Туркия чемпионати — азалдан қарама-қаршиликлар ва йирик амбицияларга тўла, бироқ 2025/26-йилги мавсумда Суперлига бутунлай бошқача сценарий асосида давом этмоқда. Дунё футболи юлдузлари учун “ўлжа майдони”га айланган чемпионатда доим захира вариант сифатида қаралган Элдор Шомуродов тўпурар бўлиб турибди. Италиянинг кўплаб нашрлари, жумладан Unionesarda ҳамда Teleradiostereo ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовнинг Туркиядаги ўйинларидан ҳайратда эканлигини ёзган.
Юлдузлар соясидан тахтгача
Италиянинг нуфузли нашрлари ўзбекистонлик форварднинг “Башакшеҳир” сафидаги уйғонишини ҳақиқий сенсация деб баҳолади. Суперлига тўпурарлар жадвалига назар ташлаган ҳар қандай мухлис у ерда Виктор Осимҳен, Мауро Икарди ёки Марко Асенсио каби юлдуз футболчиларни кўришга одатланган. Бироқ реал манзара бошқача: тўпурарлар пойгасининг мутлоқ пешқадами айнан Шомуродовдир.
“Бу шунчаки омад эмас, бу — тўғри муҳит ва ўзига бўлган ишончнинг бирлашган нуқтасидир”, деб ёзади Италия матбуоти.
Рақамлар:
Мавсумнинг ярми ортда қолган бир паллада Элдорнинг кўрсаткичлари жуда яхши кўринишда:
Голлар сони: 16 та (шундан 15 таси Суперлигада);
Голли узатмалар: 5 та;
Асосий рақиблар: Пол Онуачу (“Трабзонспор”), Мауро Икарди (“Галатасарой”) ва Талиска (“Фенербаҳче”).

Элдор нафақат ўз жамоасининг, балки бутун лиганинг энг хавфли ҳужумчисига айланди. Унинг мавсум бошидаги кетма-кет голлари тасодиф эмаслиги барқарор натижалар билан исботланди.

“А Серияда “Женоа”, “Специя”, “Кальяри” ва “Рома” сафида барқарор ўйин кўрсата олмаган Шомуродов Туркияда ўзини қайта кашф этди. Элдор “Башакшеҳир”да ҳужум марказидаги асосий фигурага айланган. Тезкорлик, бўш зоналарга очилиш ва жамоадошлар билан комбинацион ўйин. Буларнинг барчаси Элдорнинг кучли жиҳатлари сифатида тўлиқ намоён бўлмоқда. Туркия грандлари ўзининг оптимал таркибни топишга уринаётган бир пайтда, ўзбекистонлик ҳужумчи барқарорлиги билан бошқалардан яққол ажралиб турибди. У деярли ҳар турда гол урмоқда ва жамоасини олдинга етакламоқда”, дейилади Teleradiostereo нашрида.
Италия матбуоти Элдорнинг “Кальяри”даги ўтмишини ҳам ёдга олмоқда. 2023-2024 йиллар давомида сардинияликлар сафида 22 ўйинда 3 та гол урган ҳужумчи ўшанда кутилган даражада ўзини кўрсата олмаган эди. Клаудио Раньери қўл остидаги ўша даврлар кўпчилик учун “бой берилган имконият”дек туюлган.
Бироқ 2025 йилнинг ёзида “Рома”дан ижара асосида “Башакшеҳир”га ўтиш барча “тугунларни” ечиб юборди. Турк клуби Элдорнинг ижараси учун маълум миқдорда ҳақ тўлаган (3 млн евро) ва шартномада 2,8 миллион евро миқдоридаги сотиб олиш ҳуқуқи сақланиб қолган. Элдорнинг ҳозирги формасидан келиб чиқилса, ушбу бандни фаоллаштириш турк клуби учун энди шунчаки расмиятчиликка айланиб улгурган.
Италия нашрлари Шомуродовнинг муваффақиятини унга берилган чексиз ишонч ва тактик эркинлик билан боғламоқда. “Башакшеҳир” лойиҳасининг марказий фигурасига айланган Элдор “Тригория”да (“Рома” базаси) фақат вақти-вақти билан кўрсатган қобилиятларини Истанбулда тўлиқ намоён этмоқда.
“Бугун Шомуродов нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиё футболининг Европадаги энг ёрқин вакилларидан бири сифатида ўзининг “олтин даврини” бошдан кечирмоқда”, дея қўшимча қилинади манбада.













