Бу мақолани ёзишга бир неча бор чоғлангандим, лекин бугун фурсати етган экан. «Пахтакор»га адолатсизлик қилинмаяптими, деган савол мени анчадан бери қийнаб келади. Келинг, ҳаммасини бир бошидан бошлай қолақолай.
Ҳеч кимга сир эмаски, «Пахтакор» барча ёш тоифасидаги терма жамоаларга энг кўп ўйинчи етказиб берадиган клуб ҳисобланади. Бу ҳол жамоада болалар, ўсмирлар ва ёшлар билан ишлашни тўғри йўлга қўйилганлигига ва академиянинг ишлаётганлигига далолат қилади. Албатта, бу ҳол биз жамоа мухлисларини қувонтирмай қолмайди. Биз мухлислар термамиздаги «Пахтакор» футболчилари билан фахрланамиз.
Лекин танганинг икки томони бўлгани каби бу масаланинг ҳам иккинчи томони бор. Гап шундаки, «Пахтакор» футболчилари охирги пайтда терма жамоа йиғинларидан ортмай қолди, натижада муҳим ўйинларда бу нарса «Пахтакор»га панд бериб қўймоқда. Бунга мисол қилиб, ўтган мавсум Абрамов олимпиада терма жамоасини керагидан ортиқча ўзи билан олиб юрганини, натижада «Пахтакор» Осиё чемпионлар лигасини барвақт якунлашига сабаб бўлганини, бу йил эса ёшлар терма жамоасининг керагидан ортиқча йиғинлар ўтказиши натижасида севимли жамоамиз ички ва халқаро учрашувларда жуда муҳим бўлган очколардан маҳрум бўлаётганлигини кўрсатиш мумкин. Ҳеч қайси давлатда футболчилар мавсум аввалини терма билан бошламайдилар, чунки футболчи мавсум якунигача таъсир қиладиган юкламаларни фақат клубдагина олади. Бизда эса аксинча, натижада клуб ҳам, терма жамоа ҳам бирор бир натижага эришолмайди.
Ўзингиз ўйлаб кўринг, клуб йиллаб катта меҳнат эвазига ўйинчи етиштирса-ю, ўзига керак бўлганда ўйнатолмаса, айтингчи, шу адолатданми? Тўғри, Ватан шаъни биринчи ўринда туради, лекин шуни ҳам унитмаслик керакки, «Пахтакор» ҳам шу Ватанимиз шаънини ҳимоя қилади.
Биз мухлислар «Пахтакор» футболчиларини терма жамоалар сафида ўйнашига қарши эмасмиз, лекин ишга тўғри ёндашишлик тарафдоримиз. Ҳозирги кунда федерациямиз бор эътиборни терма жамоаларга қаратмоқда, натижада ички чемпионат ва клубларимизнинг халқаро учрашувлардаги иштироки кейинги даражага тушиб қолди. Ваҳоланки, терма жамоаларнинг кучайиши бевосита миллий чемпионатимизнинг савияси ва клубларимизнинг халқаро майдондаги иштирокига боғлиқ.
Ёшлар ўртасида ўтаётган жахон чемпионатига разм солсангиз, барча терма жамоалар ўз клубида асосий таркибда тўп сураётган ўйинчилар хизматидан воз кечишган. Улар биз каби бу чемпионатга биринчи ўриндаги мусобақа сифатида қарашмаяпти. Улар учун клубларнинг манфаати биринчи ўринда туради, чунки улар бизга ўхшаб фақат бугунни эмас балки, келажакни ҳам ўйлашади. Худди бизда бўлгани каби улар ҳам энг кучли футболчиларини олиб боришганида эди, ёш футболчилар клубидаги ўз ўрнини йўқотиб қўйган бўларди. Натижада асосий терма жамоага келганда биз каби Жахон чемпионатини орзу қилиб ўтиришарди.
Шу каби муаммоларни ҳал қилиш учун жонажон ПФЛимиз ички чемпионатимизга ва клубларимизга бўлган эътиборни кучайтирганда эди, ўз-ўзидан миллий терма жамоамиз рақобатбардош жамоага айланарди ва биз жахон чемпионатига чиқиш ҳақидамас, балки унда яхши иштирок этиш ҳақида ўйлаётган бўлардик.
Яна севимли жамоамизга қайтадиган бўлсак, ҳозирда бўлаётган ишлар «Пахтакор» ва унинг мухлисларига адолатсизликнинг ёрқин намойишидир. «Пахтакор» мухлислари ҳам ўз жамоаларини улкан натижаларини кўришга ҳақлидирлар. Мана икки йилдирки жамоамиз мавсумга тўлиқ таркиб билан тайёргарлик кўролмаяпти. Бу нарса мавсум давомида жамоамизга қимматга тушмоқда.
Бундан буёғига ЎФФ фақат бугунни эмас, балки келажакни ҳам ўйлайди ва миллий чемпионатимиз, қолаверса клубларимиз манфаатини биринчи ўринга қўяди, деб умид қиламиз. Акс ҳолда терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқишини орзу қилиб ўтираверамиз.
Яна бир нарсага алоҳида эътибор бермоқчийдим. Кўпгина сайтлардаги фикрлар саҳифасини ўқирканман, мухлислар томонидан севимли «Пахтакор»имиз шаънига тўғри келмайдиган ҳақоратли фикрларни кўришга мажбур бўламан. Гўёки чемпионатимиздаги барча адолатсизликларга ягона «Пахтакор» айбдордек. Ваҳоланки, ПФЛ чемпионатимизга бўлган эътиборни оширмасакан бу каби адолатсизликлардан кўпгина жамоалар жабр чекаверади. Севимли жамоамизни ҳақорат қилаётган мухлисларга шуни айтмоқчиманки, ўз вақтида сизнинг жамоангиз томонидан ҳам бизнинг клубга нисбатан адолатсизликлар бўлганини унутманг. Ундан ташқари сиз бу ҳаракатингиз билан ўзингизнинг қанчалар маънавий қашшоқ эканлигингизни кўрсатиб қўймоқдасиз. Агар ҳақорат қилиш керак бўлса, биз «Пахтакор» мухлислари ҳам сизнинг жамоангизни ҳақорат қилишга етарли асосларимиз бор, лекин биз мухлислар паст кетиб ғуруримизни ерга урмаймиз. Шундай экан бир-биримизни ҳурмат қилган ҳолда севимли жамоаларимизга мухлислик қилайлик.
Адҳамжон ЮСУПОВ (paxtakor2013@rambler.ru),
“Пахтакор” жамоаси мухлиси, Тошкент шаҳри