ОФК Тафтиш комиссияси бугун эрта тонгда юртимизга етиб келди ва тушликдан кейин Олий лига клубларини текширув ишларини олиб боришади. Режага кўра, комиссия 5 кун давомида Олий лиганинг 7та жамоасини назоратдан ўтказади.
Биринчи кун (1 август)
Бугун соат 15:00да комиссия аъзолари “Бунёдкор” стадионига ташриф буюришади ва клубнинг ҳужжатлари, янги стадионда яратилган шароитлар билан танишишади.
Иккинчи кун (2 август)
Комиссия аъзолари эрта тонгда самолёт орқали Андижон шаҳрига учишади ва у ердан машинада Наманганга етиб келишади. Тушга қадар “Навбаҳор” клуби фаолиятини баҳолашади. Тушдан кейин эса ОФК вакиллари машинада Фарғонага етиб келишади ва “Нефтчи” жамоасини тафтиш қилишади. Кечаси эса улар самолётда Тошкентга қайтиб келишади.
Учинчи кун (3 август)
Комиссия аъзолари эрталаб Сирдарё вилояти томон йўлга отланишади ва тушга қадар “Гулистон” жамоаси меҳмони бўлишади. Тушдан кейин эса Жиззах шаҳрига бориб, “Сўғдиёна” клубини таштиф қилишади. Кечки маҳал меҳмонлар машинада Самарқанд шаҳри томон йўлга чиқишади.
Тўртинчи кун (4 август)
Комиссия тонгда Самарқанддан Ғузор шаҳрига йўлга чиқади. Икки соатлик йўлдан кейин “Шўртан”нинг тафтиши бошланади. ОФК аъзолари Самарқандга етиб келиб, тушликдан кейин “Динамо” фаолиятига баҳо беришади. Кечки пайт эса улар поездда Тошкентга етиб келишади.
Бешинчи кун (5 август)
Соат 10:00да ЎзПФЛ вакиллари ва ОФК комиссияси ўртасида якуний йиғилиш бўлиб ўтади. Шу куннинг ўзида кечки маҳал меҳмонлар Куала Лумпурга жўнаб кетишади.
ОФК тафтиш комиссияси режасига "Пахтакор", "Локомотив", “Насаф”, “Бухоро”, “Қизилқум”, “Металлург” ва “Олмалиқ” жамоаларини текшириш киритилмаган. Бунинг сабаби ҳозирча номаълум.