вазият содир этмаган Ливан таймнинг сўнгги дақиқасида яна тўп ўтказиб юборди. Кетма-кет иккита бурчак зарбасидан сўнг жамоа сардори Жавад Некунам чиройли голи билан ҳисобни оширди - 2:0. Шу тариқа дастлабки бўлим якунига етди.
Иккинчи тайм бошланиши ҳамоноқ Ливан термаси тўпни ўз дарвозаси тўрида кўрди. Ризо Гучаннажот икки ҳимоячи таъқибига қарамай Аббос Ҳассан дарвозасини ишғол қилди ва ҳисобни йирик кўринишга келтирди. 47-дақиқада Масуд Сулаймон жарима майдони ичидан туриб кучли тарзда йўллаган зарбаси дарвозадан юқорилаб кетди. 49-дақиқа. Ливан футболчиси узоқ масофадан дарвоза томон кучсиз зарба йўллади, тўпни Аҳмадий эгаллаб олди. 52-дақиқада Тео Бюкер шогирдлари уюштирган ҳужум хавфли зарба билан якун топган бўлса, Карлос Кейруш шогирдлари ҳам бунга шу дақиқанинг ўзида хавфли ҳужум билан жавоб беришди.
63-дақиқада меҳмонлар жарима майдончаси ичида Муҳаммад Халатборий йиқитилди. Бу вазиятда бош ҳакам яққол пенальтини белгиламади. 67-дақиқада заҳирадан майдонга тушган Нодир Матарнинг узоқдан йўллаган зарбасига аниқлик етишмади.
Кейинги дақиқаларда Эрон "Озодий"даги минглаб мухлислари кўз ўнгида яхши кайфиятда эркинроқ тўп сура бошладилар. Энди вазифа уддаланиб бўлинган, жой куйдириб югуриш ҳам шарт бўлмай қолганди. Ҳужумлар кескинлиги ҳам сезиларда даражада пасайди. Балки шунинг учундир, баъзи дақиқаларда Ливан жонланиб қолар, аммо чинакам хавфли вазиятни барибир вужудга келтиролмасдилар. Форслар учрашув охиригача ҳимояда ишончли ҳаракат қилдилар. 2-тайм 41-дақиқасида Некунам дубль қайд этиб, ҳисобни янада йириклаштирди. Аббос Ҳассаннинг хафсаласи пир бўлганлиги унинг зарбадан кейин жойидан қимирламаганидан ҳам кўриниб турарди.
Шу тариқа, Бразилия-2014 йўлида бугун иккита терма жамоа барча ўйинларини ўтказиб бўлди. Бири Япония - қитьанинг ҳақиқий гранди эканлигини яна бир карра исботлади. Иккинчиси эса Ливан, бемалол айтиш мумкинки, турнирнинг қизиқарли жамоаларидан бўлди. Тео Бюкер шогирдлари катта эҳтимол билан келишилган дея таҳмин қилинаётган Қатарга қарши ўйинларни ҳисобламаганда, барча рақибларидан очко олишнинг уддасидан чиқди. Эронда эса байрам давом этади...
ЖЧ-2014 САРАЛАШ. "А" ГУРУҲИ. 9-ТУР. 20:30
ЭРОН - ЛИВАН - 4:0 (2:0)
Теҳрон. "Озодий" стадиони.
Голлар: Муҳаммадризо Халатбарий (39), Жавод Некунам (45, 86), Ризо Ғучаннажод (46)
Эрон: 1.Раҳмон Аҳмадий, 2.Хусро Ҳайдарий, 4.Саид Ҳуссайний, 6.Жавад Некунам (С), 7.Масъуд Сулаймон Шожаий (18.Муҳсин Мусалмон, 69), 8.Можтаба Жабборий (11.Ғуломризо Ризоий, 70), 9.Муҳаммад Халатборий, 14.Андраник Теймуриан, 15.Пежман Мунтазари, 16.Ризо Гучаннажот, 19.Ҳошим Бейкзода (3.Эҳсон Ҳожисафий, 80).
Захира: 5.Амирхуссайн Содиқий, 10.Меҳрдод Оладий, 12.Соша Маканий, 13.Ҳусайн Моҳиний, 17.Қосим Ҳададифар, 20.Умид Иброҳимий, 21.Фарзод Ҳотамий, 22.Алиризо Ҳақиқий, 23.Шожаий Ҳалилзода, 24.Муҳаммад Ризо Хонзода, 25.Муҳаммад Норий.
Ливан: 23.Аббос Ҳассан, 2.Ҳасан Доҳир, 4.Мутаз Жунайдий, 6.Муҳаммад Шамас, 7.Ҳасан Маатуқ, 8.Ҳасан Чаито (12.Нодир Матар, 45+1), 13.Фаёз Чамсине, 15.Ҳамза Саламеҳ (5.Нур Мансур, 76), 17.Муҳаммад Зоин Танҳан, 19.Маҳмуд Кожок (14.Муҳаммад Атвий, 67), 20.Аббос Атвий С).
Захира: 1.Меҳди Ҳалил, 11.Ҳусайн Авада, 18.Муҳаммад Ҳаммоуд, 21.Лари Меҳанна.
Огоҳлантиришлар: Аббос Атвий, Фаёз Чамсине.
Ҳакамлар: Тома Масааки, Отсука Ҳаруҳиро, Яги Акане, Лида Жумпеи (барчаси - Япония).