41 ёшли бразилиялик ҳимоячи Тьяго Силва "Флуминенсе"ни тарк этади. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар берди. Футболчи бўлажак жаҳон чемпионати олдидан фаолиятида янги саҳифа очмоқчи.
Силванинг устувор вазифаси Европага қайтиш бўлиб, у январь ойидан бошлаб потенциал янги клубида ўйнай олади.
Эслатиб ўтамиз, Силва сентябрь ойида 41 ёшни қарши олган эди. Легионер "Флуминенсе"да 2024 йилдан бери ўйнаб келмоқда, аввалроқ у тўрт йил давомида Англияда "Челси"да ўйнаган. Бразилия терма жамоасига 2008 йилдан 2022 йилгача чақирилган.













