УЕФА Чемпионлар лигасининг 2025/2026 йилги мавсуми плей-офф босқичи доирасида Франциянинг «Монако» ва «ПСЖ» жамоалари ўртасидаги илк учрашув якунланди. Монакодаги «Луи II» стадионида бўлиб ўтган баҳсни испаниялик бош ҳакам Хесус Хиль Мансано бошқариб борди. Париж клуби футболчилари 3:2 ҳисобида иродали ғалабага эришишди.
Ўйиннинг илк дақиқасидаёқ «Монако» ҳужумчиси Фоларин Балогун россиялик ярим ҳимоячи Александр Головиннинг узатмасидан сўнг россиялик дарвозабон Матвей Сафонов дарвозасини ишғол қилди. 18-дақиқада Балогун дарвозабон билан бирга-бир вазиятдан унумли фойдаланиб, дублни расмийлаштирди. 22-дақиқада «ПСЖ» ярим ҳимоячиси Витинья пенальтидан гол ура олмади — дарвозабон Филипп Кён зарбани қайтарди. 29-дақиқада парижликлар ҳужумчиси Дезире Дуэ ҳисобдаги фарқни қисқартирди. У икки дақиқа олдин жароҳат олган Усмон Дембеленинг ўрнига майдонга тушган эди.
41-дақиқада парижликлар ҳимоячиси Ашраф Ҳакимий мувозанатни тиклади. 48-дақиқада «Монако» ярим ҳимоячиси Александр Головин тўғридан-тўғри қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Аввалига ҳакам россиялик футболчига сариқ карточка кўрсатганди, бироқ VAR маслаҳатидан сўнг ўз қарорини ўзгартирди. 67-дақиқада Дуэ дублни расмийлаштириб, жамоасини олдинга олиб чиқди.
Жамоалар ўртасидаги жавоб учрашуви 25 февраль, чоршанба куни Париждаги «Парк де Пренс» стадионида бўлиб ўтади. Чемпионлар лигасининг умумий босқичи якунларига кўра, «Монако» 10 очко билан 21-ўринни, «ПСЖ» эса 14 очко билан 11-ўринни эгаллаган эди.
Европа Чемпионлар лигаси, Ўтиш ўйини
«Монако» (Монако) — «ПСЖ» (Франция) — 2:3
Голлар: Балогун, 1 (1:0). Балогун, 18 (2:0). Дуэ, 29 (2:1). Ҳакимий, 41 (2:2). Дуэ, 67 (2:3).
Амалга оширилмаган пенальти: Витинья, 22.
«Монако»: Кен, Тезе, Фас, Кайю Энрике, Вандерсон (Бамба, 70), Закария, Камара, Головин, Адингра (Кулибали, 70), Аклиуш (Диатта, 58), Балогун (Биерет, 83).
«ПСЖ»: Сафонов, Маркиньос, Пачо, Нуну Мендеш, Ҳакимий, Витинья, Жоау Невеш, Заир-Эмери, Барколя (Рамуш, 81), Кварацхелия (Ли Кан Ин, 69), Дембеле (Дуэ, 27).
Огоҳлантиришлар: Фас, 21. Закария, 29.
Четлатиш: Головин, 48.













