"Актобе" футболчиси Марат Бикмаевнинг жароҳати жиддий бўлиб чиқди.
У Премьер-лиганинг "Актобе" ва "Тобол" жамоалари ўртасидаги 9-турида жароҳат олганди ва дастлабки текширув натижалари кўра, мазкур жароҳат унчалик жиддий бўлиб кўринмаганди. Ўша вазиятда тўпнинг ортидан югурган Марат, майдон чизиғи ёнида тўпни эгаллаб олиш ва жамоасининг ҳужумини давом эттиришни мақсад қилганди. Бироқ кутилмаганда бахтсизлик юз берди ва майдон четидаги бетон тўсиққа урилди.
Яқинда ўтказилган қўшимча текширувлардан кейин ўзбекистонлик футболчининг тиззасини операция қилиш кераклиги аниқланди. Шу мақсадда Бикмаев ҳозирда Москвада бўлиб турибди.
Операциядан кейин Маратга тикланиш учун маълум вақт керак бўлади. "Актобе" клуби раҳбарияти чап қанотга бошқа футболчи қидиришмоқда. Клубни олдинда миллий чемпионат ва Европа лигасининг масъулиятли ўйинлари кутиб турибди.