Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

«Шўртан» қийин вазиятдан чиқиб кетиши керак

Баҳо:
+ | -

Олий лиганинг биринчи даврасини 13-ўринда якунлаган Ғузорнинг “Шўртан” жамоаси айни пайтда қийин вазиятга тушиб қолгани кўпчиликни бефарқ қолдирмаяпти. Аксарият мухлислар ҳозирда “Шўртан”ни бир қатор футболчилар тарк этмоқда, шу боис иккинчи даврада жамоага осон бўлмайди деган хаёлга боришмоқда. Аслида-ку, давралар оралиғида футболчиларнинг кетиши ва келиши табиий ҳол саналади. Бундан кўп ҳам фожеа ясаш керак эмас.

Ҳозирда клуб раҳбариятининг ҳам, мураббийлар штаби ва футболчиларнинг ҳам бор эътибори нима қилиб бўлмасин, “Шўртан”ни олий лигада олиб қолишга қаратилган. Бу борада клуб бош директори Оллоёр Расулов, мураббийлардан Зоир Тўрақулов ва Ихтиёр Каримов астойдил иш олиб боришмоқда. Тўғри, ҳозирда жамоа йиғинига янгилардан фалончи-пистончи қўшилди деб баралла гапира олмаймиз, лекин трансфер дарчаси ёпилишига ҳали вақт борлиги учун ҳозирда мураббийларимиз бу борада иш олиб боришмоқда ва яқин кунлар ичида янги ўйинчилар ҳақида маълумотга эга бўлсак ажаб эмас.

“Шўртан”нинг мураккааб вазиятга тушиб қолгани Қашқадарё футбол федерацияси раҳбариятини ҳам бефарқ қолдирмаяпти. Хусусан ҚФФ раҳбари Норқул Даминов куни кеча “Шўртан” вакиллари билан учрашиб, суҳбат асосан жамоанинг келажаги хусусида борди. Мулоқот давомида “Шўртан”ни олий лигада олиб қолиш мавзуси бир неча бор кўтарилди ва бу борада вилоят футбол федерацияси ҳам қўлдан келганча ёрдам қилишини Норқул Даминов айтиб ўтди.

“Шўртан”ни бош мураббий вазифасини бажарувчи сифатида бошқариб келаётган Зоир Тўрақулов билан суҳбатлашганимизда, Зоир ака клубни яқин орада Дилявер Абибуллаев билан Обид Жўрабоев тарк этиши мумкинлигини билдирди. Агар охир-оқибат шундай бўлиб чиқса, унда тез орада бу икки футболчилнинг ўрнини тўлдириш зарур бўлади. Чунки ҳар иккала ўйинчи ҳам биринчи даврада “Шўртан”нинг асосий футболчилари вазифасини бажаришди. Аммо ҳозирги кунда алмаштириб бўлмайдиган футболчининг ўзи йўқ. Мабодо Жўрабоев билан Абибуллаев жамоани тарк этгудек бўлса, ўйлаймизки, мураббийлар бу йўқотишларнинг ўрнини тўлдира олишади. Хусусан ўринбосарлар таркибида тўп суриб келаётганлардан Алишер Арслонов, Умар Эшмуродов, Толиб Очилов, Олим Каримов, Бобир Тўраев каби футболчилар учун аллақачон олий лигада тўп суриш фурсати етди. Бундан ташқари, Зоир Тўрақуловнинг ёшлар билан яхши ишлай олишини инобатга олсак, санаб ўтилган футболчилар айнан Зоир ака қўл остида олий лигада ўйнаб кетишса ажаб эмас.

Ҳамма ўз ташвиши билан банд, аммо футбол спорт ва кураш эканлигини инобатга олсак, бу ерда рақибларнинг ҳам ҳозирги кунда қандай шароитда эканлигини ўрганишимизга тўғри келади. Номларини санаб ўтишдан йироқмиз, лекин бугунги кунда қийин вазиятга тушиб қолган жамоа биргина “Шўртан” эмас. Муаммо ҳар бир жамоада бор, айниқса олий лигада қолиш учун ҳаракат қилаётган жамоаларда бу ҳол яққол кўзга ташланяпти. Иккинчи даврада чемпионлик учун кураш қанчалик қизийди билмадиг-у, лекин элитада қолиш учун баҳслар жуда жиддий кечишига шубҳа йўқ.

Қолаверса, биринчи даврадан сўнг 13-ўринда бўлиш, ҳаммаси тугади дегани эмас. Ҳали олдинда яна 13та ўйин бор ва астойдил ҳаракат қилсак, “Шўртан” қийин вазиятдан бемалол чиқиб кета олади. Чунки клубда бунга шароит ҳам, имконият ҳам етарли. “Шўртан”да мураббийлар қаерда машғулот ўтказамиз деб қийналишмайди, ахир машғулот учун майдонлар етарлича топилади. Шунингдек, ўйинчиларга ҳам имкон қадар клуб раҳбарияти томонидан яхши шароитлар яратиб берилмоқда. Фақат ўша футболчининг кўнглида “Шўртан” учун астойдил тўп суриш истаги бўлса бас.

Айтиб ўтганимиздек, иккинчи даврада “Шўртан” нима қилиб бўлса-да юқорига кўтарилиш учун ҳаракат қилади. Тўғри, биринчи даврада пул билан боғлиқ баъзи муаммолар учраб турди, лекин бизга маълум бўлишича, тез орада ҳаммаси яна жойига тушади. “Шўртан” ҳозирча аввалгидек кучли тўртлик учун кураш олиб бора олмаслиги мумкин, аммо иккинчи даврада клубнинг молиявий ҳолати миллий чемпионатда иштирок этаётган бир қатор клубларникидан кам бўлмайди ва жамоа йўқ деганда 9-10-ўринлар учун кураша олади. Бунга сабаб ҳам, шароит ҳам, имконият ҳам ва энг муҳими ишонч ҳам етарли. Жамоа таркибига олий лигада ўйнаб номи чиққан футболчилар келиб қўшилмаган тақдирда ҳам таркибда бўлиб турган ҳозирги футболчилар билан вазифа бажарилишига ишонамиз. Чунки олий лигада қолиш бажариб бўлмайдиган иш эмас ва ҳамма бир ёқадан бош чиқариб ишласа барчасини уддаласа бўлади.

Шу ўринда мухлисларимиздан ортиқча ташвишга тушмасликни сўраймиз. Фалончи-пистончи ўйинчилар кетиб қоляпти, энди нима бўлади каби саволлар юзага келаётгани бор гап. Лекин клуб томонидан трансферга қўйилган номларга бир эътибор қаратинг. Масалан, Павел Леус хорижлик дарвозабон бўла туриб бирорта каромат кўрсата олмади. У ўзи тушган учта ўйинда олтита гол ўтказиб юборди. Шундай экан, жамоага бундай легионернинг нима кераги бор? Ундан кўра ўзимизнинг Александр Корнейчук Леусдан минг марта яхши. Азиз Мансуров биринчи давранинг бирорта ўйинида майдонга тушмади, номи улуғланган Павел Соломин эса барча 13та беллашувда иштирок этган бўлишига қарамай, атиги битта гол урди. Ўз вақтида терма жамоада тўп сурган ҳужумчи учун олий лиганинг 13та ўйинида фақат битта гол уриш уят эмасми? Тасаввур қилинг-а, майдонда 868 дақиқа ҳаракат қилган футболчи атиги битта гол уряпти! Шавкат Раимқуловга келсак, ҳимоячи 8та баҳсда майдонга тушган бўлишига қарамай, жамоа ўйинига тезда киришиб кета олмади. Музаффар Умрзоқов эса жароҳати туфайли кўп вақтини даволаниш билан ўтказди. Шукур Жумабоев “Нефтчи”дан ижарага олинганди ва шартномага кўра ижара муддатини ўтаб яна Фарғонага қайтиб кетди. Шу холос.

Айтиб ўтганимиздек, мабодо Обид Жўрабоев билан Дилявер Абибуллаев клубни тарк этадиган бўлса, бу “Шўртан” учун катта йўқотиш бўлиши мумкин. Лекин мураббийларимиз бир амаллаб уларнинг ўрнини тўлдира оладиган ўйинчиларни топа олишади. Шундай экан, шу пайтгача ўринбосарлар таркибида тўп суриб келган йигитлар учун ўзларини кўрсатадиган пайт келди. Марҳамат, машғулотларда қаттиқ ишлаб асосий таркибдан жой олинг ва олий лига ҳавосидан баҳраманд бўлинг. Ахир ёшлар ўзларини ҳозир кўрсатмаса, қачон кўрсатади?

Манба: www.fcshurtan.uz
Киритилди: 12:38, 15.07.2013.
Ўқилди: 3764 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.