«Барселона» президенти Жоан Лапорта клуб президентлигига қайта номзод қўйиш учун истеъфога чиқди. У билан бирга клуб бошқарув кенгаши аъзолари ҳам лавозимларини тарк этди. Бу Каталония клубида янги президент сайловлари олдидан қонунчиликка кўра мажбурий тартиб ҳисобланади. Лапорта ўзининг амалдаги президентлик муддати якунларини ОАВ вакилларига тақдим этди.
«Сўнгги беш йил давомида қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу вақт мобайнида яна “Барселона” президенти бўлиш имкониятига эга бўлдим — бу мен учун катта шараф эди. Мен қонун талабларига мувофиқ истеъфога чиқяпман, чунки директорлар кенгашидаги ҳамкасбларим билан бирга қайта сайловларда иштирок этмоқчимиз. Улар ҳам қонун талабига биноан, қайта номзод қўйиш учун истеъфо беришга мажбур бўлишди.
Биз сўнгги беш йилда бажарилган ишлардан қониққан ҳолда кетяпмиз. Клуб барча жиҳатлардан беш йил олдингидан анча яхшиланди, деб ҳисоблаймиз, бу эса клубга садоқат ҳиссига эга ходимлар ҳисобига амалга ошди — мен буни жуда қадрлайман. Бошқарув даражасида ҳам ўз ишини яхши биладиган ва клубга садоқатли раҳбарлар бор. Шунингдек, “Барса”ни қутқариш керак бўлган пайтда менинг президентлик лавозимида қолишимга имкон яратган директорлар кенгашидаги ҳамкасбларимга раҳмат айтаман. Биз клубни сақлаб қолдик ва молиявий аҳволини тикладик.
Спорт йўналишида ҳам бу ёқимли палла. Директорлар кенгаши билан бирга “Барселона” мухлисларига қувончни қайтара олганимиздан жуда фахрланамиз. Бугун мухлислар бахтиёр ва бунинг сабаби аниқ: биз лигада биринчи ўриндамиз, Испания Кубогида курашни давом эттиряпмиз, олдимизда “Атлетико”га қарши қизиқарли ярим финал турибди, Суперкубокдаги ғалаба эса бу мавсумда совринлар сари тўғри йўлда эканимизни кўрсатди. Умид қиламанки, Чемпионлар лигасида ҳам илгарилашда давом этамиз», — дея Лапорта сўзларини Mundo Deportivo нашри келтиради.
Каталония клубининг янги президенти сайлови 15 март куни бўлиб ўтади. Ғолиб эса 1 июлдан расман ўз лавозимига киришади.













