Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Ўзбекистон чорак финалда!

Баҳо:
+6 | -

Жамшид Искандаровнинг Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидаги ўрни жуда катта. У — "мия". Мусаев терма жамоамизни Жаҳон чемпионатига ақлли футбол ўйнаш учун олиб борганини дастлабки 2та ўйинда исботлади. Аммо жамоанинг муҳим аъзоси кутилмаганда жароҳат олганидан кейин тўп назоратига асосланган "интеллектуал" ўйин услубини қўллаш ўзини оқламасди. Шу боис бўлса керак, мураббийимиз Греция билан бўладиган ўйинга қарши ҳужум тактикасини танлади.

Греклар ҳам табиатан кўпроқ ҳимоявий ўйин кўрсатадиган, қарши ҳужумда ҳаракатланадиган жамоа ҳисобланади. Улар тўпни кўпроқ назорат қилишдию, аммо ёппасига ҳужумга ўтиб кетишмади. Биринчи бўлим ўрталаригача ҳар иккала жамоа эҳтиёткор ўйин намойиш қилди ва голгача деярли хавфли вазиятлар яратилмади.

Футболчиларимизнинг узоқ масофадан тўпни етказиш орқали ўйинни ташкил қилгани кўп ҳам ўзини оқламаган бўлса-да (аксарият ҳолатларда тўп йўқотилаверди), гол урилган вазиятда ушбу тактика иш берди. Владимир Козак чап қанотда тўпни эгаллаб олиб, ўнг қанотда жарима майдончасига кириб келаётган Махсталиевга тўпни етказди. Икки марказий ҳимоячи Сергеевни қўриқлаш билан овора бўлаётганида Аббос тўпни тўхтатмасдан дарвозага йўллади. Тўп устунга тегиб, дарвоза тўрига бориб тушди. Олтинчи рақамли ярим ҳимоячимиз аввалги ўйинларда имкониятларни йўққа чиқариш борасидаги айбини мана шу гол билан "ювди".

Ҳисобдаги устунликни биринчи бўлим охиригача ушлаб қолиш муҳим аҳамиятга эга эди. Аммо вакилларимиз грекларнинг голдан кейинги босимига дош бера олишмади. Аввалига Бобур Йўлдошев хавфли нуқтада юнон футболчисини чалиб йиқитди. Жианниотаснинг "тўққизлик"ка йўллаган зарбаси дарвоза устидан ўтиб кетди. Орадан икки дақиқа ўтиб, Максимилиан Фомин жарима майдончамиз ичида "подкат" ишлатди. Бу керакмасди. Африканинг 2011 йилдаги энг яхши ҳаками иккиланиб ўтирмасдан 11 метрли нуқтани кўрсатди. Греция сардори Константинос Стафилидис пенальтини аниқ амалга оширди. Унинг зарбасини кузата туриб, рақиб пенальтилар сериясига тайёрланганини сезиш қийин бўлмади.

Голдан кейин грецияликлар босимни камайтириб, яна эҳтиёткорлик "сигнал"ини ёқиб қўйган ҳолда ўйнай бошлади. Ўйин суръати тенглашди. Бироқ биринчи бўлим тугашига 3 дақиқа қолганида таянч ярим ҳимоячиларимиз жарима майдончамиз атрофидан Бучалакисга зарба бериш имконини беришди. Яхшиямки, зарба бироз ноаниқ бўлди.

Иккинчи бўлимни европаликлар анча ишонч билан бошлашди. Терма жамоамиз қарши ҳужумга ўтаётганида майдон марказида тўпни йўқотишди ва рақибга қайта қарши ҳужум яратиш имконини беришди. Жарима майдончамиз атрофигача тўп билан югуриб борган футболчи битта пас билан чап қанот ярим ҳимоячисини жарима майдончамизга чорлади. Сардор Раҳмонов сўнгги паллада тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборишга улгурди.

Иккинчи бўлим бошидаги 10 дақиқадаги босимга бош берган Мусаев шогирдлари аста-секин олдинга ўта бошлашди. Чап қанотда дарвозагача 30 метрлар масофадан белгиланган жарима тўпини Козак амалга оширди. Дарвозанинг олис бурчагига етказилган тўпни Бобурбек Йўлдошев дарвозага кирита олмади. Ваҳоланки, яқин масофада "Локомотив" футболчисига ҳеч ким халал бермаётганди. Лекин, кот-д'ивуарлик ҳакам тўп узатилаётган пайтда грек ҳимоячиси Сергеевни қўли билан ушлаб олиб (қучоқлаб), уни йиқитганини кўра олди ва пенальти белгилади. Боз устига, у 15-рақамдаги Коурмпелисга иккинчи сариқ карточкани кўрсатиб, уни майдондан четлатди. Ушбу вазиятда Игорга нисбатан ўйин қоидасини 8-рақамли Спиридон Фоурланос бузганди. Шу боис, африкалик ҳакам футболчига сариқ карточкани кўрсатишда адашди ёки у Коурмпелисга иккинчи огоҳлантиришни эътироз билдиргани учун берди. Нима бўлган тақдирда ҳам европаликлар 60-дақиқадан бошлаб бир киши кам бўлиб ўйнашга маҳкум этилди. Пенальтини эса Игорь Сергеев ишонч билан амалга ошириб, Ўзбекистонни ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Ушбу гол ва қизил карточкадан кейин руҳий ва ҳудудий устунлик марказий осиёликлар томонига ўтди. Мусаев шогирдлари ишонч билан ўйнай бошлашди. Греция эса бир киши кам бўлиб ўйнаётиб, таваккал қилишга мажбур эди. Натижада терма жамоамизда яхши имкониятлар юзага кела бошлади. Ана шундай имкониятларнинг бири 82-дақиқада навбатдаги пенальти билан якунланди. Игорь Сергеев тўп учун курашда рақибидан тўпни олиб қўйиб, эндигина захирадан майдонга тушган Ўринбоевга тўпни етказди. "Бунёдкор" ҳужумчисини Константидис орқасидан чалиб йиқитди. Ҳакам Нумандиес Дуэ эса ўйиндаги учинчи пенальтини белгилади. Бу сафар "нуқта" ёнига Сардор Раҳмонов яқинлашди ва хато қилмади. 3:1.

Орадан кўп ўтмасдан африкалик ҳакам ўйиндаги иккинчи марта қизил карточкани чўнтагидан чиқарди ва жамоаларни сон жиҳатдан тенглаштириб қўйди. Бобурбек Йўлдошев иккинчи огоҳлантиришини олиб, майдонни тарк этди. Бироз алам қиладиган томони, икки марказий ҳимоячиларимиз — Сардор Раҳмонов ва Бобур Йўлдошев чорак финал баҳсини ўтказиб юборадиган бўлишди.

Қолган дақиқаларда Греция ёшлар терма жамоаси деярли ҳеч нарса қила олмади. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўз тарихида илк марта чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Юртдошларимиз 1/4 финалда Франция-Туркия жуфтлиги ғолиби билан тўқнаш келади.

Ғалаба муборак, юртдошлар!

ЁШЛАР ЎРТАСИДА ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ. НИМЧОРАК ФИНАЛ
ГРЕЦИЯ - ЎЗБЕКИСТОН - 1:3 (1:1)
Голлар: Константинос Стафилидис (33-пенальти) — Аббосбек Махсталиев (27), Игорь Сергеев (62-пенальти), Сардор Раҳмонов (83-пенальти)
Огоҳлантиришлар:  Дмитриос Коурмпелис (5), Дмитриос Константидис (82), Константинос Триантафиллопоулос (86), —  Бобурбек Йўлдошев (30), Сардор Раҳмонов (79)
Четлатишлар:  Дмитриос Коурмпелис (60, иккинчи огоҳлантириш) — Бобурбек Йўлдошев (86, иккинчи огоҳлантириш)
Греция: 1. Стефанос Капино, 3. Константинос Стафилидис (С), 5. Константинос Триантафиллопоулос, 6. Панагиотис Баллас (Наврудис Бугаидис 58), 8. Спиридон Фоурланос, 9. Димитриос Диамантакос, 10. Димитриос Коловос, 11. Иоаннис Жианниотас (Антониос Ранос 73), 15. Дмитриос Коурмпелис, 16. Дмитриос Константидис, 18. Андреас Буочалакис (Анастасиос Бакасетас 68)
Ўзбекистон: 1. Асилбек Омонов, 2. Тоҳиржон Шамсиддинов, 3. Сардор Раҳмонов, 4. Бобурбек Йўлдошев, 5. Максимилиан Фомин, 20. Муҳсинжон Убайдуллаев, 18. Сардор Собирхўжаев, 6. Аббос Махсталиев, 8. Диёрбек Туропов (Абдул Азиз Юсупов 89), 7. Владимир Козак (Забиҳилло Ўринбоев 81), 17. Игорь Сергеев (Жасурбек Ҳакимов 85)
Ҳакамлар: Нумандиес Дуэ (Кот д’Ивуар), Сонгуифоло Йэо (Кот д’Ивуар), Жан-Клод Бирумушаҳу (Бурунди), Неан Алиум (Камерун).

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 21:50, 02.07.2013.
Ўқилди: 15469 марта.
Фикрлар: 162 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.