Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Навбаҳор” клуби дарвозабони Ўткир Юсупов “90 минут” лойиҳасига берган интервьюсида фаолиятини якунлашга тайёр бўлган даври, Европа ва Ўзбекистонда дарвозабонларга бўлган муносабат, шунингдек, танқидлар ортидаги руҳий босим ҳақида гапирди.
Юсуповнинг таъкидлашича, Европа футболида дарвозабонларга бўлган ишонч ва барқарорлик муҳим омил ҳисобланади.
“Европада дарвозабонлар доимий ўйин амалиётига эга бўлади. Масалан, Германияда Мануэль Нойер асосий дарвозабон, бироқ иккинчи посбон Тер-Штеген ҳам унга бемалол рақобат қила олади. Шунга қарамай, ҳар бир хатодан кейин дарвозабонни алмаштиришмайди”, деди Юсупов.
Миллий терма жамоа посбони Ўзбекистонда бу борадаги ёндашув бошқача эканини қайд этди.
“Бизда клубларда ҳам шундай ҳолат кўп учрайди: дарвозабон хато қилса, кейинги баҳсда бошқаси майдонга тушади. Бу эса ҳимоячи ва дарвозабон ўртасидаги коммуникациянинг йўқолишига олиб келади. Ҳимоячи ва дарвозабон бир-бирининг ҳаракатларини тўғри тушуниши жуда муҳим”, дея қўшимча қилди у.
Шунингдек, Юсупов фаолиятидаги энг оғир паллалардан бири Жаҳон чемпионати саралаш босқичига тўғри келганини маълум қилди.
“Туркманистон ва Эронга қарши учрашувларда яқин бурчакдан гол ўтказиб юборгандим. Шундан кейин танқидлар кўпайди ва ҳатто фаолиятимни якунлашга ҳам тайёр эдим”, деди дарвозабон.
Унинг таъкидлашича, ушбу вазиятда мураббийлар ва яқинларининг қўллаб-қувватлаши муҳим рол ўйнаган.
“Фаолиятимни якунлаш ҳақида ҳақда Ботирали Эргашевга айтдим, у менга далда берди. Дарвозабонлар мураббийи Ниҳад Пежкович эса хатоларни унутишим кераклигини, энг муҳими жамоа ғалаба қозониши эканини айтди. Яқинларим ҳам гап-сўзларга эътибор бермай, ўз устимда янада кўпроқ ишлашимни маслаҳат беришди”, дея сўзларини якунлади Юсупов.
Маълумот учун, Ўткир Юсупов 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичини доирасидаги 16 та учрашувнинг барчасида асосий таркибда майдонга тушди ва уларнинг 10 тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Қолган 6 та учрашувда эса 11 та гол ўтказиб юборди. 2-саралаш босқичи доирасидаги КХДРга қарши кечган ҳар икки баҳсда пенальтиларни бартараф этди ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тарихда илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритишида муносиб ҳисса қўшди.
Аввалроқ, Ўткир Юсупов бир ярим йиллик танаффусдан сўнг яна “Навбаҳор”га қайтгани хабар қилинган эди. Бунга қадар 33 ёшли дарвозабон Эроннинг “Фулад” клубида 2024 йил июль ойидан буён фаолият юритаётган эди. Transfermarkt маълумотига кўра, ўша вақтда “Фулад” Юсупов учун Наманган клубига 300 минг евро тўлаган.
Юсупов 2019–2024 йиллар давомида ҳам “Навбаҳор” сафида ҳаракат қилган. Шунингдек, у “Машъал”, “Насаф”, “Нефтчи” ва “Қўқон-1912” клубларида фаолият юритган.













