Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ЖЧ-2013даги илк учрашувни кўк рангли либосларда ўтказади.
22 июнь, шанба куни Туркиянинг Бурса шаҳридаги «Crowne Plaza» меҳмонхонаси анжуманлар залида Янги Зеландия ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари менежерлари иштирокидаги ўйинолди митинги бўлиб ўтди. Митингни ЖЧ-2013нинг Бурса шаҳридаги бош координатори, ОФК вакили Шин Ман Гил олиб борди.
Митинг давомида бош координатор, шунингдек, ФИФАнинг ҳакамлар, тиббиёт, хавфсизлик, маркетинг ва медиа бўлимлари вакиллари терма жамоа вакилларига бўлажак ўйиндаги ҳаракатлар борасида тегишли кўрсатма ва маслаҳатларни беришди, аксарияти майда деталларга ўхшаб кўринадиган, бироқ учрашувнинг тўлақонли профессионал даражада ўтиши учун зарур бўлган бир қатор деталлар юзасидан тушунтиришлар беришди.
Митинг давомида Янги Зеландия ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари қандай рангли либосларда тўп суришлари аниқлаб олинди. Унга кўра, «F» гуруҳи 1-тур учрашувида мезбон мақомида тўп сурадиган Океания вакиллари ўзларининг анъанавий оқ рангли либосларида ҳаракат қилишади; жамоа дарвозабони эса тўлиқ қизил рангли либосларда тўп суради.
Аҳмаджон Мусаев шогирдлари эса ЖЧ-2013нинг дастлабки ўйинини кўк рангли либосларда ўтказишади. Жамоа дарвозабонлари шу куни қора рангли либосларда майдонга чиқишади. Парагвайлик Антонио Ариас бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси эса майдонда сариқ рангли либосларда ҳаракат қилади.
Шу кунларда Бурса шаҳрида ҳаво ҳарорати 30-32 даража иссиқ бўлиб турибди. Янги Зеландия ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари ўртасидаги ўйин мусобақанинг бошқа ўйинларига нисбатан барвақт – 17:00да бошланиши эътиборга олинса, ҳаво ҳарорати айни қизиган вақтга тўғри келади. Шундан келиб чиқиб, ФИФА Мусобақаларни ўтказиш Регламентига асосан, ўйин давомида икки марта – 30- ва 75-дақиқаларда футболчилар учун 3 дақиқалик танаффус ташкил қилинади. Бу вақтда тўп майдонда бўлмайди ва футболчилар сув ичиб олишлари мумкин бўлади.
ФИФАнинг Бурсадаги хавфсизлик бўйича вакилининг маълум қилишича, якшанба куни бўладиган ўйинга ҳозиргача 4,7 мингга яқин чипта сотилган, бироқ ўйин куни ушбу кўрсаткич сезиларли ошиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистондан ҳам юздан ортиқ ишқибозлар келиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 22 июнь куни, шунингдек, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Бурсадаги «Bursa Ataturk Stadium»da расмий ўйинолди машғулотларини ўтказади. Машғулотлар якунига етиши билан, Тошкент вақти билан 20:30да терма жамоа бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев ва терма сардори Владимир Козак иштирокида ўйинолди матбуот анжумани ўтказилади.