Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси 6 июль, шанба куни Туркияда давом этаётган ёшлар ўртасидаги 2013 йилги жаҳон чемпионати чорак финал учрашувлари доирасида Франция ёшларига қарши баҳс олиб боради.
Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев мусобақа давомида журналистлар билан бўлиб ўтган мулоқотлари чоғида, жаҳон чемпионатида жаҳоннинг энг кучли 24 терма жамоаси иштирок этишини, босқичдан босқичга эса улар орасидаги энг кучли ва муносиблари сараланиб ўтиб боришини мунтазам таъкидлаб келади. «Биз барча рақибларимизни ҳурмат қиламиз, аммо улардан чўчимаймиз», - деганди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Хорватияга қарши гуруҳ босқичи ўйини арафасида.
Худди шундай, Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси мусобақа давомида ўзига рақиб бўлган ва рақиб бўлмаган барча жамоаларни ҳурмат қилади, улардан чиройли ўйин кутади ва ўзи ҳам рақибга нисбатан чиройли ўйин кўрсатишга интилади. Бироқ «ҳурмат қилиш» дегани, рақиб кучли бўлса, осонликча «жон берилади», дегани эмас, асло. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мусобақа давомида фақат бир марта – плей-офф босқичи йўлланмаси нақд қилиб бўлинганидан кейин Уругвайга қарши ўтказилган гуруҳ босқичи ўйинида йирик ҳисобда имкониятни бой берди, бироқ терма жамоа учун бу бир ёмон туш сингари бўлди.
Европа вице-чемпиони ҳисобланган Греция ёшлар терма жамоасига қарши ўйинда Аҳмаджон Мусаев шогирдлари ўрни келганда натижа учун ўйнаб, вақтида чиройли ҳам ўйнай олишларини намойиш этишди. Асосий таркибнинг энг асосий бўғинларидан бири – жароҳат олган Жамшид Искандеровнинг йўқлигини бошқа футболчилар сездирмасликка ҳаракат қилишди ва бунинг уддасидан чиқишди ҳам. Қайсидир маънода, Аҳмаджон Мусаевнинг: «Терма жамоамиздаги ҳар бир футболчининг ўз ўрни бор, бирининг ўрнини бошқаси боса олади», - деган гаплари худди шу куни ўз исботини топгандек.
Францияга қарши ўйинда, Искандеровдан ташқари, дисквалификация сабаб, таркибдаги ўрни сезиларли даражада катта бўлган марказий ҳимоячилар – Сардор Раҳмонов ва Бобурбек Йўлдошев иштирок этмайди. Бироқ уларнинг ҳам ўрни муносиб тўлдирилишига ишониш мумкин. Аҳмаджон Мусаев мусобақа давомида ташкил этилган матбуот анжуманларида Туркиядаги баҳсларга айни вақтда жисмоний, техник-тактик тайёргарлиги энг яхши бўлган футболчилар саралаб олиб келингани, ўйинда эса улар орасида ўйин куни энг яхши ҳолатда бўлганлари майдонга тушиши, ким майдонга тушишини эса фақат ўйин куни кўриш ва билиш мумкинлигини бир неча бор қайд этиб ўтган эди.
Агар натижаларга қараб хулоса қиладиган бўлсак, Греция финалига қадар етиб борган ёшлар ўртасидаги 2012 йилги Европа чемпионатида Франция «В» гуруҳида Англия ёшларидан кейин иккинчи ўринни эгаллаб, ярим финалга чиққан. Ярим финалда эса Испания ёшлар терма жамоаси билан 120 дақиқа давом этган ўйинда 3:3 ҳисобида дуранг ўйнаган ва фақат пенальтилар сериясида 2:4 ҳисобида имкониятни бой берган. Кейинчалик, испанлар финалда грекларни, қийинчилик билан бўлса-да мағлуб этиб (1:0), мусобақа ғолибига айланган эди.
Қайд этиш жоиз, жаҳон чемпионати баҳслари арафасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сўнгги хориж йиғинини айнан Испанияда ўтказиб, маҳаллий ёшлар терма жамоаси билан тенгма-тенг ўйин намойиш этган, фақатгина сўнгги дақиқада маҳаллий ҳакам томонидан Асилбек Омонов дарвозасига белгиланган пенальти сабаб имкониятни бой берган эди (2:3). Мана шу натижалардан келиб чиқиладиган бўлса, бугун Ризе шаҳрида ўтадиган ўйинда Франция қанчалик фаворит деб эътироф этилмасин, Аҳмаджон Мусаев шогирдларидан рақибга қарши тенгма-тенг ўйин кутиш мумкин.
Жаҳон чемпионатидаги бирорта ўйиннинг аҳамияти чорак финалдагида ўйиндан кам эмас. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Янги Зеландия, Хорватия, Уругвай, Греция ёшларига қарши қандай тайёргарлик кўрган бўлса, Францияга қарши ҳам худди шу каби жиддийлик ва тиришқоқлик билан ҳозирлик кўрди. Сўнгги машғулотлар 5 июль куни «Трабзонспор» футбол клубининг Али Йилмаз базасида ўтказилди. Назарий машғулотларда ҳам Франция ёшлар терма жамоасининг деярли барча устун ва камчилик жиҳатлари, хавфли ўйинчилари ва уларнинг эътиборга молик жиҳатлари диққат билан ўрганиб чиқилди, тушунтирилди.
6 июль, шанба куни Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўз фаолияти тарихидаги энг муҳим ўйинлардан бирини ўтказади. Ризе шаҳридаги «Йэни Шеҳир» стадионида Тошкент вақти билан 20:00да бошланадиган Францияга қарши ўйиндан сўнг Истанбулга эмас, балки, дастлаб Бурсага – ярим финал ўйини иштирок этиш учун боришни нафақат мухлислар, балки футболчилар жуда ҳам қаттиқ хоҳлашмоқда. Бунда футболчиларнинг майдондаги ҳаракатларидан ташқари, мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши ҳам муҳим ўрин тутади. Шундай экан, сизни шундай чорлаб қоламиз: «Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини қўллаб-қувватланг, унга омад тиланг ва ёшларимизга ишонинг!».