«Бавария» клубининг янги мураббийи Хосеп Гвардиола жамоада катта ўзгаришлар амалга оширмоқчи эканини маълум қилди.
— Беш йил аввал сиз «Барселона»да катта ўзгаришлар қилган ва жамоани ўзгартирган эдингиз. Роналдиньони ҳам таркибдан чиқаргандингиз. «Бавария»да ҳам шундай қиласизми?
— Йўқ, албатта. Биз аллақачон бу борада раҳбарият билан гаплашиб олдик. Жамоа тўртта совринни қўлга киритди, қандай қилиб бу футболчилардан кечиш мумкин? Менинг биринчи вазифам нимани ўзгартиришимни билиб олиш. Жамоа бир неча йил давомида шаклланган ва менгача қилинган ишларни ҳурмат қилишим керак. Мендан бундеслигада ҳаракат қилувчи қайси футболчини «Бавария»га олиб келган бўлишимни сўрашди, лекин мен ҳали уларни яхши билмайман. Мен аввало ўз жамоам билан танишиб олишим керак, кейин бошқа ишларга киришаман.
— Мюнхенга «Барселона»нинг бирор футболчисини олиб келмоқчимисиз?
— Албатта, буни жуда хоҳлаган бўлардим. Лекин бу осон иш эмас. Тасаввур қилинг, мен қандай қилиб «Барселона» футболчиларини йиғиб «сен, сен мен билан борасан» дейман? Ахир улар «Барселона» футболчиларику. Асосийси, менинг жамоамда ғалабага чанқоқ футболчиларнинг бўлиши. Бундан ташқари қўл остимдаги футболчилар менинг фалсафамга тўғри келишларини ҳам жуда хоҳлардим.
— Ўзингизнинг футбол фалсафангиз ҳақида гапирсангиз.
— Ҳужум, ҳужум ва яна ҳужум. Мана менинг фалсафам,- дейди мураббий.