Италия терма жамоаси бош мураббийи Чезаре Пранделли Конфедерациялар кубоги 3-ўрни учун баҳс олдидан жамоасининг тайёргарлиги ҳақида гапириб берди. Мутахассиснинг фикрларини Football Italia чоп этган.
"Уругвайга катта ҳурмат муносабатда бўламан. Бу мамлакатдан бўлган кўплаб футболчиларни шуғуллантирганман ва улар терма жамоа учун ўйнашаётганида нимани ҳис қилишлари тажрибамдан менга маълум.
Рақибимиз жўшқин ўйин кўрсатади. Уларга қарши тактикани шунчаки тайёрлаб бўлмайди. Бу терма жамоада ҳужум яхши шаклланган.
Учрашув бизга футболдаги билимларимизнинг ва тажрибамизнинг ошишига қўл келади. Жанубий Америка жамоалари билан кўп ҳам ўйнайвермаймиз. Бу ўйин майдонга кам тушадиган футболчилар учун ўзларини кўрсатиши имконияти ҳамдир. Бир қатор футболчиларимизда жароҳат бор, яна айримлари Испания билан ўйиндан сўнг ҳали тўлиқ тикланиб ололганларича йўқ. Биздан Де Росси, Кьеллини ва Жиландиноларни жароҳат олмасликдан иложи борича асраш талаб этилади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам келаси йилги Жаҳон чемпионатига тайёрмиз. Энди формани энг юқори чўққисида ушлаб туриш учун нима қилиш кераклигини биламиз.
Эл-Шаарави эртага майдонга тушадими, йўқми бу ҳали номаълум. Жисмоний жиҳатдан унда ҳеч қандай муаммо йўқ, лекин ундаги иштиёқ етарли эмас", дейди Пранделли.
Аввалроқ Пирло, Барзальи, Балотелли ва Абателарнинг майдонга тушмаслиги аниқ бўлганди.