Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Туркияда давом этаётган ёшлар ўртасидаги 2013 йилги жаҳон чемпионати чорак финалида икки марказий ҳимоя хизматидан фойдалана олмайди.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси U-20 ЖЧ-2013 баҳслари доирасида шу кунгача жами тўртта ўйин ўтказди. Ушбу ўйинларда ҳакамлар ўзбекистонлик футболчиларни жами 9 марта сариқ карточка кўрсатди, ушбу карточкалардан иккитаси охир-оқибат қизилга айланди.
Янги Зеландия ва Хорватия ёшларига қарши ўйинларда сариқ карточка билан огоҳлантирилган чап қанот ҳимоячиси Максимилиан Фомин Уругвайга қарши гуруҳ босқичи сўнгги ўйинини ўтказиб юборди. Хорватияга қарши ўйинда, шунингдек, ўнг қанот ҳимоячиси Тоҳиржон Шамшитдинов ва марказий ҳимоячи Сардор Раҳмонов огоҳлантириш олди.
Уругвайга қарши ўйинда Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг икки нафар футболчиси венгриялик ҳакам Виктор Кашшаи томонидан огоҳлантирилди. Терма жамоа ҳужумчиси Абдул Азиз Юсупов рақибига нисбатан қўполлик қилгани учун сариқ карточка олган бўлса, Жалолиддин Машарипов рақиб жарима майдончаси ичида ўйин қоидасини бузгани учун огоҳлантирилганди.
Мусобақа регламентига кўра, гуруҳ босқичидаги сариқ карточкалар нимчорак финалда ҳам ўз кучини сақлаб қолади ва гуруҳ босқчичида огоҳлантирилган футболчи плей-оффнинг дастлабки ўйинида ҳам сариқ карточка олса, у ҳолда чорак финал ўйинини ўтказиб юбориши керак бўлади. Айни вақтда, нимчорак ва чорак финалларда сариқ карточка олган футболчилар ярим финал ўйинида майдонга туша олишмайди.
Грецияга қарши нимчорак финал учрашувида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳимоячиси Сардор Раҳмонов мусобақадаги иккинчи сариқ карточкасини олди. Шу сабаб, Францияга қарши чорак финал ўйинида майдонга туша олмайди. Айни вақтда, Грецияга қарши нимчорак финал ўйинида иккита сариқ карточкадан сўнг қизил карточка билан жазоланиб, майдондан четлатилган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси вице-сардори Бобурбек Йўлдошев ҳам чорак финал ўйинини ўтказиб юборишга мажбур.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси етакчи ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров ҳам Франция ёшлар терма жамоасига қарши ЖЧ-2013 чорак финал ўйинида жамоадошларига ёрдам бера олмайди. Футболчи Уругвайга қарши гуруҳ босқичи сўнгги тур ўйинида жароҳат олиб, сафдан чиққан, шу сабаб билан Грецияга қарши нимчорак финал учрашувини ҳам ўтказиб юборган эди.