АҚШ миллий жамоаси ЖЧ-2026 гуруҳ босқичида таниш рақибларга дуч келади. Ҳар ҳолда, америкаликлар яқинда Австралия ва Парагвай термаларига қарши ўйнаб, ҳар иккисини енгишганди. Шунингдек, УЕФА «плей-офф» босқичи «D» йўлининг фаворити сифатида тилга олинаётган Туркия термаси ҳам ўтган йилнинг июнь ойида Мауриcио Почеттино шогирдлари билан тўқнаш келганди. Бундай ҳолат рақибларнинг кучли ва заиф томонларини яхшироқ тушуниш имконини беради, бироқ акс таъсири эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Яъни хотиржамлик жамоа зарарига ишлаши мумкин. АҚШ термасининг мундиал қуръасидан энг кўп илҳомланган футболчиларидан бири – ҳужумчи Фоларин Балогун. Ҳар ҳолда, 24 ёшли футболчи ўтган йилнинг ноябрь ойида Пенсильвания штати Честер шаҳрида Парагвай термасига қарши кечган ўртоқлик ўйинида ғалаба голига муаллифлик қилганди. Умуман, Балогуннинг «Монако»даги ҳолати ҳам жуда яхши. Мисол учун, у яқиндагина Европа ЧЛнинг кетма-кет 3та ўйинида гол қувончини туйган америкалик биринчи футболчи бўлди. Бунга қадар Англия ёшлар термасида ҳам ўйнашга улгурган истиқболли ҳужумчи ўзи учун илк ЖЧга катта умид боғламоқда. У ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида турли масалаларга тўхталди: мундиалга боғлиқ ёшлик хотиралари, АҚШ термасининг ҳали янада кучайиш имконияти, бўлажак глобал турнирдаги ўзи учун идеал рақиблар…
– АҚШда меҳмон бўладиган навбатдаги жаҳон чемпионати қуръаси ҳақида нима дейсиз?
– Яқин орада биз билан дуч келган жамоаларга қарши ўйнаймиз. Бу рақиблар ўйинини таҳлил қилиш ишларини бироз енгиллаштиради, албатта. Дейлик, футболчиларда маълум тасаввур йўқ эмас. Дейлик, Парагвай термасига қарши ўйнаб кўрган футболчи сифатида бу рақиб таркибида жисмонан бақувват ва охиригача курашадиган йигитлар борлигини яхши биламан. Менимча, таниш рақиблар билан ўйнашимиз бизга ёрдам беради, фақат бу имкониятдан самарали фойдаланишимиз керак. Энг катта руҳий устунлик шуки, Австралия ва Парагвай термаларини мағлубиятга учратгандик. Демак, яна ғалаба қозонишимиз мумкинлигини биламиз, агар тактикамиз, интенсивлигимиз ва фидойилигимиз жойида бўлса, ЖЧ гуруҳ босқичида муваффақиятга эришамиз. Қисқаси, талаб даражасида тайёргарлик кўрсак, австралиялик ва парагвайликларни яна енга оламиз. Ҳозирда чўчиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ.
– Ноябрь ойида Парагвай термасига қарши баҳсда ғалаба голини ургандингиз. Ўша гол сиз учун нечоғли муҳим эди?
– Ажойиб лаҳза. Клубимда кетма-кет муҳим ўйинларда гол ургандим ва юқори спорт формасини миллий жамоада ҳам кўрсатишим шарт эди. Рақиб жуда кучли бўлгани учун ҳам ўша ғалаба қадри баланд. Қисқаси, Парагвай термаси билан учрашувда ижобий натижага ҳисса қўшганимдан бағоят хурсандман.
– Туркия термасининг гуруҳга тўртинчи жамоа сифатида қўшилиши эҳтимоли катта. Бу рақиб қанчалик жиддий хавф туғдириши мумкин?
– Шубҳасиз, ажойиб миллий жамоа. Яқинда ЧЛда «Галатасарой»га қарши ўйнадим ва туркиялик мухлислар яратган муҳитдан чинакамига ҳайратландим. Турк футболида мухлислик даражаси ғоят баланд, босим чидаб бўлмайдиган ҳолатда. Демоқчиманки, Туркия термаси ортида ўта кучли қўллаб-қувватлаш базаси бор. Қолаверса, жамоа чуқур кузатувга лойиқ юқори сифатли футболчиларга эга.
– АҚШ миллий жамоаси гуруҳ босқичидан ўрин олган 2та ўйинни Лос-Анжелесда, яна бирини Сиэтлда ўтказади. Хўш, стадионларда қандай муҳит кутмоқдасиз?
– Ишончим комил, яна бир ажойиб тажриба бўлади. Бир неча йил давомида миллий жамоада ўйнаяпман ва мухлисларимиз бизни сира ёлғизлатиб қўймасликларини Америка кубогида кўрдим. Масалан, Атлантада 60 минг мухлис кўз ўнгида майдонга тушдик. Мухлислик чинакамига ўзгача бўлди. Шундай экан, ЖЧда янада кўпроқ энергия, янада кучлироқ муҳит ва рақибларга нисбатан юқорироқ босим кутишим мумкин. Кўпчилик бўлажак мундиал барча даврларнинг энг йирик спорт тадбирига айланишини тахмин қилмоқда. АҚШдек катта мамлакат якдил қўллаб-қувватлаб турса, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас.
– АҚШ терма жамоаси ўйини сўнгги ойларда сезиларли даражада яхшиланди. Буни қандай изоҳлайсиз?
– Менимча, тараққиёт учун аввало, бош мураббий Маурисио Почеттино ва унинг штабига миннатдорчилик билдириш керак. Чунончи, жамоада бошқача муҳит яратилди. Ҳозирда ҳеч қайси футболчига таркибда жой кафолатланмаган. Олдин бундай эмасди. Менимча, футболчиларнинг катта захирасига эга АҚШ учун шундай ёндашув жуда зарур эди. Эҳтимол, илгари баъзи йигитлар ўзлари ўйнайдиган лига даражаси туфайли кафолатланган жойга эга эканлинликларини ўйлаб, хотиржамликка берилишгандир… Терма жамоага бирор марта чақирилмаган баъзи истеъдодлар эса руҳан тушкун ҳолатга тушиб, умид узишгандир балки. Почеттино эса бутунлай янгича фалсафа билан келди: агар кимдир Европада эмас, дейлик, MLS каби лигаларда яхши ўйнаётган бўлса, унга ҳам имконият берилади, албатта. Бу асосий футболчилар учун огоҳлантирувчи қўнғироқ ҳисобланади. Табиийки, йигитлар ушбу ёндашувга тезкор реакция ҳам билдиришяпти. Муҳими, Почеттино ўйинга ақл ва тактик эътиборни ҳам қўшди. Менимча, шу тариқа мураббийлар штаби ва таркиб ўртасидаги ўзаро алоқалар анча яхшиланди.
– Яқинда Европа ЧЛда кетма-кет 3та ўйинда гол урдингиз. Ҳозирги спорт формангиздан қанчалик қониқяпсиз?
– Муаммо йўқ, лекин ҳали янада самаралироқ ўйнай олишимни биламан. Ишончим комил, ўйинларга кучли таъсир кўрсатиш салоҳиятига эгаман. Мана, ЧЛда илк марта мунтазам равишда асосий таркибда ўйнай бошладим ва кетма-кет 3та баҳсда рақиблар дарвозасига йўл топдим. Албатта, «Монако» ғалабалари йўлида муҳим голлар уриш, шу аснода жамоанинг кейинги босқичга чиқишига ҳисса қўшишни истайман. Хуллас, ҳозирги ҳолатимдан хурсандман, шунинг баробарида бундан кўпроғини хоҳлайман.
– Болалик йилларидан ЖЧга тааллуқли ёқимли хотираларингиз борми?
– Албатта. Илк ёрқин хотираларим 2010 йили ЖАРда ўтказилган мундиалга доир: Шакиранинг вирусга айланган қўшиғи, Лионель Месси, Криштиану Роналду ва бошқа юлдузлар… ЖЧда менга энг ёқадиган томони шуки, ҳар қандай футболчи ёки жамоа катта саҳнага чиқиши мумкин. Оддий айтганда, сиз 5-6та гол уришга қодир юлдузлардан ҳам, ҳеч кимнинг назарига тушмаган аутсайдерлардан ҳам илҳом олишингиз мумкин. Ўзи футболда «сюрприз»ларни ёқтираман — ҳар доим шоуни белгилайдиган кимдир топилади. ЖЧ эса кутилмаган ҳодисотлар майдонидир. Қисқаси, мундиалда ҳар бир кишининг ўз сюжети бўлади ва менга шу жиҳат ёқади.
– Хўш, Балогун бўлажак ЖЧда учрашишни хоҳлайдиган муайян жамоа ёки футболчи борми?
– Қайтараман, сенсацияларга ўчман. Шу маънода Португалия, Аргентина, Франция термалари каби энг кучли рақибларга қарши ўйнашни истайман. Бундай учрашувларда барчани ҳайратга солиш имкони бор. Футболда топ-жамоаларни енгиш учун ҳал қилувчи лаҳзалар бўлади ва бу дунёнинг сенга нисбатан қарашини буткул ўзгартиради. Шундай экан, умид қиламанки, турнирнинг кейинги босқичларида топ-жамоаларга дуч келамиз ва уларни енгиш асносида шов-шув кўтарамиз. Франция, Аргентина, Португалия, Испания термалари – булар мен жамоам билан мағлуб этишни истайдиган рақиблар. Оддий айтганда, бутун турнирда зафар қучиб, катта сенсация улашишдан умидворман.
Манба: fifa.com , А.АҲМЕДОВ тайёрлади













