Шу йилнинг октябрь-ноябрь ойларида БААда 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионати ўтказилади. Мусобақа ташкилотчилари ЖЧни юқори савияда ўтказиш учун қўлдан келган барча ишларни амалга оширишга ҳаракат қилишмоқда. Мусобақа директори Муҳаммад Абуллоҳ бин Бидуа бу ҳақда интервью берди.
— Мусобақага тайёргарлик ишлари қандай кетяпти?
— Биз мусобақага тайёргарлик ишларини деярли якунладик. Биз узоқ вақтдан бери турли ташкилотлар, турли шаҳарлардаги қўмиталар билан ҳамкорликда ишлаб келдик ва ишончим комил, мазкур мусобақадан мамлакатимиз фахрланади.
— Мусобақа ўтадиган шаҳарлар ва уларнинг тайёргарлиги ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
— Мусобақада 24 жамоа иштирок этади ва улар 6та гуруҳга бўлинишади. Абу-Даби шаҳри очилиш учрашуви, "А" гуруҳи ўйинлари ва финал баҳсига мезбонлик қилса, шунингдек, ўйинлар Дубай, Ал-Айн, Шаржа, Рас-ал-Хайма ва Фужайра шаҳарларида бўлиб ўтади. Ҳар бир шаҳардаги ташкилий қўмита тайёргарлик ишлари тугаганини тасдиқлади ва биз уларни текшириб чиқдик. Амалга оширилган ишлардан қониқиш ҳосил қилдик. Айрим жузъий камчиликлар бор, улар мусобақа бошлангунига қадар бартараф этилади.
— Жамоалар қандай тартибда гуруҳларга бўлинишади?
— Мусобақага қуръа ташлаш маросими 26 август куни ўтказилади. Жамоалар ФИФА рейтинги ва саватчалар асосида қуръага тортилишади. Мезбонларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда Осиёдан 5та жамоа иштирок этади. Уларнинг сафига Европанинг 6 жамоаси қўшилади. Шунингдек, КОНКАКАФ, КОНМЕБОЛ ва Африкадан 4тадан, Океаниядан эса 1та жамоа қатнашади. Жамоалар: БАА, Ироқ, Эрон, Японии ва Ўзбекистон (Осиё); Гондурас, Канада, Мексика ва Панама (КОНКАКАФ). Аргентина, Бразилия, Уругвай ва Венесуэла (КОНМЕБОЛ). Кот-д'Ивуар, Марокаш, Нигерия ва Тунис (Африка). Словакия, Швеция, Россия, Италия, Австрия ва Хорватия (Европа).
— Тайёргарлик жараёнида молиявий муаммолар юзага келмадими?
— Молиялаштиришнинг 3та манбаи бор. Энг катта ёрдамни БАА ҳукумати кўрсатмоқда. Биз Ёшлар ишлари ва спорт вазирлигига доимий қўллаб-қувватлаш учун миннатдорчилик билдирамиз. Иккинчи манба — ФИФА бўлса, шунингдек, турли ҳомий ташкилотлар ва маҳаллий компаниялар бизга ёрдам беришмоқда. Ҳеч қандай молиявий муаммолар йўқ. Ишончим комил, халқаро мусобақани юқори савияда ўтказа оламиз.
— БАА ўсмирлар терма жамоасининг тайёргарлиги қай даражада?
— Албатта, бу нарса биз учун катта аҳамиятга эга. Мезбонлар яхши натижаларга эришишини истаймиз. Терма жамоамиз кучли тайёргарлик дастурига эга. Улар ҳозир Туркияда ўқув-машғулотини ўтказишмоқда. Ҳайит байрамидан кейин терма жамоа кейинги йиғинларда иштирок этишади. БАА футбол ассоциацияси ўсмирларимизни яхши тайёрлашга ҳаракат қилишади ва улар иложи борича узоқроққа боришга интилишади. Терма жамоамизни қўллаб-қувватлашлари учун биз мухлисларни стадионга чорлаб қоламиз.