14 июлдан иккинчи даврага тайёргарлик кўришни бошлаган "Навбаҳор" аъзолари ҳафта охирига қадар Наманганда шуғулланишади. Дастлабки кунги машғулот олдидан футболчиларга мураббийлар штабида иш бошлаган Роберт Гай таништирилди.
Шундан сўнг “Динамо” ўйингоҳида ташкил этилган машғулот бошланди. Бугундан жамоа кунига икки маҳалдан машғулот ўтказмоқда. 20 июлдан эса “Навбаҳор” ўқув-машғулот йиғинини Тошкентда давом эттиради. Футболчиларимиз пойтахтда 28 июлга қадар шуғулланишади. Тошкентдаги йиғин давомида учта назорат учрашувида майдонга тушиш кўзда тутилган. Дастлабки ўйин 21 июль куни Қаршининг “Насаф” клубига қарши бўлиб ўтади. 24 июль куни эса жамоа аъзолари Красногорскда Зарафшоннинг “Қизилқум” жамоаси билан куч синашишади. Айни пайтда сўнгги учрашувда жамоамизга рақиб бўлиши кутилаётган жамоа номига ойдинлик киритилганича йўқ. Шу кунларда бу масалага ҳам ойдинлик киритилади. Жамоа аъзолари иккинчи даврага тайёргарликнинг сўнгги босқичини Наманганда ўтказишади. Намангандаги йиғин давомида “Андижон” жамоаси билан ўртоқлик учрашувини ўтказиш ҳам кўзда тутилган.
Жамоадаги ўзгаришлар хусусида тўхталадиган бўлсак, иккинчи даврада Расул Шуҳратов ва Обид Ҳакимов “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилмайдиган бўлишди. Мавсумлар оралиғида жамоамиз таркибидан ўрин олган ушбу футболчилар ўзларига билдирилган ишончни оқлай олишмади. Асосий таркибда соғлом рақобатни юзага келтириши кўзда тутилган ушбу футболчилар ёшлар жамоаси сафида ҳаракат қилишга мажбур бўлишди. Ҳакимов асосий таркибда битта ўйинда майдонга тушиб, 45 дақиқа ҳаракат қилган бўлса, Шуҳратов икки учрашувда атиги 60 дақиқа ҳаракатланди холос.
Дастлабки кунги машғулотда сафга ҳуқуқий жиҳатдан Қозоннинг “Рубин” клубига тегишли бўлган Аюбхон Гаппаров қўшилди. Ёдингизда бўлса ўтган мавсумнинг иккинчи қисмида Тошкентнинг “Локомотив” клуби билан шартнома тузган футболчи мавсумлар оралиғида яна Қозонга йўл олганди. Наманган футболи тарбияланувчиси бўлган Гаппаров навбатдаги мавсумнинг иккинчи ярмини “Навбаҳор”да ўтказиши мумкин. Айни пайтда таркибни кучайтириш мақсадида бир қатор футболчилар билан музокаралар олиб борилмоқда. Ушбу футболчиларни жамоанинг Тошкентдаги йиғинида таркибга қўшилиши кўзда тутилган.