Ёшлар футболини ривожлантиришга қаратилган FIFA’нинг қатъий саъй-ҳаракатлари доирасида, FIFA Кенгаши ўғил болалар ва қизлар ўртасида ўтказиладиган, барча 211 та FIFA аъзо ассоциациялари учун очиқ бўладиган янги FIFA U-15 фестивал услубидаги турнирлар жорий этилишини тасдиқлади.
Илк мусобақа 2026 йилда ўғил болалар жамоалари иштирокида ўтказилади. Иккинчи турнир эса 2027 йилда қизлар жамоалари ўртасида ташкил этилади.
Ушбу ташаббус изчил давом эттирилиб, 2028 йилдан бошлаб барча аъзо ассоциациялар икки алоҳида мусобақада — ўғил болалар ва қизлар U-15 жамоалари билан иштирок этишга таклиф этилади. U-15 ёш тоифасидаги футболчиларнинг ривожланиш эҳтиёжларига мос равишда ўйинлар қисқароқ давом этади, кичикроқ майдонларда ўтказилади ҳамда жамоалар таркиби ҳар томондан 7 нафардан 9 нафаргача ўйинчидан иборат бўлади.
«Сўнгги йилларда FIFA ёшлар футболини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларини сезиларли даражада кучайтирди ва бунинг натижалари яққол кўриниб турибди. Биз ёшлар мусобақалари ва ривожланишини фаол тарғиб қилдик, бу эса табиий ва жуда қувончли навбатдаги қадамдир», — деди FIFA президенти Жанни Инфантино.
«Ўғил болалар ва қизлар учун FIFA U-15 фестивалларининг ўтказилиши FIFA’нинг дунё бўйлаб ҳар бир иқтидорга имконият бериш йўлидаги интилишларида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади ҳамда FIFA футболга қайта инвестиция киритаётганининг яна бир ёрқин намунасидир».













