Ўзбекистон кубоги, ярим финалидан ўрин олган иккинчи ўйинда ҳам дуранг натижа қайд этилди. Бу сафар дарвозаларга 4та тўп киритилди. Ваҳоланки, "Локомотив" "Жар" стадионида бўлиб ўтган ўйиннинг 82-дақиқасигача 2:0 ҳисобида олдинда бораётганди.
Кун иссиқ бўлгани учун жамоалар ўйинни унчалик тезкорлик билан бошлашмади. Ҳисобни эса меҳмонлар очишди. Акмал Холматов 30 метрлар масофадан белгиланган жарима зарбасини ўз услубида голга айлантирди. Тўпнинг ноқулай траекторияси Нестеровни чалғитди ва у зарбани қайтара олмади. Орадан 2 дақиқа ўтиб "темирйўлчилар" тезкор қарши ҳужум уюштиришди. Уч нафар "Локо" футболчиси икки ҳимояга нисбатан чиқиб боришди. Якуний зарбани Тожиев берди, унчалик кучли йўналтирилмаган тўпни эса Нестеров эгаллаб олди.
20-дақиқага келиб ҳисоб 0:2га кетди. "Локо" ҳимоячиси диагонал пас билан Абдуллаевни "Бунёдкор" дарвозабони Нестеров билан яккама-якка вазиятга чиқарди. Садриддин эса уни алдаб ўтиб, дарвозани ишғол қилди.
Қосимов шогирдлари вазиятни ўнглаш учун ҳаракат қилишди, аммо ҳа деганда бунинг уддасидан чиқа олишмади. 32-дақиқада Пишурнинг 20 метрлардан кучли зарбасини Бугало эгаллаб олди. Биринчи бўлим тугашига 5 дақиқа қолганида Жасур Ҳасановнинг ўткир бурчакдан йўллаган зарбаси рекошет орқали тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Тўпни дарвозага йўллаб қўядиган бунёдкорчи топилмади.
Иккинчи бўлимда ташаббус кўпроқ майдон эгалари томонида бўлди. 61-дақиқада Олег Зотеев ўнг қанотдан тўпни жарима майдончасига етказиб берди. ЖУда яхши жой танлаган ва ҳимоячиларга нисбатан бўйдаги устунликка эга бўлган Пишур бош билан зарба берди. Бироқ тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди.
Фарҳод Тожиев индивидуал маҳорати эвазига "Бунёдкор" марказий ҳимоячилари — Каримов ва Филипосяннинг ўртасидан ўтиб кетаётганида, Хайрулла ҳужумчини тепиб йиқитди. Ушбу жароҳат туфайли майдонни тарк этишга мажбур бўлди. 18 метрлардан белгиланган жарима зарбани амалга оширган Ислом Тўхтахўжаев эса мўлжалда бироз адашди. Ўша заҳоти ҳужумга ўтган мезбонлар гол уришлари мумкин эди. Бироқ Пишур дарвозагача 7-8 метр масофадан зарба беришни пайсалга солди ва натижада фурсатни бой берди — ҳимоячилар зарбага тўғаноқ бўлишди. Орадан 5 дақиқа ўтиб Иброҳимов шунга ўхшаш вазиятда дарвоза томон зарба берди — ноаниқ.
Ўйин тугашига 10 дақиқа қолганида Нагаев бирга-бир вазиятда Нестеровни доғда қолдира олмади. Иван ҳакам ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этиб, ҳуштак чалди деб ўйлаб қолди ва бир сония тўхтаб қолди. Натижада ҳисобни 0:3га етказиш имкониятини қўлдан чиқарди. Ушбу вазиятда Акмал Холматов 4-5 нафар футболчини алдаб ўтиб, тўпни Нагаевга етказганди.
Футболдаги қоидага кичик ўзгартириш киритилган кўриниши юзага келди — "сен урмасанг, сенга иккита уришади". Дастлаб қанотдан етказиб берилган тўпни Пишур бош билан қайтарди, Игорь Таран эса сакраётган тўпга чалқанча зарба бериб, Бугало қўриқлаётган дарвозанинг бурчагини аниқ нишонга олди. Чиройли гол бўлди. Орадан 2 дақиқа ўтиб эса Зотеев Пишурдан қабул қилиб олиб, қаршисидаги 2 футболчи орасидан ўтиб, дарвозани ишғол қилди. 80 дақиқа давомида ҳисобда олдинда борган "Локомотив" 2 дақиқа ичида 2та гол ўтказиб юборди.
"Темирйўлчилар" барибир ғолиб сифатида тарк этишлари мумкин эди. 90-дақиқада Акмал Холматовни шериклари ўнг қанотда жуда қулай вазиятга чиқаришди. Тожикистонлик футболчи тўпни чап оёғига мослаб, дарвоза томон зарба берди. Игнатий тўпни қайтарди. Қайтган тўпга Дилшод Жабборов зарба берди — ноаниқ.
Худди чемпионат баҳсида бўлгани каби ушбу жамоаларнинг "Жар"даги ўйини дуранг натижа билан тугади. Ўзбекистон кубогининг жавоб ўйини эса 22 август куни бўлиб ўтади. Ушбу жамоалар эса беш кундан кейин яна ўзаро тўқнаш келишади. Олий лига 14-тури доирасида "Локомотив" стадионидаги ўйин 5 август куни ўтказилади.
Ўзбекистон кубоги. Ярим финал, дастлабки учрашув
"БУНЁДКОР" - "ЛОКОМОТИВ" - 2:2
Голлар: Игорь Таран (82), Олег Зотеев (84) — Акмал Холматов (11), Садриддин Абдуллаев (28)
Огоҳлантиришлар: Лутфулла Тўраев (28), Хайрулла Каримов (69) — Дилшод Жабборов (12), Павел БУгало (45)
"Бунёдкор": Игнатий Нестеров (с), Акмал Шораҳмедов, Хайрулла Каримов, Марко Блажич (Олег Зотеев 44), Жавлон Иброҳимов, Олександр Пишур, Лутфулла Тўраев, Артём Филипосян, Жасур Ҳасанов (Сардор Рашидов 70), Дилшод Жўраев, Анвар Бердиев (Игорь Таран 63).
"Локомотив": Павел Бугали, Сардор Раҳмонов, Садриддин Абдуллаев (Виктор Карпенко 52), Акмал Холматов, Фарҳод Тожиев (Иван Нагаев 73), Жасур Ҳасанов, Ислом Иномов, Ислом Тўхтахўжаев, Шерзод Шарипов, Дилшод Жабборов (с), Оника (Дилшод Раҳматуллаев 78).
Ҳакамлар: Владислав Цейтлин (Тошкент), Хусниддин Шодмонов (Бухоро), Андрей Цапенко (Янгийўл), Ҳасан Рўзимов (Тошкент)
Назоратчи: Радик Серазитдинов (Тошкент)
2013 йил 31 июль. Тошкент. "Жар". 4082 томошабин