Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Улуғбек Бақоев "Иртиш"да қоладиган бўлди. Кеча Бақоев "Иртиш" сафида захирадан майдонга тушди. Павлодарликлар "Жетису"га қарши ўйинда ҳудудий устунликка эришган бўлсалар-да, сўнгги дақиқада Шавкат Саломов томонидан киритилган гол эвазига мағлубиятга учрадилар.
"Ҳар икка жамоа ёрқин ўйин кўрсатишди. Биз ғалаба тўпини киритиш учун олдинга интилдик ва қарши ҳужумда гол ўтказиб юбордик. Албатта, бундай тарзда мағлубиятга учраш ёқимсиз. Бу ўйинни тезроқ унутиб, кейинги баҳсга тайёргарлик кўриш керак", дейди Улуғбек.
Футболчининг таъкидлашича, клуб раҳбариятининг рухсати билан у оилавий муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Павлодарга бироз кечроқ етиб келди. У Ўзбекистон терма жамоаси сафида 2та саралаш ва битта ўртоқлик ўйинида майдонга тушди. Жанубий Корея ўз майдонида Эронга ютқазиб қўйгани боис, Ўзбекистон тўғридан-тўғри ЖЧга чиқиш имкониятидан қўлдан чиқарди ва энди терма жамоа фақат плей-офф орқали Мундиалга чиқишга уриниб кўради.
"Саралаш ўйинлари якунлари биз учун жиддий руҳий зарба бўлди. Биз энди-энди ўзимизга келяпмиз. Бўлар иш бўлди. Корея ўз майдонида Эронга ютқазмаслигига умид қилган ҳолда, биз Қатар дарвозасига кераклича гол урдик. Энди Бразилияга плей-офф ўйинлари орқали боришга ҳаракат қилиб кўрамиз. Кичик бўлса ҳам имкониятимиз бор экан, охиригача курашамиз", дейди Бақоев.
Бундан ташқари ҳужумчи ёзги трансфер пайтида "Актобе" ўтиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзларга ҳам ойдинлик киритди.
"Ҳа, менинг бошқа жамоага ўтишим мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар бўлди, аммо бу шунчаки гап-сўзлар эди. Мен ҳозир "Иртиш" сафидаман, бу клубда ўйнайман ва қоламан . Бундан кейин ҳам павлодарлик мухлисларни хурсанд қилишда давом этаман" дейди ўзбекистонлик футболчи.