Ўзбекистон шахмат терма жамоаси бош мураббийи, 2004 йилги FIDE Жаҳон кубоги ғолиби Рустам Қосимжонов Tata Steel Chess турнирида бош совринни қўлга киритган Ўзбекистоннинг биринчи рақамли гроссмейстери Нодирбек Абдусатторовнинг нафақат шахмат, балки футболдаги қобилиятини ҳам алоҳида таъкидлади.
“Инсон шахмат билан шуғулланса, танаси ва мияси чарчайди. Шу сабаб уни ‘қайта ёқиш’ учун бошқа спорт тури билан шуғулланиш керак. Нодирбек футболни ҳам жуда яхши ўйнар экан. Нуфузли шахмат мусобақасида ғалаба қозониб қайтди, энди бу ерда ҳам голлар уряпти. Бунга қойил қолиш керак”, дейди Қосимжонов “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Менимча” дастурига берган интервьюсида.
Аввалроқ Нодирбек Абдусатторов Лондон шаҳридаги “Арсенал” клубига тегишли “Эмирейтс” стадионида ўтказилган London Chess Classic–2025 турнирида ғолибликни қўлга киритганидан сўнг берган интервьюсида футболга қизиқиши, ҳар ҳафта муҳим ўйинларни томоша қилиши ва Англиянинг “Манчестер Сити” клуби мухлиси эканини айтиб ўтган эди.
“Ушбу стадионнинг муҳити ўзгача. Аввал фақат бир марта футбол стадионида, аниқроғи, Эйндҳовенда Магнусга қарши ўйнаганман. Ўша баҳс ҳам яхши таассурот қолдирган. Умуман олганда, футболни жуда яхши кўраман, ҳар ҳафта учрашувларни томоша қилиб бораман. Севимли клубим — “Манчестер Сити”. Юртимиздан чиққан футболчининг бундай катта клубда тўп тепаётгани мени жуда қувонтиради. Шу сабаб “Сити”га мухлислик қиламан”, деган эди Абдусатторов.
Маълумот учун, 2026 йилнинг 16 январидан 1 февралига қадар Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида ўтказилган нуфузли Tata Steel Chess халқаро турнирида Нодирбек Абдусатторов 13 тур якунига кўра 9 очко жамғариб, якка пешқадам сифатида чемпионликни қўлга киритди.
Турнир давомида у ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандҳа, чехиялик Нгуен Таи Даи Ван, амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу, германиялик Винсент Кеймер ва Матиас Блуэбаум каби кучли гроссмейстерларни мағлуб этиб, барқарор ва ишончли ўйин намойиш этди.
Мусобақада яна бир ўзбекистонлик гроссмейстер — амалдаги Жаҳон Кубоги ғолиби Жавоҳир Синдоров ҳам муваффақиятли иштирок этди. У 13 турда 8,5 очко тўплаб, иккинчи ўринни эгаллади ҳамда турнир давомида 4 ғалаба ва 9 дуранг қайд этди.













