Конфедерациялар кубогида Мексикага қарши учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган Италия терма жамоаси аъзоси Андреа Пирло жарима зарбасидан гол киритишни орзу қилганини айтиб берди. Шунингдек, тажрибали ярим ҳимоячи "Маракана" стадионидаги мухлислар ҳақида ҳам гапириб ўтган.
"Жарима зарбасидан дарвозани ишғол қилишни орзу қилгандим. Биринчи ўйинда ғалаба қозониш жуда муҳим эди ва энди қайта тикланиш учун ихтиёримизда уч кун бор. "Маракана"дек стадионда мухлислар қўллаб-қувватлаши остида тўп суриш жуда ёқимли", дея Пирлонинг сўзларидан иқтибос келтиради хориж матбуоти.
Эслатиб ўтамиз, Италия терма жамоаси Мексика устидан 2:1 ҳисобида зафач қучди. Ўзининг термадаги 100-ўйинида Пирло гол уришга муваффақ бўлди. Италияликлардан Марио Балотелли яна бир тўп киритган бўлса, бунга Мексика терма жамоаси Хавьер Эрнандеснинг пенальтидан киритган голи билангина жавоб бера олди.