Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Корейсча илтифот, японча ҳакамлик, ўзбекча андиша ва тахминларим

Баҳо:
+2 | -

Тахмин қилишни яхши кўраман. Кўпинча тахминларим ўзини оклайди. Ёшлигимда газеталарда чоп этилган «Ваше мнение знатоки» конкурсларида бир неча бор ғолиб чиққанман. У пайтда хоккей ҳисобларини ҳам тахмин қилиб топишга тўғри келган. Бу жуда қизиқ. Икки жамоанинг кучига ва ўша пайтдаги ҳолатига қараб баҳо берасиз ва тахмин қиласиз. Топсангиз, ниманидир койил қилгандек хурсанд бўласиз.

Евро-2012да 11та учрашув натижасини топдим (ҳатто Испания-Ирландия 4:0). ЕЧЛда 10га яқин ўйинлар натижасида адашмадим (ҳатто “Барселона” – “Милан” 4:0). Кучли бешлик чемпионатларида ҳам бир нечта ўйинлар натижасини тўғри тахмин қилдим (ҳатто Испания кубоги “Малага” – “Барселона” 2:4)... Охирги тўғри чиққан иккита тахминим эса мени жуда хафа қилди. Қатар–Эрон учрашувида дуранг бўлишини жуда хоҳлаган бўлсам-да, тахминим яна ўзини оқлади - 0:1. Эроннинг нисбатан кучли эканини ҳис қилиш қийин эмас эди. Жанубий Корея – Ўзбекистон ўйинида мезбонлар ютишини айтган бўлсам-да, ниманинг ҳисобига бундай тахмин қилганимни тушунтириб бера олмайман. Бу анча олдин айтилган тахминлар эди холос. Ҳаттоки ҳамкасбим Зафар Қосимов «Даракчи» газетаси учун интервью олганида, термамиз Ж.Кореяга ютқазишини, лекин Қатарни ютиб жаҳон чемпионатига албатта чиқишимизни айтган эдим. Кореяликларнинг Ливан билан ўйинини куриб тахминларим, нотўғри чиқишини, футболчиларимиз Сеулдан очко олишларини, улар билан бирга стадионнинг ўзида байрам қилишни юрак-юракдан хоҳладим. Тошкент–Сеул йўналиши бўйича учаётган самолёт ичида ўтирар эканман, хаёлимда ўйиндан кейин футболчилар билан бирга жаҳон чемпионатини “нишонлар” эдим. Ҳаттоки ўтирган жойимда ён дафтарчамга репортаж охирида айтиладиган ажойиб, мақтовга бой, баландпарвоз гапларни топиб ёзиб ҳам қўйдим. Афсуски, шарҳим охирида бу гапларни айтиш насиб этмади.

Учрашувни тўлиқ кузатганингиз учун мен сафар пайтидаги энг эсда қоларли ҳолатлар ва Қатар билан ўйинга тахминларимни ёзмоқчиман, холос. Сеул аэропортида бизни (мен ва Асқар Толибжонов) Жанубий Корея футбол ассоциацияси аъзоси Ли Кванг жуда илиқ кутиб олди. Биринчи диққатимни ўзига тортган ҳолат — аэропортдан чиқаверишдаги катта кўчадан машиналар ўтмаётган бўлсада йўловчилар ўзлари учун яшил чироқ ёнишини кутиб турганликлари бўлди (бизда машина бўлмаса, югуриб ўтиб олишади). “Mayfield” меҳмонхонасига келганимизда меҳмонхона ишчиларининг эгилиб-эгилиб кутиб олишларидан корейс халқи жуда илтифотли эканлигини билиб олса бўларди. Боришим билан футболчиларнинг ҳолати билан қизиқдим. Сеулгача етиб келишда ноқулай об-ҳаво туфайли қийинчиликларга дуч келишган бўлишса-да, футболчиларимизни чарчоқ аломатлари тарк этгандек кўринди. Футболчиларимизнинг кайфиятлари анча яхши эди ва улар ўйин ҳақида кўп ўйлаб юбормасликлари учун ўзларини чалҳитишга ҳаракат қилишарди. Ўйин ва ғалаба жуда муҳимлигини ҳис қилиб туришарди.

Матбуот анжуманида 100га яқин журналистларнинг иштирок этганликлари, айниқса, фотомухбирларнинг кўплиги ўйинга бўлган қизиқиш катта эканлигидан дарак берарди. Ўйин ҳақида шуларни айтишим мумкинки, терма жамоалар бир-бирларидан қўрқиб ҳаракат қилишди, ҳаттоки мезбон кореяликлар ҳам. Буни бир-бирини урмасдан фақат зарба кутаётган икки боксчига қиёслаш мумкин эди. Дуранг натижага жон деб иккала терма жамоа ҳам рози бўлишарди. Бу натижа айниқса терма жамоамизга қўл келарди. Очиғини айтиш керак, корейслар кутганидан кўпроғини олишди. Об-ҳавонинг ноқулай келиши, япониялик ҳакамларнинг кичик хатолари бу сафар улар фойдасига ишлади. Чунки фақат узоқ масофага тўпни етказиб берилиши ёки фақат 2-қаватда Ким Шин Вук орқали ҳужумлар ташкил этилиши аслида биз учун қўл келишини кутган эдим. Чунки бундай услубда ўйнаган жамоада тўп назорати камроқ бўлади (Ж.Корея бу услубда Эрон билан қийналиши аниқ). Исломнинг тўпга сакраб ета олмаганлиги, сирпанчиқ майдонда Акмалнинг яна бир қадам кўя олмаганлиги голга олиб келди. Футболда омаднинг ҳам аҳамияти катта. Лекин тўп рақибнинг қўлига тегди, деб кўпчилик бўлиб ҳакам билан тортишишмаганларида, жой танлашда балки футболчиларимиз янглишишмасмиди. Чунки Гуанжоу футболчиси Ким Ёнг Вон жарима майдончаси ичида турган биргина Ли Кеун Хо томон таваккал тўпни етказди. Хуллас, бу сафарги тактика ўзини оқламади. Бор-йўғи иккита голга тортадиган вазият содир этилди, холос. Устига устак Эрон-Ливан ўйинидаги натижа мураббийларимизнинг кайфиятини анча бузиб юборганди.



Ўша куни ухламай чиққан Шуҳрат Мақсудов дардини тўкди: "Ҳозир шундай вазиятки, битта гап кам, иккита гап ортиқса. Қўллаб-қувватлаш керак. Футболчиларга ишониш керак. Биз Ж.Корея термаси билан ўйнадик ахир. Ҳужумга зўр бермаганимизнинг сабаби рақиб қарши ҳужумда кучли эди-ку. Бугун фақат омад кулиб боқди Ж.Кореяга. Дуранг ўйинга мос эди. Ливан терма жамоасининг баъзи бир ўйинчиларига ҳайронман. Қарши ҳужумда уч футболчи олдинга қараб кетишяпти, лекин ҳужум давом эттириш ўрнига ҳар сафар узоқ масофадан ноаниқ зарбалар йўлланмокда. Бечора Бюкер роса асабийлашди. Ироқ-Япония ўйинида Коваленко яхши ҳакамлик қилди. Ҳеч бир жамоа зарарига хато қилмади. Япония ғалаба қозонди. Баъзи бир журналистларга ҳам ҳайронман. Аввалига Абрамов услубини ёмонлаб, кейинчалик уни мақташга тушишади. Бир йил олдин ёзган танқидий мақолаларига кейинчалик ўзлари қарши чиқишади. Бир жамоа услубини ёмонлаб, орадан анча вақт ўтгач ўша услубда ўйнаш кераклигини бонг уришади. Ёки тескариси. Аввалига мақташади, кейин эса ўзларининг мақтовларини танқид қилишади".

Баъзи бир футболчилар билан суҳбатлашдим. Улар: "Нимага Ж.Корея ўйинига яна япониялик ҳакамлар белгиланганлигини, нимага Эрон биз билан бир вақтда ўйинни бошламаганлигини, нимага охирги ўйинни 17.00да бошлашимиз керак, андишанинг отини қўрқоқ дейишмайдими", деб айтишди. Ҳа, бу борада биз ҳам «Турдан-тургача» курсатувида кўп гапирган эдик. Бир томондан тўғри футболда майда-чуйда нарсалар бўлмайди. Иккинчи томондан эса ўзимиз гол урганимизда ҳозир бу гапларга ҳожат қолмаган бўлармиди?

Хуллас, Ливан, Қатар, Эрон, Гонконг, БАА, яна Ливан ва Ж.Корея билан бўлган ўйинларда қанчалик гол уришга кийналган бўлсак, бу сафар тактикани ҳам ўзгартириб ҳужумкор футбол ўйнашимизга тўғри келади. Чунки Ж.Корея-Эрон ўйини дуранг натижа билан ҳам якунланиши мумкин. Сабаби ҳозирда Эрон жудаям кучли ва бу терма жамоа ўйинида яна ўсиш кўзга ташланяпти. Қолаверса сўнгги ўйин. Эронни кучлироқ деб билсам-да, Ж.Корея ўз майдонида ўйнаяпти. Қолаверса, учрашувни хитойлик ҳакамлар бошкаришади.

“Бунёдкор” стадиони чимининг ҳолатидан хавотир олаётган бўлсам-да, футболчиларимизнинг 4та гол уришларига ишонгим келаяпти. Бу сафар ҳам қанотлардан, ҳам марказдан ранг-баранг ҳужумлар ташкил этишимизга тўғри келади. Керак бўлса Жасур Ҳасанов фақат юқоридан тўп оширмасдан пастдан узатмалар берсин, керак бўлса жарима майдонига кириб зарбалар берсин. Ва худди шундай Санжар Турсунов ҳам (ёки ўнг қанот ярим ҳимоячиси). Иккита ҳужумчи билан ўйнашга мажбурмиз. Балки Одил ҳам ҳужумда уйнар. Балки Сервер стандарт вазиятларни голга айлантирар. Шундай ўйнаш керакки, Грин «ғиринг» дея олмасин. Балки омад ҳам бизга бу сафар ёрдамга келар. Балки бу сафар ҳам тахминларим тўғри чиқар. Жанубий Корея - Эрон 1:1, Ўзбекистон-Қатар 4:0... (4:0 тахминларим уч марта ўзини оқлаган, қолаверса, Миржалол ҳам 4 рақамини яхши кўради). Барчангизга омад ва хотиржамлик ёр бўлсин.

Мурод РИЗАЕВ, ЎзМТРК шарҳловчиси

Манба: www.stadion.uz.

Бугун Мурод Ризаевнинг туғилган куни. Ҳамкасбимиз бугун 44 ёшга тўлди. Мурод акани табриклаймиз. Бу ерда ҳам 4 рақамлари :).

Киритилди: 13:09, 17.06.2013.
Ўқилди: 14389 марта.
Фикрлар: 145 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.