Англия терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухель "Тоттенхэм"нинг Анге Постекоглуни истеъфога чиқариш қарори ҳақида қандай фикрда эканини айтди.
"Шпорлар" Европа Лигасида ғолиб чиқди, аммо Премьер-лигада 17-ўринни эгаллади. Лондонликлар раҳбарияти мураббийни алмаштиришни лозим топди, бу ҳақда жума куни маълум бўлди.
"Бундай вазиятларда ҳар бир мураббийга ҳамдардлик билдираман. Ўзим ҳам шундай аҳволга тушганман ва бунинг даҳшатли эканини биламан. Мен Постекоглуни жуда ҳурмат қиламан, унинг феъл-атвори ажойиб. У "Тоттенхэм" билан иккинчи мавсумда соврин ютишини айтди ва у ҳақиқатан ҳам буни уддалади. Лекин ишимизнинг ўзига хослиги шундай. Биз натижалар ва жамоанинг ривожланиши учун жавобгармиз. Хоҳлаймизми-йўқми, баъзида бутун масъулият мураббий зиммасида бўлади," - деди Тухель ЖЧ-2026 саралашидан ўрин олган Андоррага қарши ўйин олдидан.













