Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Александр Пишур Осиё, ўзбек футболи ва Тошкентдаги ҳаёти ҳақида

Баҳо:
+ | -

Украиналик Александр Пишур қишки мавсумлар оралиғида "Бунёдкор"га келиб қўшилди ва жамоанинг энг яхши тўпурарига айланиб, муваффақиятли селекция бўлганини исботлади. Football.ua сайти мухбири футболчи билан кенг қамровли интервью уюштирди. Суҳбатнинг аксарият қисми Осиё ва ўзбек футболи ҳақида бўлган.

— Александр, Ўзбекистондаги фаолиятингиз дастлабки мавсумининг ярмини якунладингиз. Чемпионатда 12та ўйинда 13та, шунингдек, Кубок баҳсларида 1та ва Осиё чемпионлар лигасида 3та гол урдингиз. Бундай натижани кутганмидингиз?
— Ўз олдимга ҳамиша юқори натижалар қўйман. Қандайдир аниқ рақамдаги мақсадлар кутганимни айта олмайман, аммо кўп гол уришни режалаштиргандим.

— Қишда сизни Макаров хотирасига бағишланган мусобақада кўргандим ва сиз ўз формангизни сақлаб туриш учун Черниговскнинг "Десна" сафида ўйнаётгандингиз. Тез орада эса "Бунёдкор" йиғинига жўнаб кетдингиз. Ўшандан бери "Оболонь"да жиддий ўзгаришлар бўлди. Жамоанинг мусобақадан четлаштирилиб, бутунлай йўқ бўлиб кетишини кутганмидингиз?
— Ҳа, ўшандаёқ ҳаммаси маълум бўлиб улгурганди... Футболчилар олдида кўп қарзлар қолиб кетди. "Судга беринглар" деб айтишди. Лекин билан футбол кишиларимиз. Биз учун энг асосийси — ўйнаш. Шунинг учун "Оболонь" сафида ярим йил ўйнаб, қишда ўзимга янги жамоа излай бошладим.
 
— Киев жамоасининг сиздан қарзи кўпми?
— Ҳа, нафақат мендан, балки барча йигитлардан жамоа қарздор. Адашмасам, 5та ойликни олмаганмиз.
 
— Қишда Украинанинг турли лигаларидан бир нечта клублар сизга қизиқиш билдиришганди. Шунингдек, бошқа хориж клубларидан ҳам таклифлар бор эди. Нима учун айнан Ўзбекистонни танладингиз?
— Биз агентим Сефер Алибаев билан фаолиятимни давом эттириш учун вариантлар изладик, у менга "Бунёдкор"да ўз кучимни синаб кўришни таклиф қилди. Ўзбек клубининг таклифи мен учун оптимал бўлиб чиқди ва фаолиятимни бу клубда давом эттиришга қарор қилдим.

— Ўз вақтида "Бунёдкор" дунё матбуотининг олд саҳифасига чиққанди. Ўшанда жамоада Ривалдо ўйнаганди, жамоани Сколари шуғуллантирганди. Жамоада ўша пайтдан нималар қолган? Амбициялар ҳамон шундайми?
— Ўзбекистонда "Бунёдкор" энг яхши жамоа ҳисобланади. Шунингдек, клубни Осиёда ҳам ҳурмат қилишади. Албатта, ҳозир жамоанинг имкониятлари Ривалдо ва Сколари пайтидагидек эмас, у пайтда клуб ҳомийси бошқа эди. У ҳозир жамоа билан бирга эмас. Ҳозир жамоанинг ҳомийси Ўзбекнефтегаз компанияси ҳисобланади ва клуб муҳтожликка эга эмас. Стадион ҳам, база ҳам Европа даражасида.

— Ўзбекистон чемпионатининг айрим ўйинлари видеосини кўриб чиқиб, ўзим учун шундай хулоса қилдим: "Бунёдкор", "Пахтакор" ва "Насаф" Европа футболида сўнгги поғоналарда бўлишмаган бўларди. Хулосам тўғрими?
— Ҳа, бу жамоалар чемпионатда ажралиб туришади. Қолган жамоаларнинг савияси пастроқ.

— Дарвоқе, сиз "Пахтакор"га ҳам, "Насаф" дарвозасига ҳам гол урдингиз. Демак, мамлакатнинг энг кучли жамоаларига сизнинг "тиш"ингиз ўтмоқда?
— Нега "тиш"им ўтмаслиги керак? Барча билан ўйнаш мумкин.
 
— Қизиқ, Ўзбекистон чемпионатида сиз каби антропометрик кўрсаткичларга эга бўлган ҳужумчи борми?
— Йўқ, бунақасини кўрмадим.

— Демак, сиз у ерда «Гулливер»сиз. 16та голни қандай қилиб урдингиз? Голларингиз орасида сизга хос бўлган ўнг оёқда кучли зарба орқали киритилганлари ҳам бўлдими?
— Узоқдан гол урмадим негадир. Голларимнинг ярмини бош билан киритдим.
 
— Осиё чемпионлар лигасидаги дебютингиз нимаси билан ёдда қолди?
— Бу мусобақада савия бутунлай бошқача. Ўйинлар қизиқарли ўтди. Боз устига, осон бўлмаган, ҳақиқий "ўлим гуруҳи" тушдик. "Бунёдкор"дан ташқари гуруҳда Хитой, Жанубий Корея ва Япония жамоалари ўрин олишганди.
 
— Ҳа, қийин гуруҳ. Ўзбек клуби бундай "авторитетлар" орасида қандай қилиб туриб бера олди?
— Биз илк турданоқ яхши тезлик олдик. Хиросимадаги ўйинда ҳисобни мен очдим ва "Санфречче"ни 2:0 ҳисобида мағлуб этдик. "Поханг Стилерз" ва "Бейцзинг Гоан" билан дуранг ўйнадик. Кейин Хитойда ғалаба қозониб, Кореяда дуранг ўйнадик. Яъни, мусобақа жадвалида ҳавас қилиб бўлмас ўринларни биз учун тахмин қилишганди, аммо биз бирорта ҳам ўйинда мағлуб бўлмас, гуруҳда 1-ўринни эгалладик.

— Осиё чемпионлар лигаси мусобақаси қандай экан? Масштаб бўйича Европанинг шундай мусобақаси билан таққослаш мумкинми?
— Осиё қитъаси учун — ҳа, шубҳасиз. Ушбу мусобақани кузата туриб, футбол фақатгина Европа ёки Лотин Америкасикада юқори савияга етмаганини тушуниш мумкин. Мусобақа менда яхши таассурот қолдирди. Хитойда 50 минг мухлис қаршисида ўйнадик. Жуда яхши атмосфера ҳукм сурди, ҳақиқий футбол байрами бўлди.

— Шундай тушунча мавжуд: Осиё футбол Европаникига нисбатан секинроқ, аммо у ерда асосий эътибор техникага қаратилади. Ҳақиқатан шундайми?
— Ҳа, ҳақиқатан шундай. Улар кўпроқ тўп билан ишлашади.

— Осиёнинг кучли жамоалари — "Санфречче Хиросима", "Поханг Стилерз", "Бейцзинг Гоан" каби жамоаларига қарши ўйнашга муваффақ бўлдингиз. Чемпионатлар савияси ўсиб бормоқда. Европанинг кўзга кўринган футболчилари ҳам Шарқ мамлакатлари чемпионатларига бориб ўйнашмоқда. Қайси мамлакат футболи кучли экан: Япония, Корея, Хитой?
— Менга кўпроқ кореяликлар ёқди.

— Ҳозирги кунда Жей-лига ёки Хитой Суперлигасида кўплаб машҳур номларни учратиш мумкин. Машҳур футболчилардан қайси бирига қарши ўйнадингиз?
— Пекинликлар сафида "Севилья"нинг собиқ ҳужумчиси Фредерик Кануте ўйнади. Албатта, тажрибали футболчи экани кўриниб турди, аммо у "Бунёдкор"га гол ура олмади (кулади).

— Умуман олганда, Осиё стадионларида қайси Европа тили кўпроқ янграйди?
— Менимча, ҳар жойда бўлгани каби кўпроқ болқонликлар (серблар, хорватлар). Бизда ҳам уларнинг вакили бор. Таиланд жамоасида испан футболчиларига кўзим тушди.

— Ҳужумчи сифатида осиёлик ҳимоячилар сизда қандай таассурот қолдиришди? Замонавий ўйнашадими ёки ундай эмасми?
— Яхши ўйнашади. Аксарият ҳолатларда 4 нафар ҳимоячи битта чизиқда жойлашади. Фақат таиландликлар 5 ҳимоячи билан ўйнашди.

— ОЧЛнинг 1/8 финал босқичига чиқдингизлар, лекин бу босқичда ном жиҳатдан пастроқ бўлган таиландликларга ютқаздингизлар. Бу нарса алам қилгандир? "Бурирам" билан ўйинлар бошқача якунланиши ҳам мумкин эдими?
— Биринчи ўйиндан кейин муваффақиятсизлик ҳақида тасаввур йўқ эди. Таиланддаги ўйинда бемалол дурангни сақлаб тургандик, аммо стандарт вазиятдан гол ўтказиб юбориб, 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйдик. Уйдаги ўйинда эса вақтни уларнинг дарвозаси олдида ўтказдик, аммо улар тартибли ҳимояланишди ва ўйин голсиз дуранг билан тугади. Агар ҳимояни ёриб ўта олганимизда, ишончим комил, барчаси бошқача бўларди.

— Хитой, Япония, Корея жамоалари кўпчиликка яхши таниш. Таиландлик футболчилар эса европаликларга у қадар маълум эмас. Яхши жамоа эдими? Чорак финалга ҳақли равишда йўл олдими?
— Барибир биз бу жамоадан ўтишимиз керак эди. Ҳар ҳолда бундай гуруҳдан чиқишнинг ўзи катта гап.

— Раҳбарият халқаро мусобақада иштирокни қандай қабул қилди? Нимчорак финалда иштирокни тўхтатган бўлсангларда, оғир гуруҳдан чиқа олгандинглар?
— "Бунёдкор" ўтган йили ярим финалгача етиб борганди. Клубимизнинг амбициялари юқори.

— ОЧЛ мавзусига якун ясаганда, қаерда ўйнаш яхшироқ бўлди? Масалан, қайси стадионда байрамона кайфият, майдонда кескин кураш...
— Ташкилотчилик нуқтаи назаридан ҳар бир ўйин байрамдек ўтди. Японияда ташкилотчилик аъло даражада, Кореяда ҳам. Хитойда эса ҳақиқий ажиотаж.

— Сиз Осиё бўйлаб етарлича учдингиз. Иқлим, об-ҳаво, мухлислар сабабли ўйнаш ёқимсиз бўлган ўйинлар бўлдими?
— Таиландда ўйнаш оғир бўлди. Майдонга чиққанимизда ҳаво +42-43 даража иссиқ эди. уларнинг стадиони эса Британия стадионларига ўхшаб қурилганди — трубина майдонга жуда яқин эди. Стадион мухлислар билан тўлди. 25 минг мухлиснинг шовқин-суронини сўз билан ифодалаб бўлмайди. Улар 90 дақиқа давомида қўшиқ куйлашдан тўхташмади.
 
— Ўзбекистон чемпионатига қайтамиз. Сўнгги пайтда у ерда бир неча нафар украиналик футболчилар фаолият олиб боришмоқда. Майдонга чиққан пайтингизда таниш чеҳраларга кўзингиз тушдими?
— Ҳа, кўп жамоаларда ватандошларимиз бор. Лекин мен аввалдан фақат "Динамо" (Самарқанд) дарвозабони Андрей Мельничук билан таниш эдим.

— Бизникилар Ўзбекистонда кўп нарсага эришишди. Демьяненконинг "Насаф"даги фаолиятини эслаш кифоя. Украиналик легионерлар ушбу мамлакатда тан олинганми?
— Ўзбекларнинг украиналикларга нисбатан муносабати юзасидан шикоят қилишга тўғри келмади. Уларнинг муносабати яхши.

— Ўзбекистоннинг гранд клублари Украинада қандай ўринларга даъвогарлик қилган бўлардилар? Камтарроқ жамоалар-чи?
— Чемпионат модели нуқтаи назаридан ҳар иккала мамлакат чемпионати ўхшаш. Бизда ҳам, бу ерда ҳам яхши савиядаги 3-4 жамоа бор, қолганлар эса кучсиз. Ўзбекистоннинг кучли жамоалари бизнинг чемпионатда қандайдир ўринларга даъвогарлик қилишарди, аммо кучсизлари рақобатга дош бера олишмасди.

— Миш-мишларга қараганда "Бунёдкор" устидан ғалаба учун камтар жамоалар ўн баравар кўпроқ мукофот тўлашга тайёр экан. Демак, чемпионатда сизларга осон бўлмаяпти?
— Ҳа, шундай. Барча "Бунёдкор"га қарши кучли ўйин кўрсатишга ҳаракат қилади, худди бизда "Динамо" ёки "Шахтёр"га қарши ўйнагандек.

— Ўзбекистондаги ҳаёт қай даражада?
— Турлича. Бойлар ҳам, камбағаллар ҳам етарли. Украианада турмуш даражаси юқорироқ.

— Ҳақиқий Осиёча гўзаллик сезиладими?
— Дарвоқе, ҳа. Фақат Тошкент — Европача шаҳар. Кубок мусобақасида "Машъал" билан ўйнадик. Фақат стадион ва 2-3та уйлар чўл ўртасида турибди.

— Тошкентда қандай яшаяпсиз?
— Яхши. Ҳозирча меҳмонхонада яшаяпман, лекин менга қулай. Кўпинча базага қатнаймиз. Кўпроқ бошқа легионер — сербиялик Блажич билан суҳбатлашаман. Биз бир вақтга келганмиз ва базада ҳам битта хонада яшаймиз. Дўстона муносабатдамиз. Оилам вақти-вақти билан Тошкентга келиб туради. Шаҳар жудаям чиройли. Бу ерда дунёда энг қиммат бўлган бинолар бор. Умуман олганда, марказ чиройли, яшиллик...

— Собиқ Иттифоқ аҳолиси учун Ўзбекистон — бу дўппи, қовун ва ош. Ҳозир ҳам мазкур этнографик элементлар борми?
— Бор. Тўғри, дўппи кийган одамларни кўп кўрмадим. Ош эмас... Ҳар сафар базага келганимизда уни еймиз (кулади).

— "Бунёдкор"нинг энг принципиал рақиби ким?
— "Пахтакор".

— Ҳаттоки "Насаф" яқинда ОФК кубогини қўлга киритган бўлса ҳам?
— Бу ерда барчаси тарих билан боғлиқ. "Пахтакор" Иттифоқ давридан Олий лигада ўйнаб келган. Шунингдек, биз битта шаҳарда ўйнаймиз.

— "Бунёдкор" — нисбатан янги жамоа ва у ўз тарихи билан мақтана олмайди. Кимнинг мухлиси кўпроқ: "Бунёдкор"нинг ёки "Пахтакор"?
— Мухлислар борасида нолимаймиз. Уларнинг қўллаб-қувватлашини ҳис қилиб турамиз. Аммо "Пахтакор"нинг мухлислари кўпроқ.

— "Бунёдкор"ни яқин ўтмишда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси Миржалол Қосимов бошқаради. У қандай мураббий? Кварцяний билан таққослаш мумкинми?
 — Ҳозиирги пайтда у Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи. Шунингдек, у терма жамоада ҳам ишлайди. Ҳали ёш бўлса-да, шундай даражага кўтарилган.

— Дарвоқе, Ўзбекистон терма жамоасининг ишлари қай даражада? Собиқ иттифоқ мамлакатлари орасида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб қитъа миқёсида муваффақиятга эришганини — 1994 йили Осиё Ўйинлари ғолиби бўлганини барча ҳам билавермайди.
— Терма жамоа ўйини пайтида яхшигина ажиотаж юзага келади. Афсуски, улар тўғридан-тўғри ЖЧга чиқиш имкониятини қўлдан чиқаришди. Лекин саралашдаги иштирокни давом эттиришмоқда. Иорданя билан плей-офф баҳслари кутиб турибди. Барча терма жамоа Бразилияга боришини истамоқда.
 
— Қозоғистон ва Ўзбекистон чемпионатларида ўйнаётган украиналик футболчиларда доимо сўрайман: қайси чемпион кучлироқ? Ҳозир Қозоғистон чемпионати мухлислари жиддий асосга эга — Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи ўйинчилари Гейнрих ва Кападзе айнан "Актобе"да ўйнашмоқда...
— Назаримда, ушбу иккита лига бир хил савияга эга. Қозоғистон молиявий жиҳатдан яхшироқ.

— Қозоғистон УЕФАга ўтди, Ўзбекистон эса Осиёда фаолият олиб бормоқда. Қайси бири яхшироқ?
— Назаримда, футбол савиясини қайси конфедерацияга тегишлилик эмас, инвестициялар ва ривожлантириш дастурлари белгилайди.

— Инвестиция борасида ўзбек клублари ўз ўрнида. Масалан, "Бунёдкор" ўтган йили 35 минг ўринли замонавий стадионга эга бўлди...
— Бу — Тошкент безакларидан бири бўлди. Чиройли ва шинам стадион.

— "Пахтакор"ники ҳам ёмон эмас.
— Йўқ, бизники замонавийроқ!

— Стадионлар ҳеч бўлмаса ярмигача бўлса ҳам тўлмоқдами?
— Терма жамоанинг ҳар бир ўйинида стадион тўлади. Бизнинг ОЧЛдаги ўйинларимизга 10-15 минг мухлис йиғилади.

— Муваффақиятли ярим йил ортда қолди. Ҳисобингизда — 16та гол. Лекин ОЧЛдан чиқиб кетилганидан кейин бу ёғи зерикарли бўлмайдими?
— Бугун йиғинга жўнаб кетаман. Мавсумнинг иккинчи ярмига тайёргарлик кўрамиз. Зерикишга вақт йўқ. Иш — бу иш, шартнома — бу шартнома. Албатта, таиландликлардан ўта олмаганимиз афсусланарли. Сентябрда ОЧЛнинг чорак финалида ўйнаган бўлардик.
 
— Сиз ўз мисолингизда украиналик бошқа футболчиларга Ўзбекистон чемпионатига келиб ўйнашни тавсия қила оласизми?
— Албатта. Шароитлар яхши. Тошкентга бемалол йўл олиш мумкин.

— Ўз вақтида хорижнинг бошқа чемпионатида ўйнагансиз. "Ружемберок"да 11та гол ургансиз. Ўзбекистон ва Словакия чемпионатларини таққослай оласизми?
— Билмадим… Ҳозир ҳамма жойда футбол ўйнашни билишади.
 
— Унда асосий савол. Александр Пишур "Бунёдкор"да бахтлими?
— Ҳозирги пайтда мени барча нарса қониқтирмоқда.

Артур Валерко, Football.ua

Киритилди: 09:45, 15.07.2013.
Ўқилди: 7725 марта.
Фикрлар: 36 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.