«Локомотив» - «Бунёдкор» ўйинидан кейинги матбуот анжуманида дастлаб "қалдирғочлар" бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этди.
— Ўйин икки хил тассурот қолдирди, икки хил бўлимни ўтказдик. Биринчи бўлимда жудаям яхши ўйнаб, бир нечта имкониятларга эга бўлдик ва улардан биттасидан фойдаландик. Иккинчи бўлимда эса йигитлар ташаббусни рақибга бериб қўйишди ва дуранг билан кифояландик. Ўйин дербига хос бўлди. Иккинчи бўлимдаги ўйин — "Бунёдкор"га хос эмас. Буни ўрганиб чиқиб, бунинг устида ишлаймиз.
— Асосий таркибда бир нечта ўзгаришлар қилдингиз. Бу нима билан боғлиқ?
— "Локомотив"га қарши Кубок баҳсида жуда ёмон ўйнадик. Ўша ўйиндан хулоса қилган ҳолда, асосий таркибда ўзгариш қилдим. Бу ўз самарасини берди ва биринчи бўлимда яхши ўйнадик.
— Бугун "Бунёдкор"нинг ёш футболчилари жуда хотиржам ўйнашди.
— Бу ҳолат қувонтирмай қўймайди. Сафимизда ёш, иқтидорли футболчилар кўп. Улар аста-секин жамоанинг асосини ташкил қилиб боришади. Ўйлайманки, шунда яхши жамоа юзага келади.
— Бугунги ўйинда ҳар иккала жамоа футболчиларида "браклар" кўп бўлди...
— Аллоҳдан бошқа барча хато қилади. Бу футбол. Ҳар бир ўйинчи тезроқ ҳаракат қилиш мақсадида шошқалоқликка йўл қўйишди. Давралар оралиғида олинган дамдан кейин улар яхши формага кириб боришади.
— Туркия футбол федерацияси ўртоқлик ўйини бекор қилганини расман эълон қилди. Бу ҳақда фикрингиз.
— Буни энди эшитиб турибман. Шунинг учун бу ҳақда бирор нарса дейиш қийин. Эртага Ўзбекистон футбол федерациясига борганимдан кейин бунга аниқлик киритамиз.