2013 йилнинг 19-28 июль кунлари Франциянинг Лион шаҳрида енгил атлетика бўйича ногиронлар ўртасида жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз, 2012 йили Лондонда бўлиб ўтган Паралимпия ўйинлари қатнашчиси Дониёр Солиев уч хатлаб сакраш мусобақаларида 15,06 м. натижа кўрсатиб, кумуш медал совриндори бўлди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур жаҳон чемпионати спортнинг ушбу тури бўйича нуфузи жиҳатидан Паралимпия ўйинларидан кейин турадиган мусобақа ҳисобланиб, бу йилги жаҳон чемпионатида 99 давлатидан келган 1100 нафар атлетлар ғолиблик учун кураш олиб боришди.
Эътиборлиси, Дониёр Солиев мазкур йирик спорт анжуманида нафақат ўзининг шахсий рекордини янгилашга, балки 2012 йилги Паралимпия ўйинларининг уч хатлаб сакраш мусобақаларида олтин медалга сазовор бўлган спортчининг натижасидан (15,01 м) ҳам юқори кўрсаткични қайд эта олишга муваффақ бўлди.
Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясидан олинган маълумотларга кўра, Франция давлатига йўл олган 5 нафар (Дониёр Солиев, Хусниддин Норбеков, Миран Сахатов, Фаррух Мирзақулов, Аброр Иброҳимов) спортчимиздан уч нафари кучли тўртликдан ўрин эгаллашган ва ушбу муваффақият енгил атлетика спорт турида бугунгача қўлга киритилган ютуқларнинг энг йириги ҳисобланади.
Тажрибали спортчимиз, қатор йирик мусобақаларнинг ғолиб ва совриндори Дониёр Солиев уч хатлаб сакраш мусобақаларида кумуш медал билан тақдирланган бўлса, Фаррух Мирзақулов ва Хусниддин Норбеков тўртинчи ўринни эгаллашди.
“Дониёр уч хатлаб сакраш мусобақасида иштирок этган спортчилари орасида энг ёши бўлишига қарамай, бугунги кунда дунёнинг етакчи спортчилари сафига дадил кириб бораётган юксак иқтидор эгаси эканлигини амалда яна бир бора исботлади, - дейди Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси Бош котиби Омонжон Ғофуров. Унинг ушбу муваффақияти мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг самараси деб биламан. Дониёрнинг жаҳон чемпионатида қўлга киритган натижаси тобора яқинлашиб келаётган Истиқлолнинг 22 йиллик шодиёналарига ўзига хос совға бўлганлигини ҳам мамнуният билан таъкидлаш жоиз. Энди истеъдодли спортчимиз, жорий йилнинг октябрь ойида Куала-Лумпур шаҳрида (Малайзия) ёшлар ўртасида ўтказиладиган II ПараОсиё ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. Умид қиламизки, мазкур қитъа ўйинларига йўл оладиган спортчиларимиз ҳам ўзларига билдирилган ишончни аъло даражада оқлайдилар”.
Эслатиб ўтамиз, ёшлар ўртасида биринчи ПараОсиё ўйинлари 2009 йили Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказилиб, унда ҳамюртларимиз 5 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза медалларига сазовор бўлишган.