I’m guilty. From the very beginning of the game did not develop. So, I’m guilty. We released Voronin with the score 0-2. Then, the score was 0:4. No one can predict what will happen if Voronin was on the starting line-up. Of course, I made a mistake in choosing the composition, game tactics.
Я виновен. С самого начала игра не складывалась. Так что, я виноват. Мы выпустили Воронина при счете 0:2. Затем счет стал 0:4. Никто не может предсказать, что произойдет, если бы Воронин был в стартовом составе. Конечно, я сделал ошибку в выборе состава, тактики игры.
Нима бу, деб ҳайрон бўлаётгандирсиз? Бироз аввал Россия Премьер Лигаси 3-туридан ўрин олган Москва дербиси бўлмиш «Динамо» – «Спартак» ўйини якунланди. Мезбонлар 1:4 ҳисобида мағлуб бўлишди. Динамочилар бош мураббийи руминиялик таниқли мутахассис, ўтмишда машҳур футболчи бўлган Дан Петреску ўйиндан кейин микст-зонада НТВ телетармоғи мухбири билан қисқа суҳбат асносида айтган сўзлари бу.
Кўрганлар бўлса айтсин ёки менинг ёзганларимга ишонаверсин, Дан Петреску бу гапларни айтаётганда на юз ифодасида, на ҳаракатларида ва на оҳангида кеккайиш, кесатиш, менсимаслик аломатлари йўқ эди. Мен сезмадим. Мағлубиятга учраганини очиқ тан ола билиш профессионализм. Мағлубиятга футболчиларни эмас, ўзини айбдор эканлигини тан олиш профессионализм. У бирорта футболчига айбни ағдармади. Ўзини оппоқ қилиб кўрсатмади. Савол бераётган журналистга менсимай назар ташламади. Жеркиб бермади. Жаҳл қилмади. Истеҳзо қилмади. Яна қайтараман, кўрганлар айтсин. Гувоҳ бўлинг. Бу биргина Дан Петреску мисолида. Европада қанча бундай мураббийлар.
Энди ўша ўйинни жонли эфирда шарҳлаб борган шарҳловчи Никита Елагиндан иқтибос келтираман. Ўйин давомида бирор клубга ён босганини сезмадим. Ҳар бир вазиятга ҳам имкон қадар холис баҳо беришга ҳаракат қилди. Тўқнашувларда борини гапирди: мана бу қора, мана бу оқ. Албатта, у хато қилгандир, мутлақлик йўқ ҳеч бир нарсада. Аммо хатоси бирор клубга симпатиясидан эмас, бирор қоида ёки ҳолатни ўзи томонидан, ўз билими даражасида таҳлил қилганидан бўлиши мумкин. Бундан ортиқ эмас. Мана шу шарҳловчи Дан Петрескунинг флеш-интервьюсидан сўнг нима деди, биласизми? "Молодец! Браво Петреску! Вину взял на себя. Ни слова о судестве, о погоде и о состоянии поля. Таким должен быть профессионал".
Энди мана худди шу икки инсон ўрнига Миржалол Қосимов ва ўзбек футболи журналистикасида кўп ҳурматли, аниқки, биздан кўп кўйлак йиртган, мартабали, "Футбол шарҳи" кўрсатуви ва "Футбол чорраҳаларида" эшиттириши ижодкорларини қўйиб кўринг. Матбуот анжуманларида кунда-шунда бўлган момиққина, силлиққина, мағлубиятга учрасак ҳам "аввало, ўйин учун раҳмат", деб гап бошлайдиган ҳамкасбларимиз айтишсин, қачон Миржалол Қосимов "ҳамма айб менда", деган? Деган пайтида ҳам шуни чин кўнгилдан, юзида менсимаслик ва истеҳзо ифодасисиз, киноя ва кесатишсиз айтганми? Агар мен эслолмаган бўлсам, эслатинг, адашганим учун узр сўрамаган номард.
Бизни кампаниявоз, деб айблаган ҳамкасбларимиз қачон Қосимовнинг ойдек равшан кўриниб турган айби бўлса ҳам "ҳа, у айбдор эди, бундай натижаларга мураббийнинг нотўғри тактикаси, ўйинчи танлашдаги хатолари, бир ҳужумчи билан ўйнаганимиз сабаб", дейишган?
Нега матбуоту ТВда Абрамовнинг мўйловидан тортиб миллатигача, пул топишни билишидан тортиб 0:6 натижасигача эринмай чайнаган журналистларимиз Қосимовга келганда эшилиб, буралиб қолишади? Нега Абрамовнинг биргина хатоси унинг ишдан кетишига сабаб бўладию, Қосимовнинг барча камчиликларига кўз юмилади? Камига, камчиликларни гапирганларнинг оғзига аямай уриб, лабини қонатмоқчи, тишини синдирмоқчи бўлишади? Нега Абрамов, Инилеев, Непомняшчий мағлуб бўлган ўйинидан кейин матбуот анжуманига кира солиб "мен айбдорман", деса ҳам, интервьюларда "айбингизни тан оласизми", деб боши берк кўчага тиқмоқчи бўлишса ҳам ҳеч ким унинг ёнини олиб ўша журналистларни кампаниявозликда айбламаган?
Нега Қосимов мағлуб бўлган ўйинларда футболчилар "бойкот" қилган, деган иддаодан тортиб, майдоннинг чими, об-ҳаво, ҳакам кабиларга айб ағдарилади? Саволлар кўп. Жавобини биласиз, азиз ўқувчи. Билмасангиз сўраб билинг, излаб билинг, теран фикрлаб билинг, виждонан билинг, тан олинг, хулоса қилинг, инсоф сўранг, яхшилик тиланг.
Ёзаяпману, хаёлимда бир гап — чайналган мавзуни чайнашдан чўчийман. Чунки миллий терма жамоамиз бош мураббийини танқид қилсак ҳақорат қилганга чиқариб қўйишяпти. Тавба қилдим, асло ундай ният йўқ, бўлмаган ва ҳақорат қилмаймиз ҳам. Миржалол Қосимовнинг қандай инсонлигини билиш истагим ҳам йўқ. Мен у киши билан қўшни эмасман, дўсти эмасман, бир товоқдан ош емайман, нард ўйнаб, чой ичиб ўтирмайман бирга.
Мен терма жамоага алоқадор кимдир ҳақида ёзяпманми, аввало Миллий Терма Жамоа манфаатлари учун қайғуриб, халқимизнинг Мундиалга, ғалабаларга лойиқ эканлиги ҳақида жон койитиб ёзаман. Менга миллий терма жамоа рулида ким эканлиги ростанам аҳамиятсиз.
Абрамовни ёқлаганман. Нега? Чунки натижа кўрсатди, ўйин чиройли, футболчилар мамнун. Нега ундан рози бўлмай? У йирик мағлубиятга учраганида танқид ҳам қилганман. Агар ҳамкасбларим матбуот анжуманларида Абрамовга қаттиқ, танқидий саволлар берганимни кўра туриб, ундай эмас, десалар, виждонлари сассиқ ҳовузга ғарқ бўлибди. Муносабатим Рауф Инилеевга ҳам шундай, бошқасига ҳам.
Мени "Пахтакор" жамоасини ёқлайди, дейишади. Сўранг-чи, матбуот анжуманларида Жалилов, Исмоилов, Ҳайдаровларга қандай саволлар берганману кетидан не-не аччиқ-тизиқ гаплар эшитганман? Айтмоқчиманки, менга мураббийнинг шахси қизиқмас. Мақола орқали ҳақорат қилиш ҳам менинг ишим эмас. Миллат жамоаси учун қайғуриш вазифамдир.
Stadion.uz сайтининг кампаниявозликда айбланган ходимлари ҳам худди шундай. Улар Қосимов ёки бошқа бировга шахсий хусумати йўқ. Миллат жамоаси учун койиниб ёзишади. Бизга бундай туҳмат қилаётганлар курашишнинг бошқа — ҳалолроқ йўлини танлашларини, нарса ва ҳодисаларни ўз номи билан аташларини, камчиликни камчилик, ютуқни ютуқ, мағлубиятни мағлубият, айбдорни айбдор, дея олишларини хоҳлаган бўлардим. Жудаям!
P.S. Ҳеч кимга ақл ўргатмоқчи эмасман. Ҳеч кимни ҳақорат қилмадим. Саломат бўлинг, миллатдош!
Бобур АКМАЛОВ