Павлодарнинг «Иртиш» клуби Европа лигаси 1-саралаш босқичи доирасида Болгариянинг «Левски» клубини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, кейинги босқичга йўл олди. Голлардан бирига муаллифлик қилган ҳамюртимиз Камолиддин Мурзоев ўйиндан сўнг Sports.kz сайтига ўз фикрларини билдириб ўтди.
—Камолиддин, ғалаба билан табриклаймиз! Айтингчи, бунга қандай эриша олдингиз?
— Табрик учун раҳмат! Учрашув жуда оғир ўтди. Биз ўйинни яхши бошладик ва иккита гол уришга муваффақ бўлдик. Шундан сўнг асосан қарши ҳужумларда ўйнадик. Юқори савиядаги рақибга қарши ўйинда ғалабага эришганимиздан хурсандман.
— Танаффус пайтида Талгат Байсуфинов нималар деди?
— Шиддатни тушириб қўймаслик ва рақибга бўш худудлар очиб бермаслик лозимлигини айтди. Кўпроқ ҳимоявий ўйин намойиш қилиб, асосан ҳужумда имкон туғилишини кутиш кераклиги ҳақида кўрсатма берди.
— Урган голингизни кимга бағишладингиз?
— Очиғини айтсам, онамга ва жамоамиз мухлисларига. Умид қиламанки бу менинг «Иртиш» таркибида Европа лигасида киритган сўнгги голим бўлиб қолмайди!
— Майдонда бўлганингизда 12-ўйинчи кўмагини ҳис қилиб турдингизми?
— Ҳа, мухлисларимиз бугун ўйингоҳда ақлбовар қилмас муҳитни юзага келтириб беришди. Ҳар биримиз уларнинг қўллаб-қувватлашларини ҳис қилиб турдик. Уларга катта раҳмат.
— Энди олдинда Босния ва Герцеговинанинг «Широки Бриег» клубига қарши ўйин кутиб турибди...
— Ҳа, бу осон рақиб бўлмайди деб ўйлайман. Аммо унга қадар бизни мамлакат чемпионатидаги «Тараз»га қарши ўйин кутиб турибди. Ҳозир биз бор эътиборимизни айнан мана шу учрашувга қаратганмиз.